Линклар

logo-print

Сирдарёда қамоққа олишлар бошланди

  • Барно Анвар

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Сирдарёда қамоққа олинаётганлар оддий намозхонлардир.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Сирдарёда қамоққа олинаётганлар оддий намозхонлардир.

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришича¸ Анвар қори Турсунов ҳамда Ҳасан Асадовга суиқасд уюштирган жиноий гуруҳга алоқадор, деган тахмин билан Сирдарё вилоятида 30 дан ортиқ ёш йигит ҳибсга олинган.

Озодлик таҳририятига бугун маълум бўлишича, “ваҳҳобийлик” оқимига алоқадорликда айбланаётгани тахмин қилинаётган сирдарёлик 30 нафардан ортиқ йигит шу ойнинг аввалида, бир-икки куннинг ичида кетма-кет ҳибсга олинган.

Бу йигитларнинг ҳаммаси шу кунларда Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Ана шу йигитлар сафида бўлган гулистонлик 25 ёшли Рустамжон Умаровнинг рафиқаси Наргиза Умарова турмуш ўртоғига қандай айблов қўйилгани ёҳуд унинг қандай қонунбузарликда айбланаётганини шу кунга қадар билолмай, сарсон бўлаётганини айтмоқда.

- Биринчи октябр куни кечаси соат иккилар атрофида олиб кетишди. Ҳеч қандай сабабсиз, деб биламиз. Ҳозир бу ерда сиёсатга қарши бўлган, деган гап бўлаяпти-ку, бу ёқда. Аммо у киши ҳеч қачон сиёсатга қарши бўлмаган. У киши деҳқончилик билан шуғулланар эди, ҳалол-пок, уйим-жойим дейдиган инсон. Улар ҳозир бизга аниқ бир нарса дейишмаяпти-да!

Бу ёш келинчакнинг сўзларига кўра, улар яшаб турган маҳалладан 9 йигит ҳибсга олинган ва уларнинг Ховосда сақланаётганини орадан бир ойга яқин вақт ўтгач, адвокатигина аниқлашга муваффақ бўлган.

- Бизнинг маҳалладан 9 кишини олган, дейишаяпти. Аммо биз аниқ билмаймиз, чунки уларнинг оғзидан ўз қулоғимиз билан эшитмадик.

Аммо гап-сўзларга қараганда, 30 нафардан ортиқ, яна бировларнинг гапига қараганда 50 дан ортиқ кишини қўлга олишганмиш. Мен аниқ айтишим мумкин, менинг хўжайнимдан ташқари яна икки укамни ҳам ҳисбга олишган.

Улар оддий деҳқон ва намозхон йигитлар. Лекин беш маҳал намоз ўқиш айбмас-ку, тўғрими?! Менинг хўжайним ҳеч қачон сиёсатга қарши гапирмаган, аксинча, ҳар доим: “Шу юртбошимиз омон бўлсин, президентимиз яхши инсон, шу киши борлиги учун шу юртда тинчлик бўлиб турибди. Бу Оллоҳнинг назари тушган юрт”, деб гапиради. Мен буни сизга аниқ айтишим мумкин,- дейди Наргиза Умарова.

Сирдарёлик бу аёлнинг сўзларига кўра, ҳибсга олинган йигитларнинг кўпчилиги ўртамиёна намозхон, бошқача айтганда, имкон қадар 5 маҳал намозни ўқишга уриниб юрган йигитлардир.

Бу аёл ўз турмуш ўртоғи ва укалари деҳқончилик билан шуғулланиши, баҳор-ёз ойлари даладан бери келмагани, уларнинг қанақадир диний-экстремистик жамоаларга алоқадорлиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслиги ҳақида гапирмоқда.

Шахсан, Умаровларнинг хонадонида ўтказилган тинтув чоғида ҳам, Наргиза Умаровага кўра, жиноятни тасдиқлайдиган ҳеч қандай далилий ашё топилмаган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими вакили Исроил Ризаев эса қўлга олинган 30 нафардан ортиқ йигит ичида бўлган яна бир ёш йигит — 22 ёшли Авазбек Соипов ҳақида мана буларни сўзлаб берди.

- Йўқ, йўқ, улар намозини уйида ўқиб юрадиган йигитлар, деяпти. Масалан, Аваз Соипов деган йигит ёлғиз ўғил экан. Шу йил ёзи билан дадаси иккаласи шу болани уйлантириш учун қурилишда гувалак қуйиб, пул ишлаган экан. Ҳеч қанақа ишлар билан шуғулланишга имкони бўлмаган. Аммо уни ва унга ўхшаган йигитларни ҳам олиб кетишган. Биз бориб маҳаллаларидан суриштириб кўрдик-да.

Исроил Ризаевга кўра ҳам ой аввалида ҳибсга олинган йигитлар сони 30 нафардан ортиқ ва уларга конкрет қандай айблов қўйилгани ёки улар қайси жиноятларда гумон қилинаётгани ҳақида вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари бирор бир маълумот бермаган.

Худди шундай норасмий манбаларга таянаётган яна бир ҳуқуқ фаоли Карим Бозорбоев эса ҳибсга олинганлар сони эҳтимол 70 га яқин, деган бошқа бир маълумотни берди.

- Гулистон шаҳри ва шаҳар атрофидан жами 60 нафар, Сирдарё туманидан 12 та йигитни қўлга олишган. 72 та бола “ваҳҳобийлик”да айбланиб, ҳибсга олинган.

Шулардан 60 нафари Ховосдаги изоляторда сақланаяпти, тергов олиб бориляпти. Улардан бирининг онаси бориб, суриштирса, унга “Бу йигитларнинг намоз ўқиши жараёнида ваҳҳобий аломатлари бор”, деб важ кўрсатишибди,-деди Карим Бозорбоев.

Сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Карим Бозорбоев: “Албатта, бу маълумотларга аниқлик киритиш устида ишлаяпмиз, аммо, факт шуки, асосан ёш-ёш, ўсмир, намозхон йигитлар қўлга олинмоқда”, дея таъкидлаб ўтди.

Ҳозирча, Сирдарёдаги бу қама-қамалар хусусида ҳуқуқ-тартибот идоралар ходимлари билан норасмий суҳбатлардан олинган норасмий маълумотлар асосида баъзи тахминлар илгари сурилмоқда.

- Айтишларича, булар “ваҳҳобийлик”ми, “Ал-Жамоат”ми деган ташкилотга аъзо эмиш. Улар бир ой олдин огоҳлатирилганмиш. Ҳатто, кўчанинг гапи айтсанг ярашмайдику, уларга “Намоз ўқиманглар, ароқ ичинглар”, дейилганмиш. Улар эса кўнмапти.

Ҳаттоки, шундай версиялар бўлаяптики, Тошкентда анави Анвар қори, кейин Ички ишлар вазирлигининг Террорга қарши кураш бўлими раҳбарини отиб кетишларига “Жамаот”, “Ал-Жамоат”ми деган гуруҳ ташкил бўлганмиш ва бу йигитлар шунга алоқадормиш, деган гаплар бўлаяпти.

Дастлабки, суриштирувларимизда бизга шу “Ал-Жамоат” деган янги гуруҳ ташкил бўлгани ҳақида анчагина жиддий одамлар гапиришган эди,- деди Исроил Ризаев.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилояти бўлими вакили Исроил Ризаев сўзлари якунида бу тахминлар норасмий маълумотларга асосланган тахмин эканини яна бир карра урғулаб ўтди.

Эслатамиз, ёз ойларида пичоқлаб кетилган Тошкент имом хатиби Анвар қори Турсунов ва ўз уйида отиб кетилган Ички ишлар вазирлиги амалдори Ҳасан Асадовларга нисбатан суиқасд уюштирганликда гумон қилиниб, Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳам 30 нафардан ортиқ, асосан, ёш-ёш йигитлар қўлга олингани ҳақида норасмий манбалар хабар тарқатган.

Бугун Сирдарё вилоятидан олинган, яна ўша норасмий хабарга кўра, гўёки, бу жиноятларни “Ал-Жамоат” деб номланган янги диний-экстремистик гуруҳ амалга оширган ва гўёки, Сирдарё вилоятидаги 30 дан ортиқ йигит шу гуруҳга алоқадор бўлиши мумкин.

Бу йигитлар тақдири билан қизиқаётган ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев “Бунга ақл бовар қилмайди”, деди Озодлик билан суҳбатда.

- Яна бир марта биз ҳуқуқ ҳимоячилари ҳайронмиз-да, шу далиллар билан, исботи билан, воқеа жойидан гувоҳлар иштирокида эл-юртга, жамоатчилик телевидение, радио, газета, интернетда кўрсатса экан, одамлар ишонч ҳосил қилса, шунақа террористик кучлар борлигига. Унақа бўлмаяпти-да! Мана шу 31 йигитни йиғиштириб олиб кетганига бир ой бўлаяпти, ҳеч ким нима бўлаяпти, нима қўаяпти, билмайди.

Қолаверса, ҳамма ҳозир тирикчилиги билан банд. Пахта теримида, томорқасини йиғиштираяпти, бозорда ўтирибди. Шундай паллада Сирдарёдек кичик бир вилоят марказида 30 кишилик террорчилик гуруҳи бўлгани ҳақидаги бу даъво ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди-да!- деди Исроил Ризаев.
XS
SM
MD
LG