Линклар

logo-print

Халқаро кузатувчилар Эронга сафар қилади


Эрон оммавий ахборот воситаларига кўра, Атом энергияси халқаро агентлиги кузатувчилари якшанба куни Қум шаҳридаги ядровий иншоотга ташриф буюради.

Меҳр агентлигининг билдиришича, халқаро кузатувчиларнинг Эрон сафари уч кунга мўлжалланган.

Эрон ҳукумати сентябр ойида Қум шаҳри яқинида уранни тўйинтирувчи иккинчи ядровий корхона барпо қилинаётганини халқаро ҳамжамиятга ошкор қилган эди.

23 октябр куни эса Россия, АҚШ ва Франция Эрон ядровий дастури атрофидаги бўҳронни ҳал этишни мақсад қилган келишув лойиҳасига розилик берди.

Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон атом станцияси учун зарур ядровий ёнилғининг чет давлатларда тайёрланиши борасидаги келишув лойиҳасини АҚШ, Франция, Россия ва Эрон расмийларига тақдим қилган эди.

Эрон томони мазкур келишув борасидаги ўз қарорини келаси ҳафта ошкор қилишини маълум қилди.

Янги келишувга мувофиқ, Эроннинг кам тўйинтирилган урани Россия ва Францияда атом станцияси ёнилғисига айлантирилади ва Эронга қайтариб берилади. Бу ёнилғидан ядровий қурол ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш имкони бўлмайди.
XS
SM
MD
LG