Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:23

Жонидан тўйган ҳуқуқбон бўладими?


43 яшар Аушев ўз қишлоғида дафн қилинди.
43 яшар Аушев ўз қишлоғида дафн қилинди.

26 октябр куни Ингушетияда таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Макшарип Аушев жойига қўйилди. Унинг дафн маросимига 3000 дан зиёд одам йиғилди.

Аушевнинг машинаси якшанба куни қўшни Қабардино-Балқарияда номаълум шахслар томонидан ўққа тутилди.

Макшарипнинг яқинлари ва унинг тарафдорлари фикрича, мазкур қотиллик Шимолий Каваказда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиш ўз жонига қасд қилиш билан тенг бўлиб қолганини кўрсатиб турибди.

Фожеадан сўнг ҳисоблаб чиқдилар: инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва тадбиркор Макшарип Аушевнинг машинасига қарата 60 дан зиёд ўқ узилган.

Маълумотларга қараганда, 43 га кирган Аушев қўшни Қабардино-Балқариядаги қариндошларини кўришга борган эди.

Аушев Ингушетиянинг аввалги раҳбари, президент Мурат Зязиковнинг ашаддий танқидчиларидан бири сифатида танилган.

Аушевнинг ўлдирилиши, Ингушетиядаги аҳволдан яхши хабардорлар ёдига ўтган йили юз берган бошқа фожеани - Ингушетия.орг сайти раҳбари Магомед Евлоевнинг милиция машинасида ўлдирилганини солади.

Евлоевнинг ўлимидан сўнг Макшарип Аушев Ингушетия. оргни бошқариб турган эди.

Ҳюман Райтс Уотчнинг Россиядаги бўлими раҳбари Татьяна Локшинанинг айтишича, Аушев инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан яқинларидан икки киши – ўғли ва жияни 2007 йили ўғирлаб кетилганидан сўнг шуғуллана бошлаган эди.

Локшинанинг айтишича, Аушев ўшанда имконсиз ишни амалга оширган – ўғли ва жиянини топган ва қутқариб олган эди. Шундан кейин у республикадаги вазиятни ўнглаш учун енг шимарганди, дейди Локшина.

Ўлимидан олдин Аушевга бир неча марта ўлим таҳдиди бўлгани маълум. Сентябр ойида Свобода радиоси билан суҳбат чоғида уни ўғирлаб кетишга ҳам уриниш бўлганини айтиб берган эди.

Ўшанда у давлат амалдорлари билан республикадаги вазият муҳокамасига бағишланган учрашувдан қайтаётган эди.

Уни милиция ходимлари тўхтатиб, ҳужжатларини олиб қўйган, шундан сўнг очиқдан-очиқ тажовуз бошлашган, хавфдан қочиб қутулай деб турганида ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдори келиб қолиб, қутқариб қолган эди.

Свобода мухбири Аушевдан ўша милиция ходимларига сизни қўлга олиш нима учун керак эди, кимнинг буйруғини бажарган бўлишлари мумкин, деб сўраганида у:

- Комил ишонч билан айтаманки, улар Зязиков (собиқ президент)нинг одамлари эди. Улар сиёсий буюртмани бажаришлари керак эди. Чунки Зязиков ва унинг одамлари республикани ҳозир ҳам амалда бошқариб турган одамлардир, деган эди.

Мурат Зязиков бундан бир йил муқаддам президентликдан кетган ва унинг ўрнига Юнусбек Евкуров тайинланган эди. Евкуровнинг ўзи ҳам бир неча ой олдин бир ўлимдан қолди.

Айтишларича, Макшарип Аушевнинг Евкуров билан алоқалари яхши бўлган.

Ингушетия президенти Юнусбек Евкуров кеча берган баёнотида Аушевни юқори баҳолаб, уни републикадаги ҳурматли кишилардан бири эди деди ва қотилларни топиш учун зарур барча иш қилинажагига ваъда берди.

Инсон ҳуқуқлари "Мемориал" маркази вакили Александр Черкасов Аушевнинг ўлимини инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳаракати учун, Ингушетия ва умуман Россия учун катта йўқотиш, деб баҳолади.
XS
SM
MD
LG