Линклар

logo-print

Алишернинг қизи ҳадемай уйғонади...

  • Сарвар Усмон

Алишер Соипов ўлимидан унинг яқинлари дилида ўринлашган кадар кучайгандан кучаймоқда.

Алишер Соипов ўлимидан унинг яқинлари дилида ўринлашган кадар кучайгандан кучаймоқда.

Қирғизистонлик журналист, ўзбек тилида Ўшда чиқадиган "Сиёсат" газетасининг ношири ва бош муҳаррири, "Америка овози" радиоси мухбири Алишер Соиповнинг номаълум шахслар томонидан Ўшда отиб кетилганига роппа-роса 2 йил тўлди.

Журналистикага қадам қўйиб, унда 2-3 йилдаёқ ўзининг бетакрор ўрнини топиб олган Алишер жуда ёш – 26 ёшида кетди.

Алишерга қарата узилган ўқ овози нафақат Қирғизистонда, балки унинг ташқарисида ҳам кучли акс садо берди.

Унинг ўлими юзасидан очилган жиноят ишини Қирғизистон президенти шахсан ўзи назоратга олажаги тўғрисида ўз вақтида баёнот берган эди.

Ўтган икки йил давомида Алишернинг иши юзасидан Қирғизистондаги катта-кичик амалдорлар кўплаб баёнотлар берди.

Қотил топилгандай ҳам бўлди. Ҳатто суд бўлди. Лекин иш қайта терговга юборилди.

Журналистнинг ўлимига икки йил тўладиган кун арафасида унинг оиласи билан боғландик.

Аввало, Алишернинг қизи Зулайҳонинг аяси Назокатдан ҳол сўрадик.

Алишерсиз мунғайиб қолган Назокат ва Зулайҳо.
Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

Назокат: Ассалому алайкум.

Озодлик:Назокат¸ яхшимисиз? Ишларингиз яхшими?

Назокат: Яхши раҳмат.

Озодлик: Қизингиз катта бўлиб қолдими?

Назокат: Ҳа¸ катта бўлиб қолди.

Озодлик: Гапираяптими?

- Ҳа¸ гапиради¸ дейди Назокат.

Яқиндагина тили чиққан Зулайҳо отасидан 2 ойлик чақалоқ қолган эди.

Мана энди, бугунга келиб, 2 ёшдан ўтди, аниқроғи, 26 ойлик катта қиз бўпқолди.

Зулайҳо қизнинг тили чиқиб қолди, дедик.

Мухбиримиз аяси билан гаплашаётган пайтда у ўзининг асосий юмуши – уйқу билан банд экан, телефон олдига келолмади.

Назокат: Ҳозир ухлаëтган эди.

Озодлик: Ухлаяптими? Гаплашайлик деган эдик.

- Ухлаб қолувди¸ деди Назокатхон.

Зулайҳонинг аяси Назокатни раҳматли Алишер Жалолободда учратиб қолган ва куёв бўлсам, Жалолободга бўламан, бўлмаса йўқ, деб туриб олган эди.

Назокатни Ўшга олиб келдию кўп ўтмай ўзи кетиб қолди. Ўқ олиб кетди уни. Лекин Назокат Ўшда қолаверди. Қайнотаси-отаси Аваз ака Соиповнинг уйида қолаверди.

- Менинг бешта ўғлим бор эди. Ҳозир ҳам бешта ўғлим бор деб ҳисоблайман. Алишер ҳам мен учун ҳаëт. Алишер мени иккита қизли қилиб кетди. Бу дегани келиним ва неварам Зулайҳо¸ дейди Аваз ака Соипов.

Назокат ва Зулайҳо билан беш болам етти бўлди¸ дейди Авазбек ака.
Зулайҳо бобоси Аваз аканинг хонадонида аяси Назокатни ҳам бир умрга олиб қолди.

Назокат билан Зулайҳо қўшилиб 5 фарзандим 7 бўлди, деди Аваз ака. Ўнта бўлса, ўрни бошқа, дейди ўзбек.

Нафақат оиласида, балки жамиятда ҳам ўз ўрнини топиб олган ўғли Алишер ҳақида, унинг қотили, деб қўлга олинган шахс устидан ўтказилган суд тўғрисида Авазбек ака билан икки ой муқаддам, 27 август куни гаплашган эдик.

Ўша куни Аваз ака Алишернинг қотили сифатида қора курсига ўтқазилган шахс - Расулов Абдуфарит устидан судлов 29 июл куни якунига етгани ва жиноят иши қайта тергов қилиш учун қайтарилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Демак, иш қайта терговга жўнатилганига 5 кундан кейин 3 ой тўлади.

Авазбек акадан сўрадик.

Алишерга ўқ узган қотили топилган тақдирда ҳам¸ буюртмачиларнинг яқин келажакда очиқланиши борасида кучли шубҳалар бор.
Озодлик: Алишернинг ишида шу кунларда нима ўзгариш бор?

Аваз ака: Алишернинг иши бўйича ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Озодлик: Ҳозир энди бу иш қайтадан кўрилаяптими?

Аваз ака: Йўқ. мен терговчилар олдида сентябрнинг ўрталарида охирги марта бўлдим. Охирги марта улар “Ҳали қайтарилгани йўқ. Ноаниқ. Бизга ҳам ишни кўринглар деб келгани йўқ” деган гапни қилишди. Ҳеч ким масъулиятни бўйнига олгиси келмаяпти. Терговчиям¸ прокуратураси ҳам.

Озодлик: Алишернинг қотили деб гумон қилинган Абдуфарит Расулов ҳозир қаерда? У ҳали ҳам ҳибсдами ëки озодликка чиқариб юборилганми?

- Бу тўғрида менга маълумот беришгани йўқ. У шахс ўзи аслида учта айблов бўйича айбланаяпти. Биринчиси¸ қорадори сақлагани учун. Бу ўзи участковой бўлиб ишлаган экан. Кейин ишдан бўшаган. Шунда ҳам гувоҳномасини ишлатиб юрган¸ деган айблов қўйилган. Учинчиси¸ Алишер отилган тўппонча¸ йўқ нарса ўзи бу нарса¸ шуни олиб юрган ва Алишерни ўлдирган деган учта статя билан иши судга оширилган. Мен судда “Гиëҳвандлик моддалари билан шуғулланган бўлса¸ бу сизларнинг ишинглар. Бу инсоннинг Алишернинг ўлимига ҳеч бир алоқаси йўқ” деб айтганман¸ дейди Аваз ака Соипов.

Алишернинг қотили сифатида судланган Расулов Абдуфаритнинг иши, эшитганингиздай, Авазбек аканинг сўровига биноан қайта терговга юборилган эди.

Аваз ака, мана икки йилдирки, Алишернинг ўлдирилиши – сиёсий қотилликдир, деб келади.

Алишер ҳамкасбларининг адолат талабида ўтказган тадбирлари ҳам эътиборсиз қолмоқда.
Озодлик: Аваз ака¸ сиз ўғлингизнинг иши билан боғлиқ жуда кучли¸ ўзингизнинг хавфсизлигингизга сабаб бўлиши мумкин бўлган баëнотлар қилгансиз. Масалан¸ қўшни республикаларнинг хавфсизлик хизматларининг иши бўлиши мумкин¸ деган гапни айтгансиз. Ҳатто бу гапни ишонч билан ҳам айтгансизда. Ўзингизнинг хавфсизлигингизга таҳдид сезмаяпсизми?

Аваз ака: Энди мен қанча гапларни гапирган бўлсам¸ мен буларни аниқ далиллар асосида гапираяпман. Мен айтган гапларга¸ ëлғиз ўтирганда мисол учун терговчи биланми¸ бошқа бир амалдор шахс биланми¸ ҳаммаси маъқулдек. Бирортаси “Йўқ¸ сиз нотўғри гапираяпсиз” дегани йўқ. Мана икки йил ўтди. Хавф бор¸ тўғри. Менга мисол учун бир неча марта “Ўзингизни ўйласангиз бўларди¸ бола-чақангизни ўйласангиз бўларди¸ оилангизни ўйласангиз бўларди” деган гапларни қилишди.

Озодлик: Ким қилди бу гапларни?

Аваз ака: Бу гапларни ким қиларди¸ Ички ишлар вазирлиги ходимлари¸ терговчилар.

Озодлик: Сизга бу гапларни ғамхўрлик маъносида айтишдими ëки ўша гапларни айтишар экан таҳдид сездингизми?

- Бир томони инсонийлик томонидан айтишгандир¸ лекин иккинчи томони¸ мен “Сен айтаëтган гапларинг¸ сен келтирган далиллар ҳаммаси тўғри. Фақат биз ҳозир бу нарсаларга эътибор бера олмаймиз” дегандай тушундим¸ дейди Алишер Соиповнинг отаси Авазбек ака.

Яқинда ўшлик журналистлардан бири билан ўзаро суҳбат чоғида гап яна Алишерга кўчиб қолди.

Унинг айтишича, ўлимидан бир неча кун аввал, Ўзбекистондаги телеканалларда уни қоралашга бағишланган кўрсатувлар намойиш этилиб турган кунларда Алишер “агар мени ўлдириб кетишса, мен ҳақимда уч кун гапирасизларми, уч ярим кунми”, деб ҳазил қилган экан.

Aлишернинг номини абадийлаштириш ниятида АҚШ да унинг номи сўз эркинлиги учун курашиб қурбон бўлган жасур журналистлар рўйхатига муҳрланди.
Орадан бир неча кун ўтибоқ ўқ узилди.

Ўқ узилганидан бери уч ярим кун эмас, 730 кун ўтди.

730 кундан бери ҳамкасблари Алишер ҳақида ёзишдан чарчагани йўқ.

Унинг хотирасини абадийлаштиришга маҳаллий даражада ҳам, халқаро миқёсда ҳам жаҳд қилинди.

Ўшлик журналистларнинг Алишер Соипов номидаги мукофоти ҳар йили ёш қобил журналистларга топширилмоқда.

2008нинг 8 апрелида “Алишер Соипов” деган исм Вашингтондаги Журналистика музейининг мемориал тахтасига ўйиб ёзиб қўйилди.

Лавҳага сўнгги нуқтани қўйиш олдидан Ўшга яна телефон қилдик.

Алишернинг икки яшар Зулайҳоси яна ухлаб қопти.

Журналистнинг қизи ҳадемай уйғонади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG