Линклар

Француз ва испан ҳарбийлари Манасдан чиқарилди


Француз ва испан ҳарбийлари Бишкекдан Душанбега кўчирилгани ҳақида хабар берилмоқда.

Француз ва испан ҳарбийлари Бишкекдан Душанбега кўчирилгани ҳақида хабар берилмоқда.

Қирғизистондаги АҚШ транзит марказидан Испания ва Франция ҳарбийлари олиб кетилди. Бундай ҳаракатга Бишкекнинг ўзаро келишув муддатини узайтирмагани сабаб бўлган.

Бишкекдаги АҚШ аксилтеррор транзит марказидан Испания ва Франция ҳарбийларининг бундан икки ҳафта илгари олиб чиқиб кетилгани борасида қирғиз ҳукумати расмий ахборот тарқатгани йўқ.

Қирғизистондаги Франция элчихонаси ҳарбий атташеси ёрдамчиси Эдуард Рушенинг Озодликка билдиришича, икки давлат ҳарбийларининг бу мамлакатдан чиқарилишига аввалги шартнома муддатининг якунлангани сабаб бўлган.

Француз дипломати қирғиз томони номаълум сабаблар билан янги шартномани имзолашни пайсалга солиб келаётганини айтган.

- Қирғизистон томони ниманидир кутаётганга ўхшайди. Ҳарбийларимизнинг Қирғизистондаги ҳозирлиги тўғрисидаги аввалги шартнома муддатини узайтириш мақсадида қилган уринишларимизга қирғиз ҳукуматидан позитив жавоб ололмадик. Натижада шартнома муддати тугагач, биз ўз ҳарбийларимизни олиб чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Чунки уларнинг бу ерда қолиши учун ҳуқуқий асос қолмади, деди француз дипломати Эдуард Руше.

Бир қатор халқаро ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, француз ва испан ҳарбийлари вақтинча Душанбега кўчирилган. Ҳарбийлар сони 90 нафар бўлиб, улар ихтиёрида иккита ҳарбий учоқ бор.

Француз дипломати Эдуард Рушенинг айтишича, ҳарбийлар ҳозирлиги борасида қирғиз ҳукумати ижобий қарор қабул қилишига умид бор.

-Албатта, биз бу ерга қайтиб келишимизга ишонамиз. Чунки бу нафақат бизнинг, балки минтақанинг ҳам манфаатлари доирасидадир.

Франция Афғонистонда барқарорликни тиклаш ва террорчиликка қарши курашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Афғонистонда бизнинг 34 аскаримиз ҳалок бўлди,деди Эдуард Руше.

Қирғизистон томони Испания ва Франция ҳарбийлари ҳозирлиги тўғрисидаги шартномалар муддатининг узайтирилиши нима сабадан кечикаётгани тўғрисида маълумот беришдан тийилмоқда. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига бу борада журналистлар томонидан қилинаётган мурожаатлар жавобсиз қолаётир.

Қирғизистон парламентининг Халқаро алоқалар қўмитаси раҳбари, депутат Эрик Арсалиев эса Испания ва Франция ҳарбийларига доир шартнома парламент қўмитасида кўриб чиқилганини айтди:

- Шартномаларни тасдиқлаш масаласини биз кўриб чиққанмиз. Шартномалар бизга жўнатилган. Уларни ратификация қилинишига қўмитамиз розилик берган. Бироқ шартномларда испан ва француз ҳарбийлари Бишкекдаги аксилтеррор транзит марказидан бепул фойдаланиши қайд қилинганига биз ўз норозилигимизни билдирганмиз, деди депутат Эрик Арсалиев.

Қирғиз парламентининг яна бир депутати Иса Ўмурқулов шартномаларда ижара ҳақи масаласи аниқ кўриб чиқилмагани боис ҳужжатлар ратификация қилинмагани ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига қайта жўнатилгани ҳақида маълумот берди.

Юқорида айтганимиздек¸ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу борада маълумот бермаётир. Шундай қилиб, Испания ва Франция ҳарбийларининг Қирғизистонга қайтиши ёки қайтмаслиги масаласи ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

2009 йилнинг февралида Қирғизистон парламенти Бишкекдаги АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш ҳамда аксилтеррор коалицияга аъзо 11 мамлакат билан шартномаларни бекор қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилган эди.

Бу қонунга биноан 2001 йилдан бери Қирғизистонда ҳозир бўлган АҚШ ва аксилтеррор коалицияси ҳарбийлари мамлакатни август ойида тарк этишлари лозим эди.

Бироқ Вашингтон ва Бишкек расмийларининг Кремл ўртамчилигида бир неча ой давом этган музокараларидан сўнг, жорий йилнинг 22 июнида АҚШ базасининг номи транзит маркази деб ўзгартирилган ва уни Қирғизистонда қолдириш ҳақида шартнома имзоланган эди.
XS
SM
MD
LG