Линклар

logo-print

Қамоқдаги ҳуқуқ фаолларининг ҳоли ёмон


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ўз касбдошлари Дилмурод Саййид қамоқхонада сил касалига чалингани юзасидан ташвиш билдирмоқдалар.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ўз касбдошлари Дилмурод Саййид қамоқхонада сил касалига чалингани юзасидан ташвиш билдирмоқдалар.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган икки ҳуқуқ фаоли - Дилмурод Саййид ва Абдурасул Худойназаров соғлиги борасида ташвишли баёнот тарқатди.

Бекобод қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Абдурасул Худойназаровнинг рафиқаси Гулчеҳра Туронованинг Озодликка билдиришича, эри қамоқхонадаги азобларга чидай олмай яна ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

- Уларнинг мазаси бўлмай қолибди. Кейин ўзини осган, яна. Кейин докторлар қарабди. “Нимага бунақа бўлаяпти? деб мен ҳам йиғладим¸ улар ҳам йиғлади”, дейди Абдурасул акам, дейди Гулчеҳра Туронова.

Абдурасул Худойназаров ўтган йили ҳам қамоқхонада ўз жонига қасд қилиб, бахтли тасодиф туфайлигина омон қолган эди.

Яқинда қамоқхонага бориб, эри билан учрашиб қайтган Гулчеҳра Туронованинг айтишича, эрининг айни пайтдаги аҳволи ниҳоятда оғир.

Гулчеҳра Туронова: 25 октябрда бордик. Бекободда улар.

Озодлик: Аҳволлари қандай экан?

- Оғир. Кўзларининг ҳам нури кетиб қолган.

Озодлик: Кўриш қобилиятлари пасайибдими?

- Ҳа, шунақа кўришлари дабдала. Соғлиғи ҳам йўқ. Рангини кўрсангиз оқариб кетибди.

Озодлик:
Ўзлари нима дейди? Ичкарида муносабат қанақа экан?

- Ўзи чиқиши керак эди. Рўйхатга ҳам қўйиб қўйган экан.

Озодлик:
Озодликка чиқувчилар рўйхатигами?

- Ҳа. 20 сентябрда тугаши керак эди. Ўша куни чақирипти ва “Сендан пичоқ чиқди” дебди.

Озодлик: Демак¸ ëнидан пичоқ чиқди¸ деган важ кўрсатилган.

- Ҳа. “Пичоқни бўйнингга оласан ëки ўлигинг чиқади”, деяпти экан. “Сенинг ҳеч киминг йўқ. Агар одаминг бўлганида¸ сени бу ердан олиб чиқиб кетарди. Хотинингнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Болаларинг ëш экан”, деб шунақа моралний эзаяпти экан. Қўлимдан нима келади, масалан. Аҳволлари роса оғир. Кўриб¸ мана, қон босимим ошиб ëтибман, дейди Гулчеҳра Туронова.

Абдурасул Худойназаров “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлимини бошқарган. 2005 йили у товламачилик ва фирибгарликда айбланиб¸ тўққиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

12,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид соғлигининг ҳам кун сайин ёмонлашаётгани айтилмоқда.

Дилмурод Саййиднинг адвокати Руҳиддин Комиловнинг Озодликка айтишича, ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Барно Жуманова қамоқхонага бориб эри билан учрашиб, унинг аҳволи ёмонлигига шахсан гувоҳ бўлган.

Руҳиддин Комилов: Шу кеча Дилмуроднинг рафиқаси Барно билан учрашгандим. У эри жуда озиб кетганини, мазаси йўқлигини айтди

Озодлик: Сил касалига чалингани туфайли унга бирор енгиллик бериш масаласи кўрилаяптими?

- Йўқ¸ ҳеч нарса кўрилмаëтган экан.

Озодлик: Сиз Дилмурод Саййиднинг сил касаллигига чалингани бўйича бирор бир ариза берганмисиз?

- Судда ҳам¸ терговда ҳам берганмиз.

Озодлик: Ўша силга чалингани бўйича?

- Ҳа. Ҳамма ҳужжатлар судда ҳам¸ терговда ҳам тақдим этилган-ку. Агар булар инобатга олинганида амнистияга тушиб озод қилиниши лозим эди. Амнистияда ёзиб қўйибди-ку, касаллиги туфайли жазони ижро этиши мумкин бўлмаса озод қилинади, деб. Лекин бундай бўлмади, дейди Руҳиддин Комилов.

Адвокатнинг айтишича, Дилмурод Саййид касаллиги боис амнистияга тушиши лозим эди. Лекин унинг касаллиги ҳақида маҳкамага тақдим қилинган ҳужжатларнинг бирортаси инобатга олинмаган.

Самарқанд вилоят Тойлоқ туман суди жорий йилнинг 30 июл куни Дилмурод Саййидни товламачиликда айблаб, унга 12,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган¸ 11 сентябр куни туман аппеляция суди эса бу ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган эди.

“Эзгулик” жамиятининг икки ҳуқуқ фаоли аҳволи ҳақидаги хавотирли баёнотида қайд қилинишича, Дилмурод Саййидга ўткир сурункали сил касаллиги, Абдурасул Худойназаровга эса мунтазам қийноқлар таҳдид солмоқда.

“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова шу боис барча жамоатчилик ташкилотларини уларнинг ҳимоясига ундайди:

- Ҳозир иккала сафдошимиздан хавотиримиз жуда катта. Айниқса¸ биз Дилмуроднинг жазосини ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Ҳукумат Дилмуродни озодликка чиқаришни умуман истамаяпти. Аниқроғи Самарқанддаги коррупцион гуруҳлар Дилмуроднинг озодликка чиқишига тиш-тирноғи билан қарши.

Айнан шундай ҳолат Абдурасул Худойназаров билан ҳам содир бўлмоқда. Абдурасул ҳам Ангрендаги жуда катта мулозимларнинг оëғини босган¸ уларнинг сирларини фош қилган. Ана шу мулозимлар ҳозир ўз ўрнида. Токи шу мулозимлар Ангренда мавжуд экан¸ Абдурасулнинг қамоқдан чиқиши қийин.

Уларнинг аҳволи оғир бўлгани учун биз яна ҳам хавотирдамиз. Ҳозир нима қилишни билмаймиз. Республика прокуратурасига кеча шахсан мурожаат қилдик. Бугун жазони ижро этиш муассасаси бошлиғига мурожаат қилдик. Қизил хочга расман мурожаат қилганимиз йўқ-ку¸ лекин қилиш ниятимиз бор, дейди Васила Иноятова.

Тилга олинган икки ҳуқуқ фаолининг қамоқхонадаги аҳволи тўғрисида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига телефон орқали қилган мурожаатларимиз бесамар кетди.

Ўзбекистон қамоқхоналари матбуот учун ёпиқ ҳудуд эканлиги боис Дилмурод Саййид жазони ўтаётган Навоий ва Абдурасул Худойназаров сақлаб турилган Бекобод қамоқхоналаридан маълумот олишнинг умуман иложи йўқ.
XS
SM
MD
LG