Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

“Боламни тинч қўйишсин”


Алишер Соиповнинг отаси Аваз ака ва онаси Зайнабхон ая фарзанд доғи ўртаганида Алишернинг қизи Зулайҳони эркалаб овунадилар.
Алишер Соиповнинг отаси Аваз ака ва онаси Зайнабхон ая фарзанд доғи ўртаганида Алишернинг қизи Зулайҳони эркалаб овунадилар.

Фарзандининг қотили топилишидан умид узган Алишер Соиповнинг волидаси қирғиз расмийларидан, жилла қурса, марҳум ўғли ҳақида ёмон сўз айтмасликни сўрамоқда.

24 октябр куни ўшлик бир гуруҳ журналистлар ўзларининг марҳум ҳамкасби Алишер Соиповни хотирлаш учун унинг хонадонига бордилар. Қуръон тиловат қилиниб, ҳол-аҳвол сўралгач, Алишернинг яқинлари унинг тириклик чоғини эсга олишди:

- Болалар билан ортиқча шўхлик қилиб ҳам ўйнамаган. Тўғри ишига борарди, ишидан тўғри келарди. Кеч қоладиган бўлса: “Ая, дада, мен мана бу соатда келаман, бугун ушланиб қоламан”, дер эди. Биз айтган вақтида кутардик. Кийим-бошини ҳам жуда тоза тутарди. Боламга кийим ҳам ярашарди. Боламнинг кийимларини, тутган буюмларини кўрсам, юрагим ўртаб кетаяпти. Тирик бўлганида 4 сентябр куни 28 ёшга тўларди. Мана, қизи ҳам 2 ёшга кирди, дейди Алишернинг онаси Зайнабхон ая йиғлаб.

Зайнабхон ая фарзанд доғидан дили ўртанган пайтларда Алишернинг ортидан эшитаётган яхши сўзлар ўзига мадад бўлаётганини айтади:

- Шу кунгача болам тўғрисида, ўзини кўрмаган бўлишса ҳам, билган-билмаган одамлар: “Болангизни бир марта кўриш иштиёқида эдик” деб мақтаб келишганида кўнглим кўтарилаяпти. Вафот этганидан кейин болам уч маротаба тушимга кирди. Уччаласида ҳам янги кийимда, рўпарамда кулиб турган ҳолда. Демак, яхши ётибди экан. Яхшиларнинг дуолари ўтсин, болам яхши ётсин, тинч ётсин, дейди Зайнабхон ая.

Айтиб ўтиш жоизки, ўтган икки йил давомида Алишернинг ўлими юзасидан Қирғизистондаги катта-кичик амалдорлар кўплаб баёнотлар берди. Жиноят иши шахсан Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев назоратида бўлганиданми ёки бошқа сабабларга кўрами - қотил топилгандай ҳам бўлди. Ҳатто суд бўлди. Лекин иш қайта терговга юборилди. Айни пайтда Қирғизистонннинг тегишли идоралари мазкур жиноий иш юзасидан турли баёнотлар тарқатиш билан овора бўлмоқда, холос.

Ўз ўғли тўғрисида расмийлар тарафидан турли салбий фикрлар эшитишдан чарчаган Зайнабхон ая Алишер қотиллари топилишига умид ҳам қилмай қўйганини айтар экан, қирғиз расмийларидан фарзандининг номини қораламаслигини сўрайди:

- Албатта боламни отиб кетган қотиллар, буюртмачилар жазосини олиши керак. Лекин ҳукумат ҳали топиб беролмаяпти. Агарда топиб бериша олмаётган бўлса, ҳар хил гаплар билан номини қораламасдан, боламни тинч қўйишсин. Майли, топиб бермаса ҳам майли, фақат боламнинг номини қораламасин. Ушланганлар ўзининг қилмишига яраша жазога тортсин. Мен шуни сўранаман. Болам мен учун Оллоҳнинг олдида ҳамиша оқ, дейди Алишер Соиповнинг онаси Зайнабхон ая.

Таниқли журналист Алишер Соипов бундан роппа-роса икки йил муқаддам - 2007 йилнинг 24 октябр куни Ўш шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида номаълум шахслар тарафидан отиб ўлдирилганди.
XS
SM
MD
LG