Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:10

Санкциялар нима берди?


Европа иттифоқининг санкцияларни бекор қилиш қарори андижонлик қочқинларнинг Брюсселда норозилик намойиши ўтказишига сабаб бўлди.
Европа иттифоқининг санкцияларни бекор қилиш қарори андижонлик қочқинларнинг Брюсселда норозилик намойиши ўтказишига сабаб бўлди.

Европа иттифоқи Ўзбекистонга қарши жорий этган санкцияларидан сўнггисини бекор қилди. Люксембургда ўтган йиғилишда "санкцияларнинг бекор қилиниши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланишига хизмат қилади", деган умид билдирилди.

Расмий Тошкентнинг ҳисоб-китоби бўйича 187, нодавлат ташкилотларининг ҳисобича юзлаб киши 2005 йилнинг майида Андижонда ҳарбийлар отган ўққа учганидан сўнг, Европа иттифоқи Ўзбекистонга қарши икки аспектда санкция жорий этган эди.

Биринчидан, ўзбекистонлик юқори лавозимли 12 давлат амалдорига Европа иттифоқи ҳудудига кириш тақиқлаб қўйилган, иккинчидан, Ўзбекистон билан қурол-аслаҳа савдоси таъқиқланган эди.

2008 йилнинг октябрида Брюссел тилга олинган санкцияларнинг биринчисини бекор қилиш билан Европа иттифоқи-Ўзбекистон алоқаларини яхшилаш томон қадам қўйган эди.

Кеча санкцияларнинг иккинчиси ҳам бекор қилинди.

Европа иттифоқи Ташқи алоқалар кенгашининг 27 октябрь куни Люксембургда ўтган мажлиси натижалари юзасидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, сўнгги санкциянинг бекор қилинишига "Ўзбекистон кейинги йилларда ташлаган ижобий қадамлар" туртки берган.

Европа иттифоқи ўз баёнотида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотлар ўтказиши, қонун устиворлигини таъминлаши кераклигини ҳам таъкидлаган.

Яъни Европа иттифоқи қарори матни сатрлари орасидан "санкциялардан фойда бўлди" деган маънони уқиш мумкин.

Лекин инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, баъзи сиёсатшунослар фикрича, тўрт ярим йил амал қилган санкциялардан чиққан самара айтишга арзирлик эмас.

Брюсселдаги Европа сиёсий тадқиқотлари маркази ходими Майкл Эмерсоннинг фикрича, аслида "рамзий" бўлган санкциялар Ўзбекистондаги вазиятнинг анча эмас, анчайин ўзгаришига бироз туртки берган бўлди, холос.

Ўша "бироз туртки" сифатида сиёсатшунос Эмерсон қамоққа олиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказиб берилганини тилга олди.

Россия ва ЕврОсиё масалалари бўйича лондонлик мутахассис Жеймс Никсининг фикрича, Европа иттифоқи санкциялари Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар аҳволи ва умуман сиёсий эркинликлар билан боғлиқ вазиятга деярли таъсир ўтказа олмади.

Унинг фикрича, санкциялар ташқи сиёсат соҳасида самарали қурол бўлолмади ва худди мана шу ҳолат уларнинг бекор қилинишига асосий сабаб бўлди.

Инсон ҳуқуқлари Германия-Ўзбекистон форуми вакили Умида Ниёзованинг фикрича, икки санкциядан биринчиси муҳим эди, чунки у Андижон қирғини учун айнан кимлар жавобгар эканлигини кўрсатиб қўйди.

Асли ўзбекистонлик Умида Ниёзова Андижон фожеасидан сўнг қамалиб чиққан журналистлардан бири. Унинг фикрича, қурол эмбаргоси рамзий санкция бўлса ҳам, олиб ташланмаслиги керак эди.

- Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, - дейди Ниёзова, - икки йил аввалгига қараганда, янада ёмонроқ. Тўғри, бир неча ҳуқуқ ҳимоячиси, жумладан, мен ҳам қамоқдан озод қилинганмиз, лекин вазиятга кенгроқ ёндашар бўлсак, озод қилинганлардан кўпроқ одам қамоққа олинганини кўрамиз.
XS
SM
MD
LG