Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:26

Шоиргина йигит эди


Ҳар гал раҳматли Алишерни эслаганимда “шу йигитдан яхшигина шоир чиқарди” деган ўй ўтади хаёлимдан.

1996 йили Ўшда ташкил қилганимиз “Мезон” газетасида Алишернинг дастлабки шеърлари босилди.

Сирасини айтганда, газетага мактаб ўқувчиларидан поэзия дейишга, чоп этишга арзигулик битикнинг ўзи кам келарди. Аммо Ўшдаги 29-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Алишер Соипов юборган “Сурур” ва “Ёлғизлик фалсафаси” шеърлари таҳририятдаги йигитларга “Ой ватаним, бой ватаним” қабилидаги чучмал қофиябозликдан кўра самимийроқ кўринди.

Куртакларни ёзиб бодомлар аста/Ҳарир ғунчалардан ёпинар рўмол” (“Сурур” шеъри) каби мисраларда фавқулодда оригиналлик бўлмаса-да, бу битикдан муаллиф хаёлотининг кенглигини, унинг мусаввирона таъб эгасилигини илғаш қийин эмасди. Балким 16 ёшли болакайдан бундан ортиғини талаб қилишнинг ўзи ноўриндир...

“Ёлғизлик фалсафаси”даги тоғлар қиёси эса беихтиёр марҳум шоиримиз Шавкат Раҳмоннинг рамзларини эсга туширарди. Ўқувчилигидан муҳаббати бор эди бу шоирга Алишернинг...

Умуман, ўзим билган зиёли ёшлар орасида Алишерчалик шеърсевар ўзбек йигитларини кам учратдим. Навоию Бобур, Огаҳию Фурқат, Увайсию Нодира шунчаки адабий фигура эмасди унинг учун. Бир сўз билан айтганда, у салафлар “май”и таъмини тотабилган, Жамшид жомини тутабилган орифгина йигит эди.

Шарқу Ғарбда неки муқтадир нозим ё носир бўлса, ҳамма улфат эди Алишерга. Замондош шоирларимизнинг айримларига ҳам мухлислиги бор эди. Рауф Парфини ўқиб, завқланишдан зерикмасди, Муҳаммад Солиҳнинг ўнлаб, балки юзлаб шеърларини ёддан ўқиб бериши мумкин эди, Абдували Қутбиддин шеърларида илғаган “хоса маъни”ни оғайниларига илиниб турарди доим.

Ёвга терс қараган мусулмон эмас” дея сўз орасида иқтибос келтирарди Шавкат Раҳмондан.

Буви!
Нега, баҳодирлар ҳаммаси
Фақат қадим замонларда ўтаверади?

Арслон-чи қани, ўша арслон,
Бувижон?

Нега, у ярим тунда, ғафлатда ётган
Мени уйғотмайди
Наъра тортмайди?!
” дея Муҳаммад Солиҳ шеърини ёддан айтаркан, ўзи билан лирик қаҳрамон ўртасида фарқ кўрмасди.

Шунақа романтиккина, ҳақпарастгина йигит эди, аммо ҳақпарастлиги устунроқ эди. Шунинг учунми шеър учун ғамлаган қоғозларига мақолалар бита бошлади. Ўткир мақолалари ҳақида гапирмайман – у ҳақда ўзингиз биласиз. Фақат уларда шоирона бир ҳассослик борлигини айтмоқчиман. Ана шу ҳассосият-ла эзгулик соғинарди инсон зотига. Бировлар хўрланганини кўрса, чинакамига жаҳли чиқарди, лекин бунақа пайтда уни жоҳилликда айблаб бўлмасди.

У дўстларидан ҳам шунақа фидойиликни талаб қиларди. “Судралиб юрувчилар”ни жини суймасди, буни очиқ айтишдан ҳам истиҳола қилмасди. Мард кишиларни ҳурмат қиларди, ўзининг ҳам феъли мардона эди.

Мард йигит тик қарар,
Тик қарар ўлимнинг юзига
Фақат…

Мард йигит йиғлайди бир бола каби,
Бир аёл мисоли йиғлар мард йигит,
Ўзганинг ўлими устида.

Мард йигит тик қарар,
Тик қарар
Фақат

Ўзининг ўлими юзига
”. (“Мард йигит”, 1978)

Муҳаммад Солиҳ томонидан ҳали Алишер туғилмасидан туриб ёзилган бу шеър худди у ҳақида битилгандек туюлади менга. Алишер шу шеър қаҳрамонига ҳавас қиларди. У шу шеър қаҳрамонидай, балки ундан-да устунроқ бўлолди – у ўз ўлими юзига тик қарай олди.

Аслида бугун Алишер ҳалок бўлган кун эмас. Бугун бир шери марднинг туғилган куни. Туғилган кунинг муборак бўлсин, шоиргина укам...
XS
SM
MD
LG