Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:44

Қотил топилишига умид йўқолмоқда


Нафақат Алишернинг яқинларини¸ балки унинг минглаб ҳамкасбларини ҳам "Алишернинг асл қотиллари топиладими?" деган савол безовта қилмоқда.
Нафақат Алишернинг яқинларини¸ балки унинг минглаб ҳамкасбларини ҳам "Алишернинг асл қотиллари топиладими?" деган савол безовта қилмоқда.

Таниқли журналист Алишер Соипов ўлдирилганига икки йил тўлиши арафасида халқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматини журналист қотилини топиш бўйича тергов ишларига оид маълумотларни ошкор қилишга чақирди.

Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган таниқли ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг қотилини топиш бўйича ўтказилган текширув натижаларини жамоатчиликка ошкор қилишга чақирди.

- Қирғизистон ҳукумати Алишер Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан олиб борилган тергов натижаларини эълон қилиш орқали қонун устуворлигини таъминлашни хоҳлашини намойиш қилиши керак. Мамлакат обрўси, матбуот эркинлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш хавф остида қолмоқда, дейилади ташкилотнинг 22 октябр кунги баёнотида.

Айни пайтда, Алишер Соипов ўлдирилганининг икки йиллиги муносабати билан қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам Қирғизистон ҳукуматини ўзбек журналистининг қотилини топиш бўйича олиб борилаётган тергов-текширув ҳақидаги сўнгги маълумотларни ошкор қилишга чақирди.

- Алишер Соипов ўлдирилганининг икки йиллиги муносабати билан биз Қирғизистон ҳукуматидан бу ишни чалкаштиришни тўхтатишни ва тўпланган маълумотларни ошкор қилишни, шунингдек, гумондор шахс қўлга олиниб унга айблов қўйилгани ёки қўйилмаганини маълум қилишни сўрашимиз керак. Чунки ҳозиргача расмийлар бу иш бўйича бир-бирига зид баёнотлар бериб келди. Тергов кўп марта тўхтатиб қўйилди ва кейин қайтадан бошланди. Биз ҳозир кимдир ҳибсга олингани ёки олинмаганини билишимиз керак. Агар Алишер Соиповни ўлдиришни буюрганларни аниқлаш борасида олдинга силжиш бўлиб¸ уни ким ўлдиргани аниқланган бўлса, биз буни билишимиз керак, деди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Элза Видал.

Қирғизистон ҳукумати Соиповнинг қотилини топишни икки йил давомида бир неча марта ваъда қилди. Бу масалада расмийлар чалкаш ва бир-бирига зид баёнотлар ҳам бердилар. Хусусан, апрел ойида Қирғизистон Ички ишлар вазири Молдомуса Қўнғантиев Алишер отиб ўлдирилган қурол топилганини маълум қилди.

Алишер Соипов ишлаган www.ferghana.ru ахборот агентлиги хабарига асосланиб Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида билдиришича, Қирғизистон парламентида ҳисобот берган Қўнғантиев текширув натижалари Соипов ўлдирилган жойдан топилган ўқнинг феврол ойида Қирғизистон жанубида ушланган наркофурушнинг ёнидан топилган қуролдан отилганини кўрсатганини айтган.

29 июл куни Ўш шаҳар суди Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўйича жиноий ишни ўрганиб далиллар етарли бўлмагани учун уни терговга қайта жўнатди.

Айни пайтда 23 октябр куни Озодликка интервью берган Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Ўлжабой Казибаев Алишер Соиповнинг иши судга оширилганини айтди.

- Умуман, Ички ишлар вазирлиги Алишер Соиповнинг ўлдирилгани юзасидан катта иш олиб борди. Соипов икки республика, яъни, Қирғизистон ва Ўзбекистон республикалари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўлдирилгани ҳақидаги иддаолар нотўғри. Чунки, биласизки, қотилликка алоқадорликда гумон қилинган Абдуфарит Расулов ҳибсга олинган. Унинг иши юзасидан ўтказилган текширув тугаб Ўш шаҳар судига жўнатилган, деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили.

Ўтган икки йил давомида халқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматига босимни кучайтирмоқда. Бироқ ҳозиргача на қотил ва на қотиллик буюртмачилари топилгани йўқ.

www.ferghana.ru муҳаррири Даниил Кислов бундай вазиятда Алишер Соиповнинг ҳақиқий қотили топилиши ҳақидаги умидлар сўниб бораётганини айтади.

- Бу қотилликнинг очилиши бўйича олиб борилаётган қидирув ишлари олдинга силжигани борасида ҳеч қандай янгилик, аниқлик йўқ. Айни пайтда Қирғизистон ва бутун Марказий Осиёда журналистлар ҳуқуқлари билан боғлиқ умумий вазият кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Шу боис бугунги кунда бу иш очилишига ва масъул шахслар жазога тортилиши ҳақидаги умидларимиз сўниб бормоқда.

Биз Алишернинг қариндошлари ва яқинлари қайғусига шерикмиз. Яна бир бор таъкидламоқчимизки, Алишер бошқаларга ибрат бўла оладиган инсон эди. Унинг ўлими қотил виждонини узоқ йиллар қийнаса керак. Қайтараман, биз айбдор шахслар жазога тортилишига яна умид қиламиз. Қирғизистонда расмийлар Алишернинг қотилини излаш ўрнига тезроқ пул ишлаш учун бизнес билан шуғулланаётган бир пайтда умидларимиз сўниб бормоқда, дейди Даниил Кислов.
XS
SM
MD
LG