Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:40

Пахта қурбонлари сони ортмоқда


Шовот йўлидаги автоҳалокатдан жабр кўрганлар¸ дастлаб Урганч туманидаги тез ëрдам хизматига олиб келинган.
Шовот йўлидаги автоҳалокатдан жабр кўрганлар¸ дастлаб Урганч туманидаги тез ëрдам хизматига олиб келинган.

27 октябр куни Озодликка кетма-кет келган хабарларга кўра¸ мамлакатнинг икки бурчаги - Хоразм ва Фарғонада пахтадан қайтаëтган ҳашарчилар автоҳалокатга учраб¸ оламдан ўтган.

Хоразмлик талаба Ҳамид Ҳакимов Ўзбекистондаги пахта терим мавсумининг навбатдаги қурбони бўлди.

Воқеа гувоҳи бўлган урганчлик Дамас ҳайдовчисининг Озодликка маълум қилишича 26 октябр куни Шовот туманидан Урганчга келаëтган пахта теримчилар тушган автобус ағдарилган.

Гувоҳнинг айтишича¸ автобус олдига трактор чиқиб қолган. Автобусчи рул чамбарагини кескин бургани ҳамоно автобус ағдарилган.

Воқеа гувоҳининг Озодликка айтишича автоҳалокат оқибатида бир неча теримчи ўлган.

Шовот тумани касалхаонаси врачи Озодлик билан суҳбатда аварияга учраган теримчилар зудлик билан Урганч тумани шошилинч тиббий ëрдам кўрсатиш марказига жўнатилганини маълум қилди.

- Шунга бўлса керак. Иккинчи касалхонага. Райцентр¸ тез ëрдамга¸ дейди Шовот тумани касалхонаси врачи.

Шошилинч тиббий ëрдам маркази диспетчери Озодлик билан суҳбатда автоҳалокатга учраган пахта теримчилардан фақат биттаси¸ урганчлик талаба Ҳамид Ҳакимов ўлганлигини тасдиқлади.

- Ало¸ эшитаман.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум. Урганч-Шовот йўлидаги авариядан олиб келинган болаларнинг аҳволи қандай?

- Яхши¸ ҳаммаси яхши.

Озодлик: Нима бўлди ўзи?

- Ҳаммасига ëрдам кўрсатилди. Ҳаммаси жойида.

Озодлик: Нечта одам ўлди?

- Биттаси.

Озодлик:
Исмини биласизми?

- Исми Ҳамид. Фамилиясини билмайман лекин. Доктор бола Ҳакимов Ҳамид деяпти.

Озодлик: Неча ëшда бу бола?

- 1978 йил.

Озодлик: Қаерда бўлди бу? Урганч-Шовот йўлида бўлибдими?

- Ҳа¸ шу ерда бўлибди.

Озодлик: Бу автобусмиди?

- Ҳа¸ деди Урганч туманида жойлашган вилоят шошилинч тиббий ëрдам маркази диспетчери.

Ҳозир касалхонада олти –еттита теримчи бор¸ улар аста секин ҳушига келмоқда¸ деди касалхона вакили.

- Олти-етти бўлса керак. Уларнинг аҳволи яхши. Касалхонадан учтасими-тўрттасими чиқиб кетибди. Бу ерда иккита-учтаси қолди. Оëғи синганга ўхшайди¸ дейди шошилинч тиббий ëрдам маркази диспетчери.

Автобус ҳайдовчисига ҳам тиббий ëрдам кўрсатилган аммо у ҳозир Ички ишлар бўлимига олиб кетилган¸ деди суҳбатдош.

- Шофëр милицияхонада экан. Уни ҳам яхши дейишаяпти.

Озодлик: Болаларнинг ўзи қаердан? Урганч шаҳриданми¸ Урганч туманиданми?

- Ҳаммаси Урганч туманидан.

Озодлик:
Мактаб ўқувчилари-а?

- Ҳа¸ дейди касалхона вакили.

Айни пайтда Ўзбекистондаги пахта мавсуми қурбонлари кўпаймоқда.

Фарғона вилояти Данғара туманида учта аëл пахта теримидан мотороллерда қочаëтиб¸ юк машинаси тагига кириб кетган.

Фарғонадаги манбаларга кўра бу уч аëлнинг иккитаси воқеа жойида¸ учинчиси эса шифохонада жон берган.

- 18-19 куни бўлди. Ҳаммани пахтага олиб борганда. Улар пахтадан қочаëтган бўлган. Уч киши бўлган. Биттаси қиз бола. Қолган иккитасининг иккитаданми боласи бор экан. Мотороллерга пиëз юклаган катта йўлга чиқиб олсак кетамиз деб. Моторолчи маст бўлганми¸ улар сезмаганми мастлигини¸ катта йўлга чиққанда қанақадир машинага урилиб авария бўлган. КамАЗгами¸ катта машинагами урилган. Воқеа жойида моторолчи¸ қиз ва битта жувон ўлган экан. Наригиси реанимацияда ўлибди. Пединститутнинг студентларидан ҳам биттаси ўлган. Битта студент қулоғига наушникни тиқиб¸ даланинг ичида ухлаб қолибди. Трактор буғдой экаëтган эканми¸ култивация қилаëтган эканми кўрмасдан эзиб кетибди¸ дейди Фарғонадаги манба.

Озодликка келган маълумотларга кўра¸ 2009 йил пахта мавсумида Андижоннинг Улуғнор туманида бир ўқувчи пахтакорни бўри ғажиб ўлдирган ва Бухоронинг Шофиркон туманидан пахтага олиб чиқилган 6 синф ўқувчиси Беҳзодни пахтадан қайтаëтганида машина босиб кетган.

Бу бизга маълум бўлганлари холос.

2008 йили Ўзбекистондаги терим мавсумида ўндан зиëд ўқувчи ўлган эди.
XS
SM
MD
LG