Линклар

Хонлар ахлатхонага сургун қилинди


Қозоқ хонлигига асос солган Жанибек ва Керей хонлар ҳайкали шу кунда Остона шаҳри четидаги овлоқ жойдан ўрин олган.

Қозоқ хонлигига асос солган Жанибек ва Керей хонлар ҳайкали шу кунда Остона шаҳри четидаги овлоқ жойдан ўрин олган.

Жорий ҳафта бошида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида “Қозоқ эли” ёдгорлик мажмуасининг очилиш тантаналарида қатнашган меҳмонлар анжумандан ҳафсаласи пир бўлиб қайтди.

Остона шаҳри ҳокимияти “Қозоқ эли” мажмуаси очилиш маросимига мамлакатнинг турли бурчакларидан 70 мингдан зиёд меҳмон таклиф қилганди.

Аммо ёдгорликнинг очилиш маросимига ташриф буюрган қозоғистонликлар бу ерда қозоқ хонлигига асос солган Жанибек ва Керей хонлар ҳамда саркардалар ҳайкалларини тополмай ҳайрон бўлиб қолдилар. Маълум бўлишича, бу ҳайкаллар шу кунда Остона шаҳри чеккасидаги ахлат контейнерлари жойлаштирилган чўлга олиб бориб қўйилган.

Бу ҳол анжуманга таклиф қилинган аксар меҳмонларни ўта ранжитди. Улар орасида Қозоғистон президенти ҳузуридаги қозоқ тилини қўллаб-қувватлаш фонди раиси Берик Абдуғалиев ҳам бор:

- Қозоқнинг руҳи, номуси ва тарихи ахлатхонада ётибди, ана у ерда эса тўй бўлаяпти. Қозоқ давлатига асос солган хон ва саркардалар ҳайкаллари шаҳар четидаги ахлатхонага олиб чиқиб ташланган. Бу ҳозирги қозоқларнинг руҳий ва маънавий савияси даражаси нақадар тубанга тушиб кетганини англатади. Буларга эътибор берилмагунича, қозоқ миллати ҳеч қачон ўзлигини англаб етмайди, дейди Берик Абдуғалиев.

Мазкур ҳайкаллар муаллифи, рассом Сембиғали Смагуловнинг айтишича, бундан бир йил аввал қозоқ давлатчилиги асосчилари бўлмиш хон ва саркардалар ҳайкали президент Назарбоев топшириғи асосида ясалган эди, аммо ҳозирда президентнинг бу топшириғи ҳам амалдорлар эътиборидан четда қолиб кетди.

- Мен президент билан бир соатча хонлар ҳайкалини яратиш ғоясини муҳокама қилгандим. Бу хон ва саркардалар ҳайкалини яратиш шахсан президентнинг ташаббуси бўлганди. Биз Назарбоев билан Венгрияга борганимизда, у ўша ерда қипчоқ уруғининг олти қаҳрамонига атаб қурилган мажмуани кўриб, бизда ҳам қозоқ давлатчилигига асос солган хонлар монументи бўлиши кераклигини айтганди. Аммо Остона ҳокимлигида кадрлар ўзгарди, янги ҳоким келди. Кейин қозоқ давлатчилигига асос солган хон ва саркардалар ҳайкали шаҳар чеккасидаги чўлга олиб бориб ташланди. Мен уларни ўз қўлим билан ясаганман, меҳнатимга жоним ачийди. Шунинг учун ҳар оқшом ўша чўлга бориб, уларни қўриқлайман. Шунинг орқасидан сочим оқарди, дейди рассом.

Хон ва саркардалар ҳайкалларини чўлга олиб бориб қўйган Остона ҳокимиятининг янги раҳбарлари “Қозоқ эли” ёдгорлигининг қоқ марказига президент Нурсултон Назарбоев ҳайкалини ўрнатди. Кузатувчилар бунга давлат амалдорларининг лаганбардорлиги сабаб эканини қайд этмоқдалар. Бу лаганбардорлик сўзда ҳам, амалда ҳам кузатилаётганини таъкидлаган кузатувчилар бунга Остона шаҳри ҳокими Иманғали Тасмағамбетовнинг яқиндаги нутқини бунга мисол келтирадилар.

- Миллат устози бўлмиш давлат раҳбари ўзининг фуқаролик позицияси,
иродаси, қаҳрамонлиги, ақли, узоқни кўра билиши билан, шоир Махамбет таъбири билан айтганда, қовжираб ётган ерларни одамларга тўлдира олди. Ўз халқига ғамхўрлик қилаётган давлат арбоби барчага ўрнак бўлади, деганди Остона ҳокими Тасмағамбетов октябр ойи бошларида Остонада бўлиб ўтган “Қозоқ президенти ва унинг халқи” мажмуасининг очилиш маросимида.
XS
SM
MD
LG