Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:06

Муҳожир боласи – Ким эдию¸ ким бўлади?


Ҳозирча бадавлат Ғарбдан қўним топган ўзбек муҳожир ота-оналари болалари олдидаги ҳаëт йўлининг ўзлариникидан кўра мунавварроқ бўлишига умид қилмоқдалар.
Ҳозирча бадавлат Ғарбдан қўним топган ўзбек муҳожир ота-оналари болалари олдидаги ҳаëт йўлининг ўзлариникидан кўра мунавварроқ бўлишига умид қилмоқдалар.

БМТ нинг болалар масалалари билан шуғулланувчи ЮНИСЕФ ташкилоти ўз фаолиятида илк бор дунëнинг аксар аҳолиси кўчиб кетишни орзу қиладиган саккиз бой давлатдаги муҳожир боласи ҳаëтини тадқиқ қилди.

Америка Қўшма Штатлари¸ Австралия¸ Буюк Британия¸ Германия¸ Италия¸ Ҳолландия¸ Франция ва Швейцариядаги ҳаëт қолган дунë¸ хусусан кўплаб ўзбекистонликлар учун қўл етмас орзу бўлиб бормоқда.

Бугун асосан ишсизлик¸ йўқчилик ва ҳақсизликдан бугуни ва эртаси боши берк кўчага кириб қолган минг-минглаб ўзбеклар учун номлари тилга олинган бу бой ва эркин давлатларга кўчиб кетиш¸ ўз муаммоларини бир сонияда аритадиган мўъжизадек туюлмоқда.

Аммо бу саккиз ўлкадаги муҳожир болалари ҳаëти ҳақда ЮНИСЕФ эълон қилган илк ҳисобот хулосаси “Ҳар ерники қилмагин орзу¸ Ҳар ерда бор тошу тарозу”¸ деган ўзбек мақолига уйқашдир.


- Маданий¸ диний¸ тил ва миллий келиб чиқиши жиҳатдан бир-биридан мутлақ фарқли бўлишига қарамай бу саккиз давлатдаги муҳожир оилалари болалари дуч келаëтган муаммолар оила тузилиши ва ота-онасининг иш имкони жиҳатдан уларга яқин бўлган маҳаллий тенгдошлариники билан айнидир. Аммо кўп ҳолларда айнан муҳожир болалари ўқиш ва иқтисодий имконлар борасида кўпроқ қийинчиликка дуч келади ва уларнинг кўпроғи камбағалликда яшайди¸ дейди илк бора ўтказилган махсус ҳисобот хулосасини эълон қилган профессор Доналд Ҳернандес.

Ҳисобот муаллифлари АҚШ¸ Австралия¸ Буюк Британия¸ Германия¸ Италия¸ Ҳолландия¸ Франция ва Швейцариядаги муҳожир болалари ҳаëтини бежизга махсус тадқиқ қилишгани йўқ.

Бир томондан бу давлатларда муҳожир оилалари¸ демакки болалари сони кун сайин кўпайиб бораëтган бўлса¸ иккинчи томондан¸ уларнинг ўзлари қўним топган янги ватанларида қандай ижтимоий-иқтисодий шароитда яшаëтганига оид савол ҳозирга қадар кун тартибига қўйилмаган.

Ҳисоботга кўра¸ камбағал давлатлардан номи тилга олинган жаҳоннинг энг бой давлатига кўчиб келган муҳожирларнинг кўпи ўз янги ватанларида иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан дарҳол камбағаллар тоифасига қўшилади.

Айни пайтда¸ муаллифлар¸ янги ватанда болалари учун қандай имконлар эшиги очилиш-очилмаслиги¸ улар ота-оналарининг нақадар ўқимишли ва маълумотли эканига ҳам боғлиқлигини қайд этадилар.

Норасмий манбаларга кўра¸ бугун 8 миллионга яқин ўзбек¸ асосан яхши ҳаëт орзусида дунëнинг юзлаб давлатида яшамоқда. Айнан ЮНИСЕФ тадқиқ объектига айланган саккиз бадавлат давлат¸ имконини топса¸ ўзбеклар ҳам кўчиб кетишни орзу қиладиган юртлар ва бу мамлакатлатлардаги ўзбек муҳожирлари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

ЮНИСЕФ тадқиқоти хулосаларини ўрганиш асносида бой давлатларда яшаëтган ўзбек оилалари¸ аниқроғи улар болалари ҳаëти билан яқинроқ танишишга уриндик.

Дастлаб¸ йиллардан бери Швейцарияда яшаб келаëтган Қурбоной опанинг уйига сим қоқдик. Мақсадимиз¸ бу аëлнинг бири 16¸ иккинчиси 13 дан ошган икки ўғлидан бирини суҳбатга тортиш эди. Аммо отаси ҳам онаси ҳам ўзбек бўлган бу ўспирин йигитлар¸ ўзбекча мулоқот қилишдан ийманишди.

Бундай ийманиш сабаби¸ қолаверса бу болалар ҳаëти манзарасига оид бошқа саволларимизни уларнинг онасидан сўрадик.

Озодлик: Болаларингиз уйда қайси тилда гапиради?

Қурбоной: Ўзбекча.

Озодлик: Ҳозир каттангиз мен билан гаплашишни хоҳламадику.

- Каттаси олти ярим ëшида келди. Кичкинаси икки ярим ëшидан ўтиб келди. 11 йил бўлди. Устимдан кулмангу¸ каттамнинг ўзбекчасига мен зўрға тушунаман. Катта ўғлим ўзбекчани ëмон гапиради.

Озодлик: Мактабда қайси тилда ўқишади?

- Французча.

Озодлик: Ўртоқларичи?

- Ҳаммаси француз. Бу ерда ўзбек оиласи йўқ ҳисоби.

Озодлик: Уйда ака-ука қайси тилда гаплашади?

- Ўзбекча. Агар мен уларнинг француз тилида гапиришини эшитсам¸ тўхтатаман.

Озодлик: Болаларингиз уйда ўзбекча гаплашади. Кўчада асл швейцарияликлар¸ французлар билан муносабати яхшими?

- Жуда мукаммал. Энг яхши дўстларининг ҳаммаси яхши маҳаллийлар. Бу ерда¸ биласиз¸ ўқувчиларнинг кундалик дафтарларига дўстлари билан муносабатларига ҳам баҳо қўйилади. Уларнинг баҳолари ҳамиша юксак.

Озодлик: Яқин ўртоқлари ким? Ўзларига ўхшаган муҳожир болаларми?

- Катта ўғлимнминикининг кўпчилиги маҳаллий. Кичкина ўғлимникининг кўпчилиги араб аслли¸ мусулмон аслли.

Озодлик: Нимага шундай?

- Чунки Озодбек¸ нима десам экан¸ туғма мусулмон деган ибора бўладику¸ ўшанақалардан.

Озодлик: Болаларингизнинг “Менинг кўринишим бошқа бўлгани учун” ëки “Муҳожирнинг боласи бўлганим учун мени камситишди” деб келганини эслайсизми?

- Йўқ. мен бунақа нарсани ҳеч эшитмадим. Дўстлари¸ бошқалар ҳеч бунақа гап қилишгани йўқ.

Озодлик: Болаларингизнинг келажаги нима бўлади? Улар ўзбек тилини шунақа қийналиб гапираëтган бўлса¸ кейинги авлодларида ўзбек тили¸ ўзбеклик қолармикин?

- Бу масала менинг энг оғриқли нуқтам. Нима қиламан¸ деб кўп ўйлайман. “Ўзбекка уйланишинг керак¸ ўзингнинг кимлигингни¸ тарихингни унутмаслигинг керак” деб ҳамиша катта ўғлимга айтаман. Кичкинага айтишимнинг ҳожати йўқ. Чунки у бутун СССРнинг тарихини¸ Туркия тарихини¸ Швейцариянинг тарихини – ҳаммасининг китобини ўқиб ўрганиб чиқди. Туркияда Мустафо Камол Отатуркни¸ Усмонли империяси тарихини ҳам мендан яхши билади.
Ўйлайманки¸ ўзининг тарихини ўқиб ўрганган одам¸ ўтмишини унутмаган одамнинг келажаги бор. Мен кичкина ўғлимга жуда ишонаман. Каттасинигн ҳам юрагида борку¸ энди келажак кўрсатади.

Бу 11 йилдан бери дунëнинг энг бой давлатларидан бири Швейцарияда яшаб келаëтган асли хоразмлик оила бекасининг муҳожир болалари ҳаëти ҳақдаги ўйлари эди.

Муҳожир она билан суҳбатдан¸ муҳожир боласи янги ватанда дуч келадиган асосий муаммолардан бирининг¸ ҳисоботда айтилгани каби¸ ўз тили¸ миллий ва диний ўзлигини сақлаб қолган ҳолда янги жамиятнинг тўлақонли вакилига айланиш¸ бу ерда мавжуд имконлардан маҳаллий болалар бир тенг туриб фойдалана олиш экани англашилади.

Гарчи ЮНИСЕФ тадқиқоти доирасига махсус киритилмаган бўлса-да¸ бугунда Канада ҳам борган сари муҳожирлар юртига айланиб бормоқда. Канададаги ўзбек муҳожири боласи дуч келаëтган ҳаëт¸ номи тилга олинган саккиз давлат¸ хусусан Швайцариядагидан фарқ қилмайди.

Асли фарғоналик Мафтунахон ўз турмуш ўртоғи билан бундан уч йил муқаддам Канадада ўринлашган. Ҳар иккаласи ҳам олий маълумотли бўлган бу ëш оиланинг 8¸ 6 ва бир яшар қизлари бор.

Отаси маҳаллий ширкатлардан бирининг бошқарув гуруҳида ишлаëтган бу қизларнинг ўзбеклигини сақлаб қолиш билан¸ асосан уларнинг онаси шуғулланмоқда. Қизалоқларнинг каттаси Моҳинур билан суҳбат асносида муҳожир ўзбек боласи ҳаëтига сал бўлсада¸ назар ташлашга уринамиз.

Озодлик: Ассалому алайкум. Моҳинур¸ яхшимисиз? Ўзбекча гапиришлар эсдан чиқмадими?

Моҳинур: Йўқ.

Озодлик: Ўзбекча ким билан гаплашасиз?

- Дадам билан¸ ойим билан¸ укаларим билан¸ ўртоқларим билан.

Озодлик: Ўзбек ўртоқларингиз ҳам борми?

- Йўқ¸ энди сал борда.

Озодлик: Уйда фақат ўзбекча гапирасизларми ëки инглизчани ҳам аралаштирасизларми?

- Ҳа¸ аралаштирамиз.

Озодлик: Мактабда нечанчи синфга борасиз?

- Учинчи синф.

Озодлик: Мактабда қайси тилда ўқийсиз?

- Инглизча тилда.

Озодлик: Ўртоқларингиз кимлар?

- Оминахон¸ Маъсумаой¸ бўлди.

Озодлик: Мактабда ҳам ўзбеклар билан ўртоқмисиз?

- Йўқ¸ ўзбеклар йўқ.

Озодлик: Канадалик ўртоқларингиз борми?

- Ҳа¸ бор.

Озодлик: Улар билан инглизча гапирасиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ўзбекчани фақат уйдами?

- Ҳа¸ ўзбекчада уйда. Кейин пикникларда ҳам. Агар ўзбекларни чақирсак.

Озодлик: Укаларингиз билан қайси тилда гапирасиз?

- Ўзбек тили.

Озодлик: Сизга қайси тилда гапириш осонроқ¸ қулайроқ?

- Инглизча.

Озодлик: Китоблар ўқийсизми?

- Ҳа¸ китоблар ўқийман.

Озодлик: Қайси тилларда ўқийсиз?

- Инглизча¸ ўзбек тили.

Озодлик: Ўзбекистонда қолган қариндошларингиз билан гаплашиб турасизми?

- Ҳа.

Озодлик: Қайси ўртоқларингиз билан сизга яхшироқ. Ўзбекистонлик Оминахонлар биланми ëки канадалик ўртоқларингиз биланми? Ким билан яқинроқсиз?

- Ўзбек тиллилар билан.

Озодлик: Нега?

- Чунки осон. Кейин ўртоқмиз.

Озодлик: Инглизча гапирадиган сариқсоч ўртоқларингиз ҳам борми?

- Ҳа¸ бор.

Озодлик: Улар билан ҳам яхшимисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Улар сизни “Бу ўзбек экан” деб хафа қилмайдими?

- Йўқ¸ улар хафа қилмайди мени.

Озодлик: Шу пайтгача ҳеч ким сизни “Сен ўзбeк экансан. Бошқа ердан келган экансан” деб хафа қилмадими?

- Йўқ. бу ердачи ҳаммани ҳурмат қилади. Ҳамма polite.

Озодлик: Ҳамма бир-бирига хушмуомала. Ўзбекча сўзлар эсдан чиқаяпти-а? Моҳинур¸ эртага катта бўлсангиз¸ Ўзбекистонга борасизми?

- Энди билмайман.

Озодлик: Ўзбекистонга охирги марта қачон бордингиз?

- Яқинда¸ ëзда бордик.

Озодлик: Ëқдими сизга?

- Ҳа¸ ëқди.

Озодлик: Ўша ерда қолишни хоҳладингизми ëки Канадага қайтишни?

- Яна Канадани ëқтирдимда. Шунинг учун келдим.

Озодлик: Канаданинг Ўзбекистондан нимаси яхши?

- Ўзбекистон ҳам¸ Канада ҳам яхши.

Озодлик: Мана ҳозир сиз Канада Ўзбекистондан яхши бўлгани учун келдим¸ деяпсиз. Нимаси яхши? Уялмасдан айтаверинг.

- Ўртоқларим бу ерда. Шунинг учун соғиндим.

Озодлик: Эртага катта бўлганингизда ҳам Канадада қолишни хоҳлайсизми ëки Ўзбекистонга қайтишними?

- Оллоҳ билади.

Озодлик: Ўзингиздан сўрасачи? Оллоҳ “Қани Моҳинур¸ ўзинг ҳал қил” деса¸ нима қиласиз?

- Билмасам энди.

Уч йилдан бери олис Канадада яшаб¸ инглиз тилида мактаб қатнаëтган бўлса-да¸ Моҳинурнинг ўзбекчаси ҳозирча кўп муҳожир ўзбек болалари учун ибрат бўлгулик даражада мукаммал. ЮНИСЕФ ҳисботида айтилишича¸ муҳожир болаларнинг оилада ўзлари кўчиб келган юрт тили¸ маданияти ва урф-одатлари доирасидан чиқмаслиги¸ кўпинча уларнинг янги жамиятга қўшилишлари¸ хусусан мавжуд таълим имконларидан маҳаллий болалар билан тенг даражада баҳраманд бўлишига халал беради.

Аммо Моҳинурнинг онаси Мафтунахон¸ бу фикрга қўшилмайди. Биз қизларимизнинг ўзбеклигини унутмасликлари учун тинимсиз ҳаракат қилаяпмиз¸ айни пайтда улар Канададаги имконлардан ҳам тўлиқ фойдаланишмоқда¸ дейди суҳбат давомида муҳожир қизалоқлар онаси.

Мафтуна: Ўзбекона урф-одатларни кўпроқ ўргатиш керакда. Бир бирига оқибатни¸ меҳмондўстликни ўргансин¸ деб ўзбекларни биз кўпроқ чақириб турамиз. Бу ерда оқибат йўқда. Ҳамма ўзини ўйлайди. Бувижонлари¸ опоқилари ҳақида гапириб¸ чиройли яхшиликларни ўргатамизда ишқилиб.

Озодлик: Мактабда буларнинг даражаси қанақа? Асл канадаликлардан юқорими¸ пастроқми ëки тенгми?

- Тўғриси мақтанишмаску¸ жуда ҳам юқори. Катта қизим ҳозир учинчи синф бўлиши керак¸ тўртинчи синфлар билан ўқияпти. Ўртанча қизим бу йил биринчи синфга бориши керак. Ҳозир иккинчи синф билан бирга ўқияпти. Даражаси яхши. Мактабдан бериладиган ҳисоботларда ҳаммаси А+ (5 баҳо дегани) бўлиб келадику¸ Худога шукур¸ дейди Моҳинурнинг онаси Мафтунахон.


Яна ЮНИСЕФ ҳисоботига қайтсак. Болаликда ўз янги ватанида мавжуд маориф ва таълим имконларидан бебаҳра қолган муҳожир болалари улғайгач¸ бу мамлакат жамиятига қўшила олмайдилар¸ оқибатда ҳам муҳожир оилалар¸ ҳам уларни қабул қилган жамиятлар учун катта муаммо манбаига айланадилар¸ дейилади ҳисобот хулосасида.

Аммо ўзбек муҳожирларининг биз суҳбатлашган икки оиласи учун бундай келажак хавотири йўқдек.

Аксинча¸ улар болалари яхши бузоқ икки онани эмади¸ деган каби ўзида ҳам ўзбек жамиятидан ўрганганлари¸ ҳам янги ватан имконларини омухта қилган орзулар билан яшамоқда.

Озодлик: Моҳинур¸ катта бўлсангиз¸ ким бўласиз?

- Катта бўлсам¸ австронавт бўламан.

Озодлик: Нима дегани у?

Учиб қуëшларга¸ ойларга чиқаман...дейди 8 яшар Моҳинур.

Швейцариядаги икки ўспирин ўзбекнинг онаси Қурбоной опа ҳам¸ уларнинг келажак ҳақдаги орзулари сероблигини айтади.

- Катта ўғлимнинг битта орзуси бор. У журналист бўлмоқчи. Ўзбекистонга кетиб¸ ҳам фотомухбир¸ ҳам журналист бўлмоқчи. Ўзбекистонга бориб¸ ҳамма соҳалари бўйича ҳаëтни ўрганмоқчи¸ дейди 16 ëшга кирган тўнғичи орзулари ҳақда гапира туриб Қурбоной опа.
XS
SM
MD
LG