Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:51

Равотликлар қонунни бузмаганини айтмоқдалар


Тожик-ўзбек чегарасида айни кунда шу каби бетон деворлар қад ростлаган.
Тожик-ўзбек чегарасида айни кунда шу каби бетон деворлар қад ростлаган.

Ўзбекистон матбуотида, жумладан, press-uz.info интернет сайтида “Тожикистон фуқаролари тожик-ўзбек чегарасида турли баҳоналар билан можаро чиқараяпти” мазмунидаги мақолалар чоп қилинмоқда.

Ўзбек матбуотида тилга олинган можароли ҳудуд - “Адиробод” фермерлик хўжалиги Тожикистоннинг Сўғд вилояти Конибодом туманига қарашли Равот қишлоғи ҳамда Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидаги Бешариқ тумани ўртасида жойлашган. Тожикистонда бу ер “Дўсти” ҳиссадорлик хўжалиги деб юритилади.

Конибодом шаҳар ҳукумати раиси ўринбосари Рустам Қодировнинг сўзларига кўра, чегарада бир марта можаро юзага келган, лекин тожикистонликлар бирор-бир қонунни бузишмаган.

- Равот қишлоғи аҳли Ўзбекистон чегарачилари ҳаракатидан нолиб, бизга ариза ёзган эди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай, пешона тери тўкиб, меҳнат қилган одамнинг маҳсулотини тортиб олсангиз, нима бўлади? Равот ҳалқининг сабр косаси тўлиб, жорий йил июн ойида бир ҳафта давомида Ўзбекистон чегараси ёнида норозилик намойишини ўтказган эди. Лекин ҳеч қандай нохуш ҳодиса рўй бермади. Одамларга ётиғи билан вазиятни тушунтирдик. Шундан кейин улар тарқалди, дейди раис ўринбосари.

Рустам Қодировнинг сўзларига кўра, тожик-ўзбек чегарасининг бу ҳудуди шу кунгача делимитация ва демаркация қилинмаганлиги туфайли ана шундай низолар келиб келмоқда. Чегара масаласи республика ҳукумати ва Ташқи ишлар вазирлиги салоҳиятидаги масала, шунинг учун ҳам маҳаллий ҳукуматлар қўлидан ҳеч нима келмайди.

Собиқ “Равот” колхозининг раиси Ҳусниддин Танибердиевнинг айтишича, неча асрлар давомида икки халқ ўртасида бирор муаммо чиқмаган. Аммо 10 йил олдин тиканли симлар тортилди, миналар қўйилди-ю аҳолининг борди-келдиси қийинлашди. Шунга қарамай, қўшнилар билан бирор марта можаро бўлмаган. Фақат чегарадан ўтиш пайтида тожик чегарачилар ҳам, ўзбек чегарачилари ҳам одамларни қийнашади.

- Бугун Ўзбекистон томони деҳқонларимиз ўзлаштириб, боққа айлантирган 58 гектар ерни тортиб олмоқчи. Аслида бу ерлар равотликларнинг ота-боболаридан қолган ер. Айтмоқчиманки, аждодларимиз бу ерда бир аср олдин ҳам деҳқончилик қилган, дейди собиқ “Равот” колхозининг раиси Ҳусниддин Танибердиев.

Меҳнат фахрийси сўзларига кўра, қийинчиликлар 2008 йилда бошланган. Унгача эса равотликлар ҳеч бир монеъликсиз бу ерда деҳқончилик қилиб, ҳосил етиштирган. Жорий йил июн ойида Ўзбекистон томони Тожикистон чегарасига яқин жойда хандақ қазиди. Орадан икки кун ўтмай, шу хандақ ёнига бетон плиталар ётқизди.

Равотдаги “Дўсти” ҳиссадорлик хўжалиги раиси Маъруфжон Мамадовнинг айтишича, Конибодом раҳбарлари ва Тожикистон вилоят чегара бошқармаси вакиллари аҳоли билан учрашиб, халқнинг арз-додини эшитган¸ бироқ муаммо ҳал бўлмаган.

- Бу йил хўжалигимиз аъзоларига қийин бўлди. Неча асрлар давомида Бешариқ ва Равот ўртасида ҳеч ҳам бўлмаган чегарачилар пайдо бўлди. Илгари ер ҳайдаш учун қўлланилган техникани ўтказиш имкони йўқ. Хўжалик аъзолари қишлоқдан 100 метр нарида жойлашган ўз ерига ўтолмайди. Боғ ва экинзорларга ўтиш учун улар 30 километр масофадаги йўлни босиб ўтиб, яна Ўзбекистон чегара, божхона ва милиция вакилларига дуч келишади. “Бу пост расмий, шу ердан ўтинглар” демоқда ўзбек чегарачилари, дейди Маъруфжон Мамадов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўзбекистон чегарачилари босқинчиларидек ерларини эгаллаб олган. Уларнинг ҳаракати билан 58 гектар ернинг 6 гектари Ўзбекистон фуқароларидан бири томонидан эгаллаб олинди ва у ерда “Адиробод” фермерлик хўжалиги ташкил этилди.

- Боғимнинг бир қисмини Ўзбекистон чегарачилари дам олиш масканига айлантириб олган. Овқатни чегарачиларнинг назорати остида еймиз. Ачинарлиси шундаки, хўжалик аъзолари икки ўт орасида қолган. Бир томондан, ўз ерига ўтолмай, тирикчилик қилолмаяпти. Бошқа томондан, Конибодом шахар солиқ инспекцияси хўжалик аъзоларидан ер учун солиқ тўлашни талаб қилмоқда. Ахир ерда ишлай олмаса, ҳосил бўлмаса, нима учун солиқ тўлаши керак, дейди Маъруфжон Мамадов

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот департаменти раҳбари Давлатали Назриев бундай масалалар воқеа жойининг ўзида ҳал этилиши лозим, деган фикрда.

- Айтмоқчиманки, маҳаллий ҳокимият вакиллари қўшнилар ва аҳоли билан мулоқот олиб боришлари керак. Мазкур ҳудудлар бўйича муаммолар кўп ва бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ҳудуд демаркация қилинмагунича икки республика аҳолиси бу ердан бемалол фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бу тартиб икки республика раҳбарлари томонидан 2002 йил 5 октябрда қўл қўйилмиш шартномада ҳам акс этган. Афсуски, Ўзбекистон томони бу шартномага амал қилмаяпти, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот департаменти раҳбари Давлатали Назриев.

Расмий маълумотларга кўра, тожик-ўзбек чегарасининг 93 фоизи демаркация ва делимитация қилинган. Бироқ қолган 7 фоизини расмийлаштириш ишлари чўзилиб кетаяпти. Бу эса наинки икки республика расмийлар, балки оддий фуқаролари ўртасидаги муносабатга ҳам салбий таъсир қилмоқда.
XS
SM
MD
LG