Линклар

logo-print

ЕИ қарорига норозилик билдирилди

  • Ҳурмат Бобожон

Брюсселдаги тадбир иштирокчилари "Андижон қатлиоми унутилмасин!"¸ деган шиор кўтариб чиқдилар.

Брюсселдаги тадбир иштирокчилари "Андижон қатлиоми унутилмасин!"¸ деган шиор кўтариб чиқдилар.

Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Люксембургда Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилишга келишиб олган айни пайтда¸ бир гуруҳ ўзбек мухолифатчилари бундай сиëсатга норозилик билдирдилар.

27 октябр куни Брюссел марказидаги Европа иттифоқи биноси олдида тўпланган мухолифат аъзолари¸ шунингдек андижонлик қочқинлар ва бир гуруҳ ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари иттифоқнинг Ўзбекистонга жорий қилинган санкцияларнинг сўнгги рамзий қисми - қурол эмбаргосини бекор қилиш қарорига норозилик билдирдилар.

“Санжар Умаровга озодлик! Самандар Қўқоновга озодлик! Муҳаммад Бекжонга озодлик!” дея ҳайқиришди ЕИ нинг улкан маъмурий қароргоҳи олдидаги жимликни бузган намойишчилар.

Тўпланганлар орасида Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ҳам бор..

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистонга нисбатан беш йил олдин уйғуланган санкциялар бугун бекор қилинаяпти¸ бекор қилинди. Бунинг изоҳ қиладиган ҳеч бир сабаби йўқ. Чунки санкциялар уйғуланган пайтдаги аҳвол бугун икки баробар ëмон. Аслида бугун бу санкцияларни икки баробар кучайтириб жорий қилиш керак эди.

Озодлик: Шу пайтгача бу санкцияларнинг бирор бир натижа бермагани айтилаяпти. Сизнингча¸ санкциялар билан бир нарсага эришиш мумкинмиди?

Муҳаммад Солиҳ: Бунинг маънавий қиймати бор эди. Яъни Ўзбекистондаги режимнинг репрессив эканини биз биламиз¸ деган маънода қилинган эди. Аслида бу Ўзбекистоннинг иқтисодига таъсир қиладиган ëки Ўзбекистоннинг у ердаги аҳволини ўзгартириш учун хизмат қиладиган санкциялар эмас эди. Мажозий¸ рамзий санкциялар эди. Бунинг бир маънавий тарафи¸ яхши томони бор эди. Бунинг "Каримовнинг диктаторлигини Европа иттифоқи билади" деган томони бор эди. Буларнинг бекор қилишидан “Йўқ¸ Каримов диктатор эмас” деган маъно чиқаяпти. Шу маънода буни Европанинг ўз позициясидан чекиниши¸ деб биламиз ва бу яхши нарса эмас.

Озодлик: Сизнингча¸ бу ëғига Европа иттифоқи нима қилиши керак?

- Европа Иттифоқи ҳозирги нуқтада ҳеч нарса қила олмайди. Оврупо бирлиги шу маънода ўзлари ҳимоя қилиб келган¸ ўзлари дунëга ташвиқ қилиб келаëтган бутун демократик принциплардан чекинди. Бугунги нуқтада бир нарса қила олмаяпти ва биз булардан бир нарса кутаëтганимиз йўқ. Биз ўз норозилигимиз билан Оврупо бирлигининг ожизлигини айтмоқчимиз¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Шунингдек пикетда Андижон воқеаларидан кейин мамлакатни тарк этган бир гуруҳ андижонлик қочқинлар ҳам иштирок қилди. Навбатдаги суҳбатдошимиз 13 май иттифоқи раҳбарларидан бири Нурулло Мақсудов.



Нурулло Мақсудов: Пикет кўринишидаги чиқишимиз Европа парламенти аъзоларига таъсир қилади¸ деб умид қиламиз. Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларнинг бугун охирги қисми¸ яъни қурол эмбаргоси кўрилди. Биз санкцияларнинг олинишига қаршимиз. Биз олдинги қўйилган санкцияларни тиклашни ва Ўзбекистонга мустақил тергов комиссиясини олиб киришни талаб қиламиз.

Мана қотилликдан тўрт йил ўтди. Тўрт йил давомида Ўзбекистоннинг сиëсатида¸ бошқарувида¸ инсон ҳақ-ҳуқуқларида ўзгаришлар бўлгани йўқ. Зулм янада кучаяяпти¸ одамлар уйдирма айблар билан олиб кириб қамалаяпти. Қамалишда ҳам узоқ муддат берилаяпти. Биз мана шу қамалишларни¸ Ўзбекистондаги диктатура тизими билан дўстлашиб¸ уларга хайрихоҳ бўлаëтган¸ улар билан муроса қилишликка қадам қўяëтган Европа парламенти ва бошқа шунга ўхшаган давлатларни қоралаймиз. Бизнинг талабларимизни инобатга олишни сўраймиз.

Озодлик: Сизнингча¸ Европа иттифоқи санкциялар билан бир нарсага эришиши мумкинмиди? Санкциялар орқали Андижон воқеалари юзасидан тергов ўтказилишига эришиш мумкин¸ деб ўйлайсизми?

- Албатта¸ биз умид қиламиз ва шундай бўлади деб ўйлаймиз. Шуни талаб қиламиз¸ дейди Нурулло Мақсудов.

Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг сешанба куни Люксембургда якунига етган навбатдаги учрашувида Ўзбекистонга нисбатан иттифоқ жазо чоралари тўлиғича олиб ташланди.

21 октябр куни Брюсселда учрашган ЕИ дипломатлари, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти билан боғлиқ хавотирларга қарамай, Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган қурол эмбаргосини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди¸ 27 октябр куни Ташқи алоқалар кенгаши ана шу қарор устига якуний муҳр босди.

“Ўзбекистон расмийларини қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича янада жиддийроқ қадамлар қўйишга рағбатлантириш ва Ўзбекистон расмийлари ўз зиммасига олган мажбуриятларни инобатга олган ҳолда, Европа Кенгаши 2008 йилдаги Кенгашнинг умумий позициясига биноан кучда қолган жазо чораларини янгиламасликка қарор қилди”, дейилади ЕИ га аъзо давлат Ташқи ишлар вазирлари тасдиқлаган резолюцияда.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан жиддий хавотирда қолаётган Европа иттифоқи бундай қарорни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш ва қонун устиворлигини таъминлашга Тошкент ҳукуматини рағбатлантириш мақсадида қабул қилингани билдирилган.

Айни пайтда¸ Европа иттифоқининг Ташқи алоқалар кенгаши олти банддан иборат ўз резолюциясида Ўзбекистон ҳукуматини қамоққа ташланган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва виждон тутқунларини озод қилишга чақирган.

Резолюцияда шунингдек¸ расмий Тошкент халқаро ва маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари, жумладан Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистонда фаолият юритишига шартларсиз имкон яратиш, қийноқлар бўйича БМТ махсус вакили билан ҳамкорлик қилиш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги халқаро конвенция талабларини амалда бажаришга ҳам чақирилган.

Ўзбекистон ҳукумати сайловлар борасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан тўлиқ ҳамкорлик қилиш, хусусан 2009 йил 23 декабрида ўтказиладиган парламент сайловларининг демократик андозаларга мос бўлиши учун ЕХҲТнинг сайловлар бўйича идораси ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларини бажаришга чақирилган.

Ўтган йил давомида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистонда бир оз олдинга силжиш бўлгани қайд этилган Европа иттифоқининг Ташқи алоқалар кенгаши резолюциясида Тошкент ҳукумати ушбу жараённи давом эттиришга даъват қилинган.

Ҳужжатда Европа иттифоқи кенгашининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яқиндан¸ мунтазам равишда кузатиб бориши алоҳида таъкидланган.

Европа иттифоқи санкциялари 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юзага чиққан қонли воқеаларидан кейин жорий қилинган ва жазо чораларига қурол эмбаргосидан ташқари Андижонда тинч аҳолининг қирғин қилиниши учун масъул бўлган Тошкент мулозимларига нисбатан виза чеклови ва Европа иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқотни тўхтатиш қарори ҳам қўшилган эди.

2006 йил кузида икки томон ўртасидаги сиёсий мулоқот тикланди ва 2007 йилнинг ёзига келиб виза чекловининг кучи аввал вақтинча тўхтатилди, кейин эса бутунлай олиб ташланди.

Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида қурол олди-сотдиси деярли йўқлиги инобатга олинса, 27 октябр куни бекор қилинган эмбарго рамзий характерга эга эди.

Шундай бўлса-да¸ нафақат ўзбек мухолифати фаоллари¸ балки халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Европа иттифоқининг санкцияларни бекор қилиш қарорини қоралади.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакиласи Вероника Зенте-Голстон:

- Ўта рамзий чора бўлишига қарамасдан қурол-яроғ эмбаргоси Ўзбекистондаги аҳвол одатий эмаслигини кўрсатувчи бир тамға эди. Бу тамғанинг олиб ташланиши учун эса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида анча ишларни қилиши лозим эди. Санкцияларни бекор қилиш орқали Европа иттифоқи ўзининг заифлигини намойиш этди ва энг асосийси Ўзбекистондаги ҳуқуқлари топталган одамларнинг умидларини пучга чиқарди¸ деди Вероника Зенте-Голстон.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг матбуот ва информация бўлими директори Эндрю Штролайн:

- Жойдаги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, санкцияларнинг бекор қилишини ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини ўлдириш учун эски совет қурол-аслаҳалардан ҳам фойдаланиши мумкин. Бунинг учун уларга Европа иттифоқидан қурол-яроғ керак ҳам эмас. Бироқ санкцияларнинг бекор қилишини рамзий жиҳатдан катта аҳамиятга эга ва бу дунёдаги энг репрессив режим зулмидан азият чекаётган одамнинг юзига тарсаки солиш билан барорбардир. Сакнцияларнинг бекор қилиниши Европа иттифоқи ташқи сиёсатини издан чиқариш баробарида дунё бўйлаб авторитар давлатларга Европа Иттифоқини ҳам унинг санкцияларини ҳам жиддий қабул қилмаслик керак каби муждани беради¸ дейди маркази Брюсселда жойлашган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили.

Халқаро Амнистия ташкилотининг вакиласи Мэйси Вейшердинг:

- Жуда ҳам ҳафсаламиз пир бўлди. Европа иттифоқининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилган одамлар ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаганинидан ҳафсаламиз пир бўлди. Адолатсизлик қарор топди. Бу санкциялар Ўзбекистон ҳукуматини Андижондаги қатлиом юзасидан мустақил тергов ўтказишга мажбур қилиш мақсадида кирилган эди. Тергов ўтказилгани йўқ ва санкцияларни бекор қилиш орқали Европа иттифоқи ўзининг энг асосий принципларидан воз кечаяпти¸ деди Халқаро Амнистия расмийси.

Москвадаги Мемориал инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг Марказий Осиё бўйича дастурлари раҳбари Олег Понаморëв:

- Мемориал фикрича, санкцияларни бекор қилиш қарори Европа иттифоқининг ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб Ўзбекистондаги систематик ва қўпол тарзда топлалаётган инсон ҳуқуқларига кўз юмаётганидан даракдир. Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб сиёсий маҳбус қолмоқда. Бу йили қатағонлар янада кучайди. Бу вазиятдан келиб чиқиб санкцияларнинг ҳеч бир асоссиз бекор қилиниши дунёдаги энг ашаддий диктатурага кўрсатилган илтифотдан бошқа нарса эмас¸ деди Мемориал вакили Олег Понаморëв.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG