Линклар

Бедарак йўқолган мардикорлар кўпаймоқда


Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларининг ўзбек мардикорлари орасида юриб¸ уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш уринишлари¸ ҳозирча самарасиз қолаëтган кўринади.

Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларининг ўзбек мардикорлари орасида юриб¸ уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш уринишлари¸ ҳозирча самарасиз қолаëтган кўринади.

Жуғрофий ҳудуди тобора кенгайиб бораëтган бу муаммони тадқиқ қилаëтган ҳуқуқ фаоллари иш излаб муҳожиратга кетаëтганларнинг одамфурушлар қўлига тушаëтганини асосий сабаб қилиб кўрсатмоқдалар.

Хоразм вилоятининг Хива шаҳри Ғовуқ даҳасида яшаган 29 ёшли Нодирбек Рўзметов ҳам бошқа кўплаб ҳамшаҳарлари сингари оиласини мардикорлик орқасидан тебратиб келаётган эди.

Нодирбекнинг қайнонаси Роҳатой Рўзметованинг Озодликка билдиришича, куёви бир йил аввал Қозоғистонга ишлашга кетиб, бедарак йўқолган.

- У Қозоғистонга ишлашга кетди. Бошида укаси билан ишлаб юрди. Куëвим ўзининг ҳам¸ укасининг ҳам бир йиллик маошини ололмади. Кейин унинг боласи сариқ касал бўлиб қолди. Кейин қарз олиб¸ боласидан хабар олишга келди. Кейин пулларимни олиб келаман деб кетдию¸ шу билан қайтиб келмади, дейди Роҳатой Рўзметова.

Мана бир йилдирки, Нодирбекнинг уч фарзанди ота дийдорини кўрмасдан ўсаяпти. Невараларининг отасиз сиқилишига чидай олмаган Роҳатой Рўзметова куёвини излаб¸ Қозоғистонга ҳам бориб келди.

- Борганимда кўрдим, куёвим укаси билан битта дача қурганлар. Дачани кўрсангиз¸ даҳшат. Ўша дачани ака-укалар қурган. Хўжайинининг олдига борсак¸ “Нодирнинг қарзи кўп” дейди. Фақат шунақа дейди. Шунда дадаси “Бу икки ўғлим бир йил ишлаб пулини ололмадию¸ яна қандай қарзи бўлади? Бир йил ишлаган пулини олмадию. Яна қандай қарзи бўлади?” деса¸ “Қарзи кўп” деяверади, дейди Роҳатой Рўзметова.

Нодирбек укаси билан Олмата вилоятининг Қарасой тумани ҳудудида бир судьянинг дала ҳовлисини қуриб беришган.

Озодлик Олмата вилоят Ички Ишлар бўлимига Нодирбек Рўзметовнинг бедарак йўқолиши борасида мурожаат қилганида, орган ходимлари бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини, боиси уларга бу юзадан ариза тушмаганлигини билдиришди.

“Нажот” ташкилоти маълумотига кўра, кейинги пайтда бедарак йўқолаётган хоразмлик мардикорлар кўпчиликни ташкил қилади ва бу каби ҳолатлар кўпроқ Қозоғистон ҳудудида учраяпти.

Хивалик 36 ёшли Одилбек Каримов ҳам 13 йил аввал Қозоғистонга ишлашга кетиб¸ бедарак йўқолган.

Одилбекнинг опаси Наргиза Каримовага кўра, укаси Қозоғистоннинг Отров вилоятига ишлашга кетиб¸ қайтиб келмаган.

Наргиза Каримова: Акамлар ўша ëқда ишлаб юрган эди. Улар бориб қидириб кўришди¸ топа олишмади. Шундан кейин икки йилгача қидирдилар. Бошқа гап-сўз йўқ.

Озодлик: Улар бирор бир ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмасдан ўзларича қидиришган-да.

Наргиза Каримова: Ҳа¸ расмини олиб бориб¸ танишлардан сўрашган. Ўзларича қидиришган. Ҳозир ҳам таниш-билиш кўрса¸ сўрайдилар. Ҳеч ким кўрмаган¸ билмайди.

Озодлик: Демак, дом-дараксиз йўқ.

Наргиза Каримова: Шундай.

Озодлик: Ҳеч қанақа хабар йўғ-а?

Наргиза Каримова: Йўқ.

Озодлик: Телефон ҳам қилмадими?

- Йўқ, дейди Наргиза Каримова.

Москвадаги “Фуқаролик кўмаги” нодавлат ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроевга кўра, ўзбек мардикорларининг бедарак йўқолиши Россия ҳудудида ҳам кўплаб кузатилади.

- Бир нечтаси бизга мурожаат қилди. Ҳатто жиноий ишлар ҳам қўзғатилди¸ аммо топилмаган. Андижондан¸ Сурхондарëдан бир нечта йигитлар йўқолиб қолган. Бундай ҳолатлар жуда кўп. Мана Хоразмдан ўзим танийдиган бир одамнинг куëви ҳам бир кечада йўқолган. Икки йилдан бери умуман йўқ. Ҳеч ким топа олмайди. Охирги пайтларда бунақа ҳолатлар жуда кўп бўлаяпти, дейди Баҳром Ҳамроев.

Айни пайтда ўзбек мардикорларининг бедарак йўқолиши борасида аниқ рақамлар мавжуд эмас.

Шу ўринда ҳуқуқ фаоллари мардикорларнинг дом-дараксиз кетиши сабабларига тўхталишади.

Қозоғистондаги “Сана сезим” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Хадича Абишова бунинг асосий сабабини одам савдоси билан боғлайди.

- Бу каби ҳолатлар улар одам савдоси қурбонига айланишганида кўпроқ кузатилади. Айни ҳолатда мардикорларнинг бедарак йўқолиш фактлари кузатилади. Хужжатлари тортиб олинган мардикорлар қочиб ҳам кета олмайди. Бундай пайтда уларнинг яқинлари ўз қариндошларини бедарак йўқолган деб ҳисоблайдилар, дейди Хадича Абишова.

“Нажот» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов одам савдосидан ташқари яна бошқа бир қатор омиллар ҳам ўзбек мардикорларининг бедарак йўқолишига сабаб бўлаётганини айтади.

- Йўқолиш ҳолатларининг сабабларидан биринчиси¸ паспорт ëки давлат берган шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг йўқолиши. Иккинчиси¸ ишчилар ишлаб турган жойларида ойлик олишга вақт келганда ойлик бермаслик учун иш берувчи томонидан ëки бошқа бировлар томонидан қамоққа ташланаяпти. Яъни уларнинг чўнтагига нимадир ташлаб тутиб беришаяпти, дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Баҳром Ҳамроев эса ўзбек мардикорининг Россияда бедарак йўқолишига рус миллатчилари ҳам сабаб бўлаётганини айтади.

- Мана шу йўқолиб кетганларни скинхедлар ëки шунга ўхшаган одамлар ўлдириб йўқ қилиб юборган бўлиши мумкин, дейди Баҳром Ҳамроев.

Озодликнинг аввалги эшиттиришларидан бирида хоразмлик 18 ёшли Беҳзод Икромов Қозоғистонга ишлашга кетиб бедарак йўқолгани ҳақида лавҳа берилганди.

Биз Беҳзоднинг тақдири билан қизиқиб унинг яқинлари ва унинг қидируви билан шуғулланаётган ҳуқуқ фаоллари билан боғландик.

Афсуски Беҳзод тўғрисида ҳозирча бирорта ҳам янгилик йўқ экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG