Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:54

АҚШ ўзбек мусулмонлари ҳолидан ташвишда


"Ҳозир мусулмон кишига жиноятчига¸ террорчига¸ рецидивист одамга қарагандай қарашаяпти" дейди Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликлардан бири.
"Ҳозир мусулмон кишига жиноятчига¸ террорчига¸ рецидивист одамга қарагандай қарашаяпти" дейди Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонликлардан бири.

Жаҳондаги диний эркинлик вазиятига оид янги ҳисоботини эълон қилган АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни Халқаро диний эркинликлар акти бўйича алоҳида ташвиш уйғотувчи давлат дея баҳолади.

АҚШ Давлат Департаментининг диний эркинликлар бўйича эълон қилган янги ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда диний эркинлик конституция бўйича кафолатланган. Бироқ 1998 йилда қабул қилинган Дин ҳақидаги қонун ҳатто қайдга олинган диний ташкилотлар ҳуқуқларини ҳам чеклаб қўяди. Барча диний адабиётлар фақат ҳукуматнинг рухсати билан ва қаттиқ цензурадан ўтгандан сўнг нашр этилади. Бу қонунни бузганлар қаттиқ жиноий жавобгарликка тортилади.

Ҳисоботга кўра, гарчи сўнгги икки йил ичида “Ҳизбут-Таҳрир” сингари экстремист оқимларга алоқадорликда айбланиб қамалганлар сони бир мунча озайган бўлса-да, ўзбек жамиятида бошқа бир қатағон жараёни бошланган. “Нурчилар” диний оқимига алоқадорликда айбланиб 42 киши икки йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

“Форум 18” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича муҳаррири Феликс Корли ҳам Ўзбекистонда бу йил диний эркинлик хусусидаги вазият янада оғирлашганини айтади.

- Сўнгги пайтларда Ўзбекистон қамоқхоналари диндорлар билан шунчалик тўлдики, ҳатто ҳукумат ҳам уларнинг аниқ сони қанча эканлигини билмайди. Уларнинг орасида қанча одам қилган жинояти учун қамалган, яна қанчаси умуман гуноҳсиз - буни ҳам ҳеч ким билмайди. Лекин бу йил "нурчилар" диний оқимига алоқадорликда айбланиб 47 киши қамалди. Бу факт. Туркиялик Бадиуззамон Саид Нурсий китобларини ўқиганликлари учун бу йигитларга берилган умумий қамоқ жазоси тахминан 380 йилни ташкил этди. Бу жуда ҳам узоқ муддат, дейди Феликс Корли.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда оддий мусулмонлар ҳам намозхонлиги учун доим қўрқувда яшайдилар, масжидлар турли сабаблар рўкач қилиниб ёпилaяпти, диний либосда юриш хавфли бўлиб қолди. Феликс Корлининг бу гапларини Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида яшайдиган Турдибек ҳам тасдиқлайди:

- Мусулмон кишига масжидларда ҳам¸ кўчада ҳам ҳеч эркинлик йўқ. Пайғамбаримизнинг (с.а.в) суннатларини бажармоқчи бўлсак¸ саллада ëки соқолда юрган киши бўлса¸ дарров милицияларнинг қўлига тушиб¸ судраб кетишади. Мана шунақа аҳвол. Мисол мен соқол қўйганман. Уголовныйданман¸ розыскданман деб хит қилаверади. “Қонун бор. Соқол қўйиш мумкин эмас” деган гапларни ҳам айтаверади. Хоҳлаган нимасини айтаверади. Эркинлик йўқ деганига мана шулар мисол бўлади¸ дейди Турдибек.

Унинг айтишича, ҳозир ёшларнинг масжидларга бориши ҳам хавфли бўлиб қолди.

- Тақиқлаб ташлаяпти. Ҳужжатида камчилиги бўлган ëки ҳужжатини очишга бир ярим миллион¸ бир миллион 700 минг етмай қолган¸ масжидларни ëпиб¸ МХХ аралашиб¸ микрофонларгача олиб кетиб¸ болаларни киргизишмай қўйишди. Таровеҳ намозларини ҳам ўқий олмадик бу йил. Масжидимизни СНБлар ëпиб кетди. “Мумкин эмас. Ҳатто уйларда ҳам йиғилишиб ўқимайсизлар. Фақат ифтор бўлган кунлари ўқишларинг мумкин” деган кўрсатмалар бериб кетишган. Бу энди йўқ деганида. Динга амал қилишни чегаралаб ташлаган. СНБдан¸ милициядан сўраб иш қилиш керак бўлаяпти¸ дейди Турдибек.

Норвегияда жойлашган “Форум 18” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича муҳарририФеликс Корлига кўра, Ўзбекистонда мусулмонларга нисбатан давлат машинаси ишламоқда, мафкуравий кураш олиб борилмоқда:

- Ўзбекистон ҳукумати гўёки дин ва диндорлар жамият учун хавфли деган маънода махсус дастур ишлаб чиққанга ўхшаб кўриняпти. Бу йил ана шу маънода бир қанча махсус кўрсатувлар уюштирилди. Бу кўрсатувларни кўрган ёшлар ҳатто масжидларга боришга қўрқиб қолдилар. Гўёки мусулмонлар энг катта террорчилар сифатида тасвирланди, дейди Феликс Корли.

Жиззахлик Турдибек ҳам Ўзбекистондамусулмонларга қарши мафкура машинаси шиддат билан ишлаётганини айтади:

- Мусулмон ҳозир айбдор бўлиб қолди. Бир террорчи чиққан бўлса¸ мусулмон айбдор. Ҳозир мусулмон кишига жиноятчига¸ террорчига¸ рецидивист одамга қарагандай қарашаяпти. Халқнику қўяверинг. Телевизорни кўриб¸ мусулмон одамга бошқача қараб қолди. Оддий халқ ҳам ҳозир мусулмон одамга ваҳҳобий дебми ëки бошқача бир назар билан қарайдиган бўлиб қолди. Журналистлар фақат телевизорга диний ташкилотни¸ террорчини олиб чиқади. Мусулмонга ҳам халқимиз ëмон кўз билан қараяпти. Телевизорнинг кўрсатгани шу. Ҳозир намоз ўқиган ҳам¸ суннатга амал қилган ҳам террорчига ўхшаб қолди. Мусулмон бирор жиноят қилмайидган инсон. У Худо дейдиган инсон. СНБ¸ милициянинг кўзи билан қарайдиган бўлса¸ энг ашаддий жиноятчи мусулмон одам. Қолган жиноятчилар билан иши йўқ¸ дейди Турдибек.

Водийлик Хайрулло аканинг сўзларига кўра, юзаки қараганда Ўзбекистонда диний эркинлик бордай туюлдаи. Чунки катта масжидлар ишлаб турибди, беш маҳал намозингни истаган пайтда бориб ўқишинг мумкин. Лекин аслида эса:

- Диний эркинлик йўқ ака. Аслида йўқ. кўзбўямачиликка бор. “Масжидларни очаяпмиз. 70та¸ 80та масжид” дейишади. Беш маҳал намозни ўқий олмасак¸ масжидни ҳам бекитиб қўяверсин. Ўзи шунга яраяпти холосда¸ дейди Хайрулло ака.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда диний эркинликнинг йўқолишига аслида мусулмонларнинг ўзлари айбдор.

- Диний эркинлик нима бўлиб йўқолиб қолди айтайми¸ ўзимизни ўзимиз қирқдикда биз. Ҳизбут деди¸ ваҳҳобий деди¸ ўзимиз ушлаб бердик. Энди навбат ўзимизга келди. Намоз ўқиганга ҳам¸ оқ дўппи кийганга ҳам¸ узун кўйлак кийганга ҳам ташланаяпти. Узун кўйлак миллий кийимимизку. Салла миллий кийимимизга кирадими¸ кирмайдими? Ҳозир салла кийиб чиқинг¸ 15 суткага қамайди. Унда Амир Темурнинг ҳайкалига костюм-шим кийгизиб қўйишсин. Амир Темурнинг ҳайкалини саллани кийгизиб¸ чопон кийгизиб ўтказиб қўйишибди. На миллий қадрият¸ на диний эркинлик¸ дейди Хайрулло ака.

АҚШ Давлат департаментининг ва ўзбекистонлик мусулмонларнинг бу айтганларига муносабат олиш учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний ишлар қўмитасига қўнғироқ қилдик. Лекин биз билан суҳбатдош бўлган шахс бизнинг саволларимизга жавоб беролмаслигини айтди:

-Узр¸ лекин биз бунақа жойларга интервью бермаймиз. Узрли бўлиб қолди ака¸ узр лекин¸ деди қўмита масъул ходимларидан бири.
XS
SM
MD
LG