Линклар

Пахтакор боланинг ўлими учун ким жавобгар?

  • Сарвар Усмон

Озодликка йўлланган мактубга кўра¸ 13 яшар Беҳзод пахтадан қайтаëтганида нобуд бўлган.

Озодликка йўлланган мактубга кўра¸ 13 яшар Беҳзод пахтадан қайтаëтганида нобуд бўлган.

“Бу сафар пахта қурбонлари рўйхатига Бухоро вилоят, Шофиркон туманидаги 38- ўрта мактаб 6-синф ўқувчиси Беҳзод киритиладиган бўлди. Уни 21 октябр куни пахта теримидан қайтаётганида "Москвич" машинаси уриб кетди. Беҳзод ҳалок бўлди”.

22 октябр куни Озодлик электрон почта манзилига ўз исмини ëзмаган ўзбекистонликдан ана шундай мактуб келди.

Аноним хабарчимиз тилга олган Беҳзод ўқиган 38- мактабга 23 октябр куни қўнғироқ қилдик.

Телефонни кўтарган бир аёл (муаллима бўлса керак, ўзини таништирмади) фожеа юз берганини билвосита тасдиқлади.

“Москвич”нинг ҳайдовчиси ушландими, деган саволимизга “Буни ички ишлар билса керакда”, деб жавоб берди.

- Беҳзод 6-синфдайдийкан, 6-синфлар ҳам пахта тераяптими, деган саволни беришимиз биланоқ телефон гўшагини жойига қўйиб қўйди.

Шундан сўнг Шофиркон туман Халқ таълими бўлими мудири Карима опа Қудратова билан боғландик.

У киши ҳам Беҳзодни машина уриб кетганини тасдиқлаб, “автобусдан тушиб, йўл четида кетаётганида уриб кетган”, деди.

Қудратова хоним воқеа тафсилотларини айтгиси келмади. Унинг айтишича, юз берган фожеанинг пахта теримига алоқаси йўқ.

- Пахтага қайси синфлар чиқаяпти, деган саволимизга Халқ таълими бўлими мудири “фақат 11 синфлар чиқарилган”, деб жавоб берди.

Жойлардан олинаётган хабарларга қиёслагудай бўлсак, Шофиркон туман Халқ таълими бўлими мудираси шу кундаги вазият тўғрисидаги маълумотни, юмшоқроқ айтганда, тўла бермаётгандай кўринди.

Шунинг учун пахта даласига энг яқин турганлардан бири – фермер Бобомурод Раззоқов билан боғландик.

Суҳбатдошимиз бошқа туман – Жондордан.

Шундай бўлса ҳам эшитинг. Суҳбатнинг Шофирконга алоқаси йўқ эмас.

Пахта теримига нечанчи синф ўқувчилари жалб қилинган, деган саволдан бошланди мулоқотимиз.

Бобомурод Раззоқов: 4-синфдан жалб қилинган. Далада пахта тераяпти. Лекин 1-синф болаларига ҳар куни камида бир килодан пахта олиб бориб мактабга топшириш шарти қўйилган. Мактабдан барвақтроқ чиқиб¸ мактаб болалари шу пахтани териб келаяпти.

Озодлик: 4-синфдан бошлаб пахтага чиқди деганингизни қанақа тушуниш керак? Мактабда дарсини ўқиб кейин чиқадими?

Бобомурод Раззоқов: Кун бўйи пахтада. Ҳозир соат 14.00 бўлибди. Ҳозирги пайтда болалар далада пахта тераяпти.

Озодлик: Бу ҳолат сиз яшаëтган қишлоқдами ëки умуман Жондор тумани бўйичами?

- Бу ҳолат телеграммадан келиб чиққан ҳолда алоҳида олинган ҳудуд эмас¸ вилоятнинг барча нуқталарида амалга ошаëтган бўлиши аниқ¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Хўш, қанақа телеграмма ҳақида кетаяпти гап?

Бобомурод Раззоқов ўша ҳужжат матнини ўқиб берди.

Бобомурод Раззоқов: Жорий йилнинг 15 октябр ҳолатига пахта хом ашëси сотиш бўйича шартномавий мажбуриятларни бажармаган фермер хўжаликларининг рўйхатини аниқлашлари зарур. Пахта хом ашëсини сотиш бўйича шартномавий режаларни бажармаган ҳар бир фермер хўжалиги билан алоҳида учрашувлар ўтказиб¸ об-ҳавонинг очиқ келган ҳар бир соатидан фойдаланиб¸ авваламбор етиштирилган пахта ҳосилини охиригача йиғиб-териб олишни ташкил этиш керак. Туман ҳокимлари¸ прокурорлари ва Ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ўз ҳудудларида пахтани охиригача териб олишни¸ шунингдек¸ шартномавий мажбуриятларини бажарган фермер хўжаликлари далаларида қолган пахталарни ҳам териб олишини шахсан назоратга олиш шарт. Шартномавий мажбуриятларни бажармаслиги аниқ бўлган фермер хўжаликлари бўйича келтирилган зарарни ундириш кунлик графикаларини ишлаб чиқиш керак. Қонунда белгиланган тартибда ер ижара шартномалари бекор қилиниши лозим¸ деган маънода 3-сонли ҳукумат телеграммаси жўнатилган.

Озодлик: Телеграмма кимларга жўнатилган?

Бобомурод Раззоқов: Бу телеграмма вилоят ички ишларига¸ прокуратурасига¸ ҳокимликларга жўнатилган ва улар шу телеграмма билан фермер хўжаликларини таништириб¸ ҳар биридан “Планни бажараман” деган маънода тушунтириш хати олаяпти.

Озодлик: Телеграмманинг бир нусхасини қўлингларга беришди.

- Ҳа¸ бугун телеграмманинг бир нусхасини олдик. 15 октябр числоси билан олдик. Номери КР 03/1-732. Шахсан Бош вазир имзо қўйган эканлар. Тагида Ўзбекистон Бош вазири Мирзиëев деб ëзилган. Ҳозир бу телеграмма қўлимда. Биз ҳам ана шу телеграмма юзасидан тушунтириш хати бериб келдик¸ дейди Бобомурод Раззоқов.

Худди мана шу ҳужжатга биноан нафақат бизнинг туманда, дейди Бобомурод Раззоқов, балки бутун вилоят бўйлаб пахта теримига мактаб ўқувчилари ҳам ёппасига жалб этилаётган бўлиши мумкин, чунки

Бобомурод Раззоқов: Вазирлар маҳкамасининг ушбу телеграммаси бутун ташкилотларни¸ ҳокимларни оëққа турғазиб қўйган. Жон аччиғида хоҳлаган ишларини қилишаяпти.

Озодлик: Мен узоқдаман. Сиз Бухоро вилояти¸ Жондор туманида яшайсиз. Вилоятнинг бошқа бир тумани Шофиркон туманининг Халқ таълими бўлими мудираси “Бизда фақат 11-синф ўқувчилари пахтага олиб чиқилаяпти” деди. Сиз шу информацияга ишонасизми?

- Мактабда қандай қилиб 11-синф бўлиши мумкин агар мактаб 9-синфдан тугайдиган бўлсаю болалар академик лицейларга¸ коллежларга ўтадиган бўлса. 11-синф қолмаган бирор жойда. 9-синфдан тугатилиб ҳаммаси коллежларга ҳайдалаяптику. Қандай қилиб Халқ таълими бўлими мудири 11-синф деб айтади? Коллеж боласи дейиши мумкиндир. Лекин ҳеч қаерда 11-синф йўқ¸ дейди жондорлик фермер Бобомурод Раззоқов.

Шофиркон туман Халқ таълими бўлими мудири Карима опа Қудратова "11-синф ўқувчиларигина пахта чиқарилмоқда", деган экан, унинг 11-синф тўғрисидаги гапи, балки, тўғридир. Балки бу туманнинг баъзи мактабларида 10-, 11-синфлар сақлаб қолингандир.

Бироқ, гапига 11-дан пастдагилар чиқмаяпти, деган маъно бериши вазиятнинг асл ифодасига ўхшамай турибди.
21 октябр куни пахтадан қайтаётганида машина уриб кетган 6-синф ўқувчиси Беҳзоднинг ота-онаси билан ҳозирча боғлана олмадик.

Унинг ўлими тўғрисида Озодликка хабар ëзган ўзбекистонлик ўз мактубини мана бундай тугатибди:

"Жавобгар ким???"

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG