Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:43

"Роғун қурилиши шарт!"


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Роғун ГЭСи қурилиши учун 2010 йилда бюджетдан 148 миллион доллар ажратилишини билдирди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Роғун ГЭСи қурилиши учун 2010 йилда бюджетдан 148 миллион доллар ажратилишини билдирди.

Тожикистон президенти хорижий самоя топилмагани ва Ўзбекистоннинг кескин қаршилигига қарамай, 2 миллиард долларлик Роғун ГЭСининг мамлакат бюджети ҳисобига қурилажагини билдирди.

28 октябр куни Роғун ГЭСини қуриш жараёни билан танишган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон: “Ҳар қандай оғир иқтисодий, технологик шароитдан қатъий назар, Роғун албатта қурили¸б ишга туширилиши зарур”лигини таъкидлади.

Тожикистон раҳбари ҳукумат яқин келажакда Роғун ГЭСининг фойдаланишга топширилиши учун барча имкониятларни ишга солиши, ўтган йил мазкур лойиҳа учун давлат бюджетидан 500 миллион сомоний (тахминан 145 миллион доллар – таҳририят) ажратилган бўлса¸ 2010 йилда яна 650 миллион сомоний (тахминан 148 миллион доллар - таҳририят) ажратилишини билдирди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигидан олинган маълумотларда айтилишича, шу йил ноябр ойи бошларида Вахш дарёси ўзани тўсилади ва Роғун тўғони қурилиши бошланади.

- Асосан тош ва шағалдан барпо этиладиган тўғон баландлиги 335 метр бўлади. Бу дунёдаги энг баланд тўғон бўлади¸ дея таъкидлади ўзаро суҳбатда Энергетика вазирлиги масъулларидан бири.

Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлараро муносабатларининг совуқлашувига ҳам айнан Роғун тўғони баландлиги атрофидаги тортишув сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон расмийлари Роғун ГЭСи қурилиши ва унинг 335 метрли тўғони минтақада сув тақчиллиги муаммосини кучайтиришини даъво қилмоқда.

Тожикистон расмийлари эса Роғун ГЭСининг трансчегаравий бўлмаган Вахш дарёси устида қурилаётгани, бу дарëнинг мамлакат табиий бойлиги саналишини рўкач қилиб¸ ўзбеклар даъвосини асоссиз деб рад этмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ минбарларидаги чиқишларида Роғун ГЭСи Амударёнинг қуйи оқимидаги давлатларни сувсиз қолдириши ва минтақа атроф-муҳитига салбий таъсир этиши ҳақида бонг уриб, қурилиш лойиҳасининг халқаро экспертизадан ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Ҳозирча Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилишига қарши эмаслиги, аммо қурилиш бирор дақиқа ҳам тўхтатилмаслиги, бу иншоотни тожиклар ўз кучи билан қуражакларини таъкидлашдан чарчамаëтирлар.

Бироқ соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Холмуҳаммад Азимов Тожикистоннинг бундай қиммат иншоотни якка ўзи қура олмаслигини айтади.

- Роғун ГЭСи қурилиши учун лозим бўлган 2 миллиард 216 миллион доллар маблағни икки - уч йилдан сўнг давлат бюджетидан ажратиш жуда қийин бўлиб қолади. Тожикистоннинг бугунги иқтисодий шароитини назарга олган ҳолда Роғун қурилишига Россия, Украина, Ўзбекистон ва бошқа шу каби хорижий мамлакатларни ҳам жалб қилиши лозим. Акс ҳолда Роғун қурилишининг яна ўн йилларга чўзилиши аниқ, дейди таҳлилчи.

Мазкур ГЭС қурилиши борасида тадқиқотлар олиб борган суҳбатдошимиз Холмуҳаммад Азимовга кўра, тожикистонликларни Роғун қурилишига жалб қилиш йўли билан молиявий муаммоларга ечим топиш имкони ҳам йўқ эмас.

- Роғун акциясини аҳолига тарқатиб бериш лозим. 10 кунлик чақалоқдан 80 ёшли ҳар бир тожикистонликка 103 долларлик учтадан акция тўғри келади. Агар ҳар бир фуқаро 303 долларлик акцияни сотиб олса, аҳоли умумий сонини назарга олган ҳолда бу 2 миллиард 216 миллион долларни ташкил этади. Келгуси икки йилда бу маблағ ҳисобига Роғун ГЭСини фойдаланишга тушириш мумкин, дейди Холмуҳаммад Азимов.

Душанбедан 110 километр нарида жойлашган Роғун ГЭСи пойдевори ўтган асрнинг 80-йиллари сўнггида қўйилган эди.
Аммо Тожикистонда 1991 йили бошланган фуқаролик уруши оқибатида Роғун ГЭСи қурилиши тўхтаб қолди.
XS
SM
MD
LG