Линклар

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Москвага қилган давлат ташрифи чоғида Роғун ГЭСи ва Душанбедаги рус ҳарбий базаси юзасидан айтарли натижага эришолмади.

21-23 октябр кунлари илк бор давлат сафари билан Москвага борган тожик президенти Имомали Раҳмоннинг ягона истаги Россияни ҳарбий база учун ижара ҳақи тўлаш ва Роғун ГЭСи қурилишида қатнашишга кўндириш ортидан мамлакатни энергетик инқироздан қутқариш бўлган.

Аммо Россия сафари чоғида Имомали Раҳмон Россия президенти Дмитрий Медведев билан икки мамлакат муносабатларида келишмовчиликларнинг вужудга келиши олдини олиш ва амалдаги лойиҳаларга доир ҳамкорликни давом эттириш ҳақида сўзлашиб қайтди, холос.

Тожикистон ва ундан ташқаридаги аксарият мустақил таҳлилчиларнинг икки давлат раҳбарлари мулоқотлари натижалари юзасидан қарашлари қарийб бир хил.

Тожикистондаги мустақил таҳлилчилар: “бу сафарнинг натижасиз ўтганини Россияга нисбатан ишончни камайтиради” дея мулоҳаза билдиришса, россиялик мустақил таҳлилчилар: “ишнинг шундай якун топиши олдиндан маълум эди”, дейишмоқда.

Имомали Раҳмон билан Дмитрий Медведевнинг 23 октябр куни ёйинланган қўшма баёнотида Тожикистон билан Россия ўртасидаги иқтисодий, энергетик ҳамда ҳарбий ҳамкорликни такомиллаштириш таъкидланади.

Мазкур баёнотда икки давлат раҳбари ўзаро ҳамкорликдаги қаноатлантирувчи натижалар хусусида гапира туриб, Россия иштирокида қурилган “Сангтўда-1” ГЭСининг Тожикистон энергетик хавфсизлигига ижобий таъсири ҳамда Душанбедаги рус ҳарбий базасининг минтақа миллий хавфсизлиги учун кафил вазифасини ўтаётганини қистириб ўтдилар.

Аммо Имомали Раҳмоннинг Москвада айтганларидан энг эсда қоларлиси рус матбуоти Тожикистон давлат тили атрофида кўтарган шов-шувдан тожик президентининг норозилиги ва рус тили, улар айтаётганидек, республикада миллатлараро мулоқот тили мақомини йўқотмаганини алоҳида таъкидлагани бўлди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчилар, жумладан, Рашид Ғани бу гал ҳам Душанбе ўз позициясини бой берганини ва Москва эса қатъият билан ўз манфаатларига мувофиқ иш кўрганини таъкидлайди.

Рашид Ғани фикрича, мазкур сафар Москванинг Марказий Осиё ва МДҲ давлатларини менсимаслигини яна бир бор исбот қилди.

Айни пайтда Рашид Ғани на Россия, на Тожикистон ўзаро алоқаларнинг ёмон бўлишидан манфаатдор эмаслигини айтади. Чунки, таҳлилчи фикрича, бу давлатлар ҳамкорлигининг яхши жиҳатлари ҳам йўқ эмас.

- Тожик расмийлари кўп йўналишли сиёсат юритаётганини намойиш қилиш учун Россияга ҳам, Ғарбга ҳам Тожикистоннинг сиёсий бақувват иттифоқчилари борлигини кўз-кўз қилишдан манфаатдор. Айнан шундай сиёсат юритиш баробарида Тожикистон ўз иқтисодий ва энергетик лойиҳаларини Россия ёрдамида давом эттириб, рус тупроғида ишлаётган бир миллиондан ортиқ меҳнат муҳожирининг иссиқ жойи совутмай келади, дейди Рашид Ғани.

Ўз навбатида, таҳлилчига кўра, Москва ҳам Афғонистонга ён қўшни бўлган Тожикистонда ўз таъсири ҳамда ҳарбий базасининг сақланиб қолинишини жуда-жуда истайди.

Россиядаги “Коммерсант” газетасининг жума кунги сонида ёзилишича, Имомали Раҳмоннинг Москвага сафари давлат ташрифи сифатида кўрилса-да, амалда у иш сафари бўлиб, барча муҳим масалалар тожик президенти Медведев меҳмони бўлган биринчи оқшомдаёқ кўрилиб, ҳал этилган эди.

Шу боис бўлса керак, бу сафардан аксарият тожикистонликлар кутганидек, русларга Душанбедаги 201-ҳарбий базаси учун ижара ҳақи тўлатиш ва Тожикистон энергетик лойиҳалари, жумладан, Роғун ГЭСи қурилишида янги мажбуриятлар юклаш режалари рўёбга чиқмай қолди.
“Коммерсант”нинг ёзишича, иккала президентнинг пайшанба кунги матбуот анжуманидан сўнг Россия мудофаа вазири Анатолий Сердюков оммавий ахборот вакилларига мурожаат эта туриб, мазкур сафар давомида ҳарбий база масаласи умуман кўрилмаганини ва олдин имзоланган шартномага асосан 2014 йилга қадар икки давлат ўртасида бу борада янги шартнома имзоланмаслигини таъкидлаган.

Россиялик мустақил таҳлилчилар тахминларича, Кремлдаги музокараларгача ўзаро норасмий мулоқотларда рус расмийлари Тожикистон фуқаролари учун виза тартибини жорий қилиш режасига урғу берган бўлиши ва бу, ўз навбатида, расмий Душанбенинг чекинишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Имомали Раҳмоннинг Москвага сафарини кузатган “Время новостей” мухбири Аркадий Дубнов бу ташриф чоғида реал ҳамкорлик учун амалий шартнома имзоланмагани гувоҳи бўлганини айтар экан, “бу ташриф кўпроқ меҳмондорчилик хусусиятга эга бўлди ва у Имомали Раҳмон кўнглини олиш учун уюштирилди”, дея мулоҳаза билдиради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил аввалида Тошкентга сафари чоғида Медведевнинг Ўзбекистон ёнини олганидан ранжиган Имомали Раҳмон феврал ойида Москва сафарини қолдирган эди. Аммо орадан бир муддат ўтгач, Кремл Имомали Раҳмонни давлат сафари билан Москвага келишга яна бир бор даъват этди.

- Негаки, шу пайтгача расмий Москва Имомали Раҳмонни қўшниси Ислом Каримов учун уюштирилганидек дабдабали ташриф билан даъват этмаган. Бу меҳмоннинг Кремл олдида эътибори юқорилигини кўрсатиш ва шу йўл билан унинг кўнглига қўл солиш эди. Аслида Россия Тожикистон талабларини қабул қилишни, унинг ноғорасига ўйнашни истамайди, дейди Аркадий Дубнов.

“Тожикистоннинг бу гал Россияга араз қилиши ўринсиз” дер экан Дубнов, 2004 йили Имомали Раҳмон Россия собиқ президенти Владимир Путин билан Сочидаги музокараси чоғида русларнинг ҳарбий базасини арзимаган чақага ўз мамлакати ҳудудида жойлаштириш ҳамда “Окно” космик назорат марказини қарзи эвазига Россия ихтиёрига топширишга рози бўлганини эслатади.

Ўша пайтда Россия давлат раҳбари ўз ҳукумати Роғун ГЭСи қурилиши учун икки миллиард доллар сармоя ётқизиш ваъдаси берган эди. Бироқ, Аркадий Дубновга кўра, баланд тўғонлар бу борадаги ҳамкорлик йўлини тўсди.

Россиялик таҳлилчи Павел Фелгенгауэр ҳам бу фикрларни қувватлар экан, “Нима бўлганда ҳам Тожикистон Россия билан ҳамкорликни давом эттиришдан бошқа чораси йўқ”лигини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG