Линклар

Германияда исломофобия суд қилинмоқда


Ҳомиладор мусулмон аëлининг қотили Александ Виенс судга мана шундай алпозда келмоқда.

Ҳомиладор мусулмон аëлининг қотили Александ Виенс судга мана шундай алпозда келмоқда.

Германияда 31 яшар мисрлик ҳомиладор аëлни суд залида чавақлаб ўлдирган шахс устидан маҳкама жараëни бормоқда.

Жорий йилнинг июл ойида юз берган бу қотиллик ҳам мусулмон¸ ҳам Ғарб дунëси эътиборини ўзига тортди.

Аслида фожеа тафсилотлари ўтган йил ëзига бориб тақалади. Мисрлик Марва ал-Ширбиний уч яшар қизалоғини Дрездендаги жамоат боғларидан бирининг болалар ўйнайдиган майдончасига олиб боради.

У шу майдончада бўлган Александр Виенсга яқинлашиб¸ ундан қизалоғини учириш учун арғимчоқни бўшатиб қўйишни сўрайди. Ҳижобли аëлнинг бу гапига жавобан Виенс унга “террорчи, қанжиқ” дея бақира кетади.

Бу ҳақоратдан қаттиқ таъсирланган Марва ал-Ширбиний дарҳол яқиндаги полиция идорасига бориб шикоят қилади ва Александр Виенс тез орада оғзаки ҳақорат учун 480 евро жаримага тортилади.

2009 йилнинг июл ойида Александр Виенс жарима ҳақдаги полиция қарори устидан шикоят қилиб маҳаллий судга мурожаат қилади. Марва ал-Ширбиний маҳкама эшитувларида қатнашади¸ аммо у суд залидан чиқиб кетаëтганида Александр Виенс унинг ортидан югуриб бориб¸ унга ошхона пичоғи билан ҳамла қилади.

18 жойидан чавақланган Марва жон беради¸ уни ҳимоя қилишга уринган эри Элви Али Оказ ҳам бир неча жойидан пичоқ зарби ейди.

Ўлганнинг устига тепган қилиб¸ суд идорасини қўриқлаëтган полициячи жабрдийдаларни ҳимоя қилиш ўрнига¸ Марванинг эри Элвининг оëғига ўқ узади. Яъни¸ бири араб¸ бири немис қиëфали икки эркак олишар экан¸ немис полициячиси автоматик бир тарзда арабни ҳужумчи дея унга ташланади.

Бу фожеадан уч ойча ўтиб¸ Россияда туғилган¸ миллати немис бўлган 29 яшар Александр Виенс устидан қотиллик айби бўйича маҳкама жараëни Марва чавақланган айни суд залида иш бошлади. Маҳкаманинг илк йиғинида Марванинг қўлтиқтаëққа таянган мажруҳ эри Элви Али Оказ ҳам иштирок қилди.

Германия марказий мусулмонлар кенгаши раҳбари Айюб Аксел Коҳлер бутун дунë мусулмонлари бу маҳкамани диққат билан кузатаëтганини айтади.

- Бу маҳкамага мусулмон дунëсида жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айрим мусулмон давлатларида ушбу қотилликка норозилик тариқасида оммавий чиқишлар ҳам бўлиб ўтди. Бугун Германиянинг мусулмон дунëси кўз ўнгидаги обрўсини ҳимоя қилиш ана шу суд ҳайъатига қолди¸ дейди Айюб Коҳлер.

Асли насроний немис бўлиб¸ сўнгра Исломни қабул қилган Коҳлер тилга олган норозилик намойишлари Миср ва Эронда бўлиб ўтди. Бундан ташқари¸ Теҳрон ҳукумати БМТ га мурожаат қилиб¸ мазкур қотиллик юзасидан бораëтган жараëнга бевосита аралашишни сўради.

Айни пайтда¸ Германия марказий мусулмонлар кенгаши раҳбари Айюб Аксел Коҳлер¸ Европада Франциядан сўнг энг катта мусулмон аҳолисига эга бўлган Германиядаги мусулмон жамоасининг бу қотилликдан ларзага тушганини айтади.

- Мусулмон аëлларимиз ва қизларимиз қаттиқ қўрқувга тушиб қолгани боис¸ биз бу маҳкама жараëнидан кўп нарса кутмоқдамиз. Зотан¸ мусулмонлар аллақачон жамоат жойларида камситилмоқда ва боши эгилиб қолмоқда¸ дейди Айюб Коҳлер.

Германия марказий мусулмонлар кенгаши раҳбарига кўра¸ Дрездендаги бу қотиллик Германиянинг халқаро эътиборига катта зарба еткизган. “Шу пайтгача сиëсатчилар немис жамиятидаги исломофобия ва унинг оқибатларига кўз юмиб келдилар”¸ деб қўшиб қўяди Айюб Коҳлер.

Маҳкамада давлат қораловчиси сифатида қатнашаëтган Кристиан Авенариус¸ Марванинг хорижийлар¸ хусусан мусулмонларга нисбатан фанатларча нафрат асосида ўлдирилганини таъкидламоқда.

Германия канцлери Ангела Меркелнинг миллий ва диний озчилик масалалари бўйича маслаҳатчиси Мариа Боҳмер бу машъум қотилликнинг ҳам Германия ичкариси¸ ҳам мисрдагиларни ларзага солганини эътироф этган ҳолда¸ ҳаммани босиқ бўлишга чақирди.

Бу маҳкама¸ Боҳмер фикрича¸ немисларнинг ирқчиликка қарши кундалик равишда курашаëтгани ва барча дин ва миллат вакилларининг бир-бири билан тинч-тотув яшаши устида тинимсиз ишлаëтганини кўрсатади.

Александр Виенс устидан бораëтган маҳкама жараëни кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтмоқда ва айтилишича суд биносини 200 дан ошиқ полициячи қўриқламоқда.

Айбланувчи Виенс¸ суд залига оëқ ва қўллари кишанланган ҳолда олиб келинмоқда ва суд ичкарисида ҳам ўқ ўтмас шиша қафасда сақланмоқда.

Маҳкама очилишида иштирок этган Мисрнинг Германиядаги элчиси Рамзи Эзелдин немис адлия тизимига ишончига мустаҳкам экани ва ирқчи қотилнинг ўз жиноятига яраша жазо олишига умид қилаëтганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG