Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:40

ЕИ санкциялари самара бердими?


ЕИ резолюциясида ëзилганларга қасдма-қасд¸ маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг аксари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятида яхшиланиш мутлақ кузатилмаганини айтишмоқда.
ЕИ резолюциясида ëзилганларга қасдма-қасд¸ маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг аксари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятида яхшиланиш мутлақ кузатилмаганини айтишмоқда.

27 давлат аъзо иттифоқ Ўзбекистонга нисбатан тўрт йил амалда бўлган жазо чораларини буткул бекор қилган айни кунда Озодлик ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига шу савол билан мурожаат қилди.

Аксар таҳлилчилар ЕИ санкциялари эълон қилингандан кейин Ўзбекистон ҳукумати “тўнини тескари кийиб олиб” инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳеч қанақа ўзгариш қилмаганини таъкидламоқдалар.

Айни пайтда¸ Тошкентдаги Тезкор ҳаракат гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов санкциялар амалда бўлган ўтган йиллар мобайнида инсон ҳуқуқлари борасида бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлди¸ деган фикрда.

- Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида айнан шу санкциялар режими даврида яхши тарафга ўзгариш бўлганини кузатишимиз мумкин. Масалан¸ Ҳабеас корпус институти жорий этилди. Илгари судгача қамоққа олиш чорасини судлар қўлламас эди. Ҳозир судлар қўллай бошлашди. Ўлим жазоси бекор қилинди. Одам савдоси бўйича бир қанча ҳужжатлар қабул қилинди. Ёки болалар меҳнати масаласини бошқариш бўйича иккита халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциясини ҳам имзолашди. Мана шу ҳолатларни биз инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сифатида ижобий ҳолат¸ деб таъкидлашимиз лозим. Албатта¸мана шу қадамларга Ўзбекистон ҳукумати биринчи навбатда Европа иттифоқи томонидан эълон қилинган халқаро санкциялар босими остида борди. Шу санкциялар режимининг Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатган таъсири бўлди, дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқ фаоли суҳбат давомида айни ҳолатларнинг аксари амалда ҳалқаро қонун меъёрларига жавоб бермаслиги¸ яъни уларнинг “ўзбекча модел”да ишлаётганини ҳам қўшиб қўйди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, санкциялар даврида амалга оширилган "ислоҳот"ларнинг амалдаги ижроси умуман сезилмаяпти.

- Ўзбекистон фақат хўжакўрсинга ваъда беради. Буни дунëга ëймоқда. Афсуски¸ булар бу ерда бирорта нарсани қилгани йўқ. Масалан¸ суд¸ тергов¸ ички ишлар бўйича реформа қиламиз деган. Матбуотга қарасангиз¸ “Биз бу ислоҳотни қилаяпмиз” деб ëзилади ëки айтилади. Аммо биз ўз ахборотларимизда инсон ҳуқуқлари аҳволи йилда йилга ëмонлашиб бораëтганини далил-исботлар билан бериб келаяпмиз, дейди Суръат Икромов.

Аксар ҳуқуқ фаоллари ЕИ санкциялари рамзий характерга эга бўлгани ва бу даврда мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи деярли ижобий томонга силжимаганини таъкидлашади.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова ҳам санкцияларнинг жуда кучсиз бўлганини айтар экан, санкциялар давридаги мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволини шундай тасвирлайди.

- Шу пайтгача инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ҳануз қамоқда сақланишмоқда. Халқаро ташкилотлардан¸ айниқса¸ Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти шу бугунга қадар ҳеч қандай аккредитация ҳақида маълумотга эга эмас. Бундан ташқари бизнинг судларда қатнашишимиз¸ умуман инсон ҳуқуқлари ташкилотларига муносабат эскича қолмоқда. Яъни тазйиқлар¸ босимлар давом этмоқда. Бундан ташқари Андижон воқеалари бўйича ҳам ҳеч қандай ижобий қадам қилинмади. Қийноқлар ҳамон давом этмоқда. Ҳамон диний ва сиëсий эътиқодига кўра қамаладиганлар сони ортиб бормоқда. Бундан ташқари қамоқхоналарда уларга нисбатан қийноқларнинг чеки йўқ, қамоқхоналардан ҳалигача диндорларнинг ўликлари келиб ëтибди, дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Франциядаги вакили Толиб Ёқубов “Эзгулик” раҳбари тилга олган айни ҳолатлар мамлакатда санкциялар жорий қилинмасдан олдинги аҳвол билан айни эканини айтади.

- Ўзбекистон ҳукумати санкция бўлган пайтда ҳам¸ бўлмаган пайтда ҳам инсон ҳуқуқларига нисбатан душманлик кайфиятида бўлган, дейди Толиб Ёқубов.

Лекин аксар таҳлилчилар санкциялар даврида Мўътабар Тожибоева, Умида Ниёзова, Ихтиёр Ҳамроев сингари бир қатор ҳуқуқ фаолларининг қамоқхонадан озодликка чиқарилганини олқишлайдилар.

Биз суҳбатда бўлган ҳуқуқ фаоллари фикрича бу ҳолат мақташга арзимайди. Боиси дейди улар:

Толиб Ёқубов: Қамоқхоналардан бир қанча одамларнинг чиқарилиши Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат пайдо бўлди¸ дегани эмас. Биз биламиз¸ битта ҳуқуқбонни қамоқдан чиқарган бўлса¸ ўрнига бошқасини олиб бориб қамаган.

Суръат Икромов:
Бу сиëсий спекуляция. Бугун учта-тўрттасини чиқариб¸ эртасига 10 тасини қамашнинг нима кераги бор? Биласизми¸ бу спекуляция.

Маълумки, санкциялар даврида Ўзбекистонда қама-қамалар бир оз бўлсада камаймади. Бу даврда ҳукумат қора рўйхатида бўлган “ваҳҳобийлар”, “ҳизбчилар” сафига “нурчилар” ҳам қўшилди. Ўзбекистонда ўтган йилнинг август ойидан бошлаб нурчиликда айбланиб 100 га яқин одам маҳкамага тортилди,дейди Суръат Икромов.

Васила Иноятова
га кўра, агар Ўзбекистон ҳукумати ЕИ санкцияларида назарда тутилган талабларни бажарганида мамлакатда инсон ҳуқуқлари бир қадар яхшиланган бўларди. Бироқ Васила Иноятова фикрича, Расмий Тошкент ЕИ санкцияларига беписандлик билан муносабатда бўлиб келган.

- Ўзбекистон ҳукумати нафақат бу санкциялар¸ умуман халқаро ташкилотлар томонидан бериладиган ҳар қандай масалалар¸ муаммолар айтайлик¸ болалар меҳнати¸ мана бутун дунë Ўзбекистондаги болалар меҳнатини танқид қилиб ëтибди¸ Андижон воқеалари умуман Ўзбекистонда демократик ислоҳотларнинг бўлмаëтгани ҳақида кескин гаплар бўлиб ëтибди¸ Ўзбекистон пинагини бузмайди. У парво қилмайдиган¸ ўз билганидан қолмайдиган¸ ўзига мос келмайдиган сиëсатдан воз кечадиган ҳукумат бу. Шунинг учун бугунги кунда “Сен билганингни қил. Мен билганимдан қолмайман” деган сиëсатни Ўзбекистон қўлламоқда, дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ хавотирларга қарамай, санкциялар бекор қилинган айни кунда “Эзгулик” жамияти қамоқхонадаги икки ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид ва Абдурасул Худойназаровнинг аҳволи ниҳоятда оғирлиги ҳақда ташвишли хабар тарқатди.
XS
SM
MD
LG