Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:00

Каражич ишни чўзмоқда


Каражич маҳкамада ўзини ўзи ҳимоя қилмоқда.
Каражич маҳкамада ўзини ўзи ҳимоя қилмоқда.

Геноцидда айбланаётган босниялик серблар етакчиси Радован Каражич 26 октябр куни Ҳаагада ўзи устидан бошланган маҳкама жараёнига бойкот эълон қилди.

Қораловчилар маҳкаманинг биринчи ва иккинчи кунлари Каражичга нисбатан қўйилаётган айбловларни тақдим қилишни режалаган эди. Бироқ Каражичнинг суд залига келмагани боис, маҳкама ўз ишини тўхтатишга мажбур бўлди.

Босниялик серблар етакчиси Радован Каражич маҳкамани бойкот қилиш тўғрисидаги қарорини изоҳлар экан, тергов материаллари билан танишиб чиқмагани ва ўзини ҳимоя қилишга тайёр эмаслигини таъкидлади.

Ҳакам Гон Квон маҳкама жараёни бошланишидан 15 минут ўтиб, бугунги йиғинни тўхтатишга мажбур бўлди.

-Айбланувчи жаноб Каражич суд залига келмади. Қайд этмоқчиман, Каражич маҳкама давомида ўзини ўзи ҳимоя қилишини билдирган ва бугунги маҳкамада унинг вакили ҳам қатнашгани йўқ, деди ҳакам Гон Квон.

Каражич ўтган ҳафта ҳакамга йўллаган мактубида ўзини ҳимоя қилишга тайёр бўлмагунча маҳкамада қатнашмаслиги билдириб, тергов иши билан танишиб чиқиши учун 2010 йилнинг июн ойигача муҳлат беришни сўради.

64 яшар Каражич жами 11 жиноят, жумладан, геноцид, уруш жиноятлари ва 100 мингдан зиёд фуқаро ёстиғини қуритган 1992-1995 йилги Босния уруши чоғида инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.

Каражич эса бу айбловларни мунтазам равишда инкор қилиб келмоқда. Серблар етакчиси айбдор деб топилгудек бўлса, унга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Каражич иккита ҳолат бўйича геноцидда айбланмоқда. Биринчиси 1995 йилда Сребреницада 8000 мусулмонни қатлиом қилгани ва иккинчиси уруш йиллари давомида Босниянинг мусулмон ва хорват аҳолисига қарши этник тозалашлар олиб боргани учун унга бундай айбловлар қўйилмоқда.

Ҳаага суди прокурорлари Алан Тиегер ва Ҳилжералд Уэртц-Ретзлаф Каражични унинг уруш даврида ҳарбий қўмондони Радко Младич билан биргаликда маҳкамага тортиш ниятида эди. Бироқ Радко Младич ҳануз БМТ томонидан қидирилмоқда.

Аксар кузатувчилар Каражич устидан бошлаганган маҳкамани БМТ учун Югославия борасида, жумладан, собиқ президент Слободан Милошевич устидан олиб борилган маҳкама жараёнларини ўзгартиш киритиш имконияти сифатида баҳоламоқдаоар. Боиси Милошевич суди тўрт йилга чўзилиб кетиб, ҳукм чиқарилмай туриб собиқ президент қамоқда вафот этган эди.

Прокурор фикрича, Каражичнинг судга бойкот эълон қилиши маҳкамани чўзишга қаратилган стратегиянинг бир қисмидир.

-Айбланувчининг суд залига келмаслиги маҳкама жараёнинг давом эттирилишига тўсқинлик қилади. Унинг аввал айтган сўзларини инобатга оладиган бўлсак, маҳкама бошланиши саккиз ойга чўзилиши мумкин, боиси икки ой муқаддам Каражич ўзига 10 ой муҳлат беришни сўраган эди. Унинг бу каби ҳаракатлари эса маҳкама ишига таъсир этмай қолмайди ва бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўли Каражичга адвокат тайинлаш лозим деб биламан,деди Ҳаага маҳкамаси прокурори.
XS
SM
MD
LG