Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:58

6. Хорун ар-Рашид изидан


U
U

Роппа-роса бир соатдан сўнг Ҳидоят Махсум сўлжайиброқ ҳузуримда пайдо бўлди.

Бу пайтда “Қобуснома”ни варақлаб ўтирардим. Огаҳий таржима этган нусхаси қўлимга тушиб қолган эди.

Муҳаммад Ризо 200 йил муқаддам таваллуд топган; унинг 190 йиллик юбилейи хийла тантанали тарзда нишонланган. 200 йиллиги тўғрисида ноғора қоқилмади. Сабаби – мақсадга мувофиқ эмас, кузги йиғим-теримлардан сўнг парламентимизга сайлов бўлади. Ҳар доим сайлов арафасида мухолифат масаласи ғаламис халқаро ташкилотлар томонидан қўзғатилади. Улар ўлган илоннинг думини босиб, бошини қимирлатмоқчи бўлади, занғарлар... Огаҳий – Хоразмдан, Илонбош ҳам Хоразм фарзанди. Агар унисининг 200 йиллик юбилейи тантанали равишда нишонланса, бунисининг 60 йиллик юбилейи тўғрисида ҳам пана-панада мишмиш тарқатилади: “Парламент сайловларида мухолифат ҳам қатнашар эмиш, ҳукумат билан мухолифат лидерлари ўртасида норасмий музокара бошланибди...”

“Қобуснома”дан:

“Зулмни кўнглингга асло келтирмагилки, одил подшонинг хонадони кўп йиллар умр кўрур, золимнинг хону мони тезроқ барбод ва нобуд бўлур. Ҳукамо дебдиларким, одил подшо олам хуррамлигининг сарчашмасидир, золим подшо жаҳон хароблигининг тўфонидир... Хилватда кўп ўтирмагил, лашкардан ва ўз халқингдан қочмагил, агар қочсанг, улар сендан қочадилар. Халқнинг ҳолидан хабар олишда камчиликка йўл қўймагилки, бу камчилик душманнинг фойдасидир...”

Китобнинг 117 саҳифасига хатчўп қистириб, зимдан Ҳидоят Махсумга назар солдим.

-Нега қоққан қозиққа ўхшаб турибсан? Нима гап? Ҳожи дўстим қани?

-Амнистиянгиз асосида тергов ҳаракатлари таққа тўхтатилиб озодликка чиқариб юборилибди.

-Сан мани довдиратма, тўғрисини айт! Ҳойнаҳой, уриб ўлдирган бўлсаларинг керак.

-Йўғ-э, худо ҳаққи! – деб ёқасини ушлади Ҳидоят Махсум. – Ҳозир Бўстонлиқ тарафларда тадбиркорлик билан шуғулланяпти.

-Қанақа тадбиркорлик?

-Ёнғоқфурушлик қиляпти.

-Огоҳлантириб қўяй, агар алдаётган бўлсанг, хумпар, ИТАР-ТАССнинг махсус мухбири этиб Учқўрғонга юбораман, - деб ўрнимдан турдим. – Кет мундан! – деб стол остидаги тугмачани босдим. Ҳидоят Махсум орқасига тисарилиб хонадан чиқдию адьютантим кириб келди. – Вертолёт ҳозирлансин, Бўстонлиққа бораман. Шошма, анави масала нима бўляпти?

-Қайи масала? – деди адьютан кўзларини пирпиратиб.

-Қайси масала бўларди, галварс! Қаламкашни сўраяпман!

-Бу иш билан Пароканд шуғулланяпти, шекилли.

-Шапшаклик қилма! Ҳамма шуғулланяпти, энди сан ҳам шуғулланасан.

-Хўп бўлади.

-Тез бўл, тошбақа!

-Хўп.

Устки лабимга ясама мўйлов ёпиштирдим, оёғимга кирза этик кийдим, эгнимга эски чопон ташладим ва типратикон солинган банкани қўлтиғимга қисиб вертолётга чиқдим. Бўстонлиқ томон йўл олдик. Йўл-йўлакай Ҳожи дўстим Бурчмулла қишлоғида гузар яқинидаги битта хонадонни ижарага олиб, ёнғоқ мағзини загатовка қилаётгани тўғрисида маълумот келди. Тўс-тўполон бошланмаслиги учун вертолётни кўприк ёнидаги чимзорда қолдириб, ўзимиз чегарачиларнинг “ГАЗ-69” машинасида Бурчмуллага чиқиб бордик. Бўш пайтларида киракашлик қиладиган ёлланма сержант бизни тўппа-тўғри ёнғоқ мағзи загатовка қилинаётган хонадонга олиб борди.

Дарвозадан ҳовлига кириб ажаб манзарага дуч келдик.

Хотин-халаж, бола-чақа тўп-тўп бўлиб ўтирарди. Ҳар бир тўп ёнида икки юз литрлик бочка. Бочкага сув тўлдирилган, сувда ивитиб қўйилган ёнғоқлар қалқиб турарди. Учта хотин пўстакларга чордона қуриб олган, ҳар бирининг қўлида зира мих қоқишга мўлжалланган болғача, пишган ғишт устига ёнғоқни қўйиб кетига аста-аста уч бора зарба бериб рўпарасига отиб юборяпти. Уч бола эса ёнғоқларни пўчоғидан ажратиб, пўчоғини бир тарафга, мағзини бошқа тарафга ажратиб қўяр эди. Уч киши ёнғоқни чақиб турса, уч киши пўчоқдан мағзини ажратади.

Биз ўзимизни иш излаб келган мардикорлардек таништирдик. Тадбиркорлик қилаётган Ҳожи бобони сўрадик. У қишлоқ оралаб ёнғоқ қоқаётган одамлардан хабар олгани кетган экан. Сўраб-сўраб Ҳожини бир кишининг томорқасидан топдик. У мани дарров таниди. Қучоқлашиб кўришдик. Чакмон кийиб олган адьютантим кўтариб турган банкани кўрсатиб:

-Ман санга типратикон совға қилмоқчиман, - дедим.

-Қуллуқ, - деди Ҳожи кулимсираб. – Қишлоқда типратикон тиқилиб ётибди.

-Ке, қўй, гина-кудуратни унутайлик, - дедим елкасига қўлимни ташлаб.
XS
SM
MD
LG