Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:27

Демократлар диндорлар билан мулоқот бошлади


Брюссел йиғини кун тартибига қўйилган масалалардан бири¸ “Ўзбекистонда диний экстремизм - афсонами ëки ҳақиқат” мавзуи бўлди.
Брюссел йиғини кун тартибига қўйилган масалалардан бири¸ “Ўзбекистонда диний экстремизм - афсонами ëки ҳақиқат” мавзуи бўлди.

27 октябр кечқурун бир стол атрофига йиғилган демократик ўзбек мухолифати фаоллари ва диний гуруҳ намояндалари Ўзбекистон авторитар режимига қарши кураш усулларини муҳокама қилдилар.

Брюсселдаги Sheraton меҳмонхонасида “Ўзбекистонда жамиятнинг радикаллашуви ва бундай шароитда демократик кучларнинг вазифалари”¸ “Ўзбекистонда диний экстремизм - афсонами ëки ҳақиқат” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бу давра суҳбатида диний экстремизм масаласи¸ Ўзбекистон ҳукуматининг экстремизм ва терроризмга қарши кураш усуллари ва бу курашнинг Марказий Осиëга таъсири масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек¸ маҳаллий диний гуруҳларнинг Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қурилиши истиқболига муносабати масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Давра суҳбати бошловчиси¸ ўзбекистонлик мустақил журналист Шоҳида Ëқуб тадбирда кўтарилган муаммоларга батафсилроқ тўхтаталди.

Шоҳида Ëқуб: Менимча¸ бу конференциянинг иккита мақсади бор. Биринчи мақсад¸ диний ташкилотлар¸ бу дегани диний-маърифий ташкилотлар билан демократик оппозициянинг бирга ўтириб¸ ўзаро умумий нуқталарни топишидир. Иккинчи мақсад¸ мухолифатнинг ҳозирги вазияти ва унинг келажак стратегиясини ривожлантиришни муҳокама қилиш.

Озодлик: Диний-маърифий ташкилотлар қайси гуруҳлар ўзи?

Шоҳида Ëқуб: Менинг тушунишим бўйича “Таянч” ташкилоти. Бу ташкилот диний-маърифий ўлароқ ҳозир ҳеч нарса қилмаяпти. Афсус¸ бу ташкилотда аниқ қандайдир мақсад йўқ.Улар Ўзбекистондаги ўта диндор бўлганларни бирлаштириб¸ ўзича иш олиб боришни режаламоқда. Шу иш нимадан иборат бўлишини¸ масалан¸ мен тушунмадим. Иккинчиси¸ “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти. Менимча¸ бу ташкилот ўз сафида ишбилармонларни тўплайди. Улар оддий диндорлар. Улар иқтисодий соҳада ишлаяптилар ва бу жуда ҳам яхши. Уларнинг иқтисод ва бизнес соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлари бор. Улар шу дастурни ривожлантиришни хоҳлашаяпти.

Озодлик: Бугунги йиғинда мухолифат вакиллари диндорлар билан бир стол атрофида ўтириб¸ вазиятни муҳокама қилишди. Бу ерда яна “Ислом бошқа концепция¸ демократия бошқа концепция. Улар бирлашмайди” деган фикрлар айтилди.

Шоҳида Ëқуб: Мен бу фикрга тўла қўшиламан. Шунинг учун ўз маърузамда шу икки тамойилни аниқ деб айтдим. Биз бу ерда ҳозир ўз ишимизнинг принципларини келиша олмасак¸ бизда келажакда муаммо бўлади. Яъни шу ерда мана шуни аниқлаб иш қилишимиз мумкин. Агар диндорларга шу тамойиллар тўғри келмаса¸ бу бошқа гап. Мен тушунаман Ислом бу бир¸ давлат бу икки. Масалан мен демократик мухолифат¸ дунëвий мухолифат одамиман. Менимча¸ Ислом давлатдан ташқарида бўлиши керак. Ҳамкорлик¸ интеграция эса¸ албатта бўлиши керак.

Озодлик: Бу қандай бўлиши мумкин?

Шоҳида Ëқуб: Бу қандай бўлиши мумкин? Диний-маърифий ташкилотлар сиëсий жараëнларда иштирок этиши лозим. Бу керак нарса. Мамлакатимизнинг аксарият аҳолиси мусулмон. Бу ташкилотларнинг мамлакат сиëсий ҳаëтида¸ дейлик суд системасида ўз сўзини айтиши бу бошқа гап. Улар алоҳида бўлиши керак¸ сиëсат алоҳида бўлиши керак. Мен шу тамойилга риоя қилаяпман ва агар биз ҳозир шуни шу ерда келиша олмасак¸ келажакда бизда муаммо бўлади.

Озодлик: Мана ҳозир диний вакиллар¸ Ғарб давлатлари вакиллари¸ дунëвий мухолифат вакиллари бир стол атрофида ўтиришди. Бу ўтириш сизда қандай тасаввур ҳосил қилди?

- Ҳозирча бу ўтириш¸ гап сотиш. Ҳозирча бу қуруқ гап. Конкрет таклифлар йўқ эди. Конкрет таклифларни мен “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилотидан эшитдим. Ҳақиқатан ҳам улар сиëсий ишни бошлашга тайëр¸ лекин уларнинг билимлари йўқ. Биз уларга билимларини орттиришга ëрдам берсак¸ уларнинг даражаси кўтарилади. Демократик мухолифат ҳақида гапирадиган бўлсак¸ у деярли йўқ. Одамлар бор¸ партиялар бор¸ лекин афсуски¸ ташкилий жиҳатдан заиф¸ дейди Шоҳида Ëқуб.

Йиғилишда шунингдек Ўзбекистондан ташқарида яшаëтган сиëсий қочқинлар¸ журналистлар¸ ҳуқуқ ҳимоячилари ва Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ҳам иштирок этди. Конференцияда халқаро ташкилот вакиллари¸ жумладан Колумбия университети профессори Питр Синнот¸ Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейлар ҳам ўз фикрларини ўртага ташлашди.

Анжуман давомида¸ шунингдек¸ мухолифат ичидаги муаммолар рўй-рост очиб ташланди. Бу хусусда www.uznews.net мустақил ахборот хизмати бош муҳаррири Галима Бухорбоева¸ айниқса¸ жиддий фикрларни ўртага ташлади.

Галима Бухорбоева: Мен биринчи марта Европада ўзбек диссидентлари йиғилганидан ва бир-бирларини тинглашганидан жуда ҳам хурсанд бўлдим¸ аммо улар бир-бири билан ўта хушмуомалада бўлишди. Шуни айтишим жоизки¸ бу хушмуомалалик юмшоқ қилиб айтганда¸ сохтадай туюлди¸ қўпол қилиб айтганда¸ иккиюзламачиликка ўхшаб кетди. Улар бир-бири билан ҳамма масалалар ҳақида гаплашишди¸ аммо менинг назаримда энг муҳим масалани четлаб ўтишди. Улар келажакда қандай Ўзбекистонни хоҳлаëтганларини айтишмади.

Мен учун ачинарлиси шу бўлдики¸ анжуманда Муҳаммад Солиҳ ҳам¸ андижонликлар ҳам¸ "Таянч" жамияти ҳам аниқ дастурни илгари суришмади. Улар 20 йилдан бери давом этаëтган репрессиялар ҳақида умумий гаплардан нарига ўтишмади. Анжуманнинг бундан 20 йил олдин суратга олинган фильм билан бошлангани ҳам тимсолийдек. Фильмда Эрк лидери Муҳаммад Солиҳ бугун долзарб бўлган муаммоларни айтади.

Озодлик: Бугунги кунда Ўзбекситон қамохоналаридаги эътиқод маҳбусларининг аксриятини мусулмонлар ташкил қилади ва Ўзбекистондаги мусулмонларнинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан тазйиқ қилиниши кўпчилик ҳисоботларда ўз аксини топган. Муҳаммад Солиҳ исломий кучларни демократлар билан биргаликда давра столига тортар экан¸ айнан мусулмонларга қаратилган тазйиқларга жамоатчилик фикрини қаратиш зарур¸ деб айтди.

- Ўзбекистонда насронийлар ҳам¸ кришнаитлар ҳам тазйиқ остида. Муҳаммад Солиҳ уларни ҳам таклиф қилиши керак эди. Энг асосий нарса¸ асосий муаммога эътибор қаратиш. Асосий муаммо эса¸ Каримов ва унинг сиëсати. Биз жамиятга бу сиëсатнинг муқобилини таклиф қилишимиз керак. Биз бу режим хафа қилганларни атрофимизга йиғишимиз керак эмас. Агар биз яна 20 йилдан кейин йиғилсак¸ мен билмайман¸ бизнинг ëнимизда мусулмонлардан ташқари яна кимлар бўлади. У пайтда бесоқолбозларни ҳам таклиф қилишимиз керак бўлади. Бугунги йиғилишнинг якуний хулосалари ҳақида Ўзбекистон ташқарисидагиларга эмас¸ Ўзбекистон ичкарисидагиларга айтишимиз керак. Улар эшитиши керак. Мен ҳозир бу нарсани кўрмаяпман¸ дейди Галима Бухорбоева.

"13 май иттифоқи" томонидан ташкиллаштирилган ушбу анжуман давомида унинг якуний ҳужжати ҳам эълон қилинди. Унда жумладан шундай сўзлар бор.

“Биз¸ "Ўзбек жамиятининг радикаллашуви ва уни бартараф этишда мухолифат роли" мавзуидаги анжуман иштирокчилари¸ халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб¸ ўзбек жамиятининг радикаллашувига ягона сабаб Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиëсий ҳаëтни 20 йил ичида фалажлаб ташлаган жорий режимнинг репрессив сиëсати эканини эътироф этишга чақирамиз”.

Анжуман қатнашчилари шунингдек Ўзбекистон ҳукуматидан давлат тизимини терроризм ва экстремизм баҳонасида тинч мусулмонларга қарши ишлатишни тўхтатишга ҳам чақирдилар.

“Биз Европа иттифоқи ва айниқса¸ АҚШ учун Афғонистон бош масала экани ва айни масалада Ўзбекистон билан ҳамкорлик зарур эканини яхши тушунамиз. Бироқ ушбу ҳамкорликни деб Ўзбекистондаги режим содир этаëтган жиноятларга кўз юмиш сиëсати мутлақо нотўғри эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз”¸ дейилади анжуманнинг якуний ҳужжатида.

Анжуман сўнггида унинг иштирокчилари Ўзбекистон келажагига бағишланган мулоқотни давом эттириш ва уни кенгайтиришга қаратилган қадамлар борасида ҳам келишиб олдилар.Шунингдек¸ 2010 йил май ойида Андижон қирғинининг беш йиллигига бағишланган халқаро анжуман ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилгани хабари ҳам Брюссел йиғини давомида эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG