Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Тўйлар муборак!

  • Фаррух Юсуфий

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Аксари турмуш қийинчиликларидан шикоят оҳангида бўлган қўнғироқлардан фарқли австралиялик ўзбеклардан бири¸ андижонликларнинг бирваракайига беш қизни Америкага узатганини ҳикоя қилди.

Австралиядан беш келин Америкага кетди

13 май воқеаларидан кейин Австралиядан қўним топган андижонлик Нозимжон аканинг айтишича, яқинда Аделаида шаҳридаги “Туркистон” ресторанида катта тўй бўлган - австралиялик андижонликлар оиласидан бирданига беш қиз куёвга берилган.

Нозимжон ака: Мана яқинда тўй қилдик. Бешта қизни АҚШга узатдик.

Озодлик: Кимларнинг қизи эди улар?

Нозимжон ака: Андижондан келган қизларимиз бор эди. Ота-оналари шу ерда туради. Шулар қизини АҚШга узатишди.

Озодлик: Кимларга узатдингизлар у қизларни?

Нозимжон ака: Андижон воқеасидан кейин чиқиб кетган болаларга. Бўйдоқ йигитларимиз бор эди.

Озодлик: Сизларга ўхшаб қочиб чиққан андижонликларга узатибсизларда-а?

Нозимжон ака: Ҳа.

Озодлик: Тўй қанақа бўлди? Куëвлар келишдими Австралияга?

Нозимжон ака: Куëвларни интернет орқали кўриб¸ гаплашишиб¸ танишиб¸ ўзлари ëқтиришиб¸ рози бўлишиб¸ турмушга чиқишди.

Озодлик: Ресторанда тўй қилдик¸ деяпсиз. Тўйда келинларнинг ўзи ўтирдими?

Нозимжон ака: Ресторанда тўй қилдик. Қизларимиз ўтиришди. Меҳмонлар келди. Лекин болалар келгани йўқ.

Озодлик: Куëв болалар билан тўй Америкада бўлар эканда.

Нозимжон ака: Бу ерда қиз томон тўй қилди. Америкага боргандан кейин яна ўзлари тўй қилишди.

Озодлик: Қайси штатларда яшашади улар? Ҳаммаси бир штатга тушдими ëки бошқа-бошқа штатларгами?

Нозимжон ака: Билишимча¸ иккитаси Балтиморда деди. Яна иккитаси Аризонада дейишди.

Озодлик: Уларга бизнинг табригимизни етказиб қўйинг.

- Хўп¸ раҳмат. Саломат бўлинглар¸ дейди Нозимжон ака.


Пенсия ҳам пахтага кетди...

Австралиядан Ўзбекистонга қайтамиз. Самарқанддан қўнғироқ қилган кекса журналист Шоди Мардиев шу кунларда давом этаётган пахта мавсуми туфайли, вилоятнинг Пастдарғом туманидаги нафақахўрлар нафақасиз қолиб кетмоқда, дея куюнди.

Шоди Мардиев: Пастдарғом туманида 40 мингга яқин пенсионер бор. Пенсионерларга пенсия бермай¸ уларнинг пулини пахтага бераяпти. Президент шундай қарор қилган экан. Икки ойдан бери одамлар пенсиясини ололмаяпти. Райсобезга мен бугун бориб билиб келдим. “Пул йўқ. Пулни президент топшириғи билан пахтага бераяпмиз” дейди. Мен борсам¸ райсобезнинг эшигининг олдида 50-60 нафар бобой ўтирибди. “Биз бола-чақамизни шу пенсия билан боқаяпмиз. Нима қиламиз энди?” деган гаплар бўлди.

Озодлик: Президент айтган деяптими?

Шоди Мардиев: Ҳа. Райсобездагилар шунақа деяпти. Жўрақул Мавлонов деган пенсионер бор. Уни ҳам ҳақорат қилиб жўнатиб юборди.

Озодлик: Нима қилди?

- “Биз президентнинг айтганини қиламиз. Пенсия пахтага кетаяпти” дейди. Яқинда у бечоранинг боласи ўлди. Пенсиясини бермагани учун ўликни кўмишга пул топа олмади. Ана шундай бўлди. Маҳалла ëрдам пули чиқариб¸ кўмди¸ дейди Шоди Мардиев.

Бу ҳам етмагандай, деб давом этади Шоди ака, туман аҳолисининг аксариятига табиий газнинг узатилиши тўхтатилган.

Шоди Мардиев: Пастдарғом тумани бўйича аҳолини газ билан таъминлаш ниҳоятда оғир. Ҳалиги тезак ëқиб кун кўраяпти. Ўчоққа ëқиб овқат пишираяпти. “Нимага бундай?” деган саволни берсак¸ “Буни каттадан сўранг” дейди.

Озодлик: Катта ким экан?

- Катта энди каттада. Бошлиғимизда¸ президент. “Газни чет элга бераëтган эмиш” деган гаплар ҳам борда¸ дейди самарқандлик тингловчимиз Шоди Мардиев.


Пахта йўғу¸ пахтакор бор

Бухоронинг Вобкент туманидан қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам пахта мавсумидан гап очди. Унинг айтишича вилоят пахта топшириш режасини бажарган, лекин одамларни пахта даласига оммавий ҳайдаш ишлари бу билан тўхтамаган.

- Пахта тўлди. Барибир пахтага чиқаяптилар. Нима учун?

Озодлик: Бухорода пахта тўлдими?

- Ҳа¸ тўлди.

Озодлик: Пахтага барибир чиқараяпти.

- Барибир чиқараяпти.

Озодлик: Далада пахта борми ўзи?

- Йўқ.

Озодлик: Нимага чиқаради?

- Мен билмадим унисини. Мажбур олиб чиқилаяпти. Милициялар олиб кетаяпти. Мажбур чиқараяптида.

Озодлик: Сиз ўзингиз ҳам пахтага чиқдингизми?

- Ўзимми?

Озодлик: Ҳа.

- Йўқ. Ўзим қочиб юрибман, дейди бухоролик суҳбатдошимиз.


Оч қоринга намоз ўқинг....


Озодликка Тожикистондан сим қоққан яна бир суҳбатдошимиз турмуш қийинчиликларидан зорланди.

- Бизда шароит жуда қийин бўлиб қолаяпти ака. Қандоқ кунларга қолдик. Бизда деҳқончиликда бир қурт деган нарса чиқди¸ қурт. Ëзда нарсаларни еб қўяди. Далада буғдойдан бошқа ҳеч бало бўлмаяпти. Маккажўхори¸ умуман дон ололмаяпмиз ака. Пахтаку умуман йўқ. Пахта бўлмаяпти ака. Болалар Россиядан қуруқ келаяпти. Ишлагани ишлаб¸ ишламагани қуруқ. Тўрт-беш сўм деб¸ одамлар ерëнғоқ чақиб¸ кунини ўтказаяпти бир бало қилиб. Яшаш жуда қийин.

Озодлик: Ойликлар¸ пенсиялар борми?

- Ойликни энди кам-кам томизиб турибди. Улайдигани улайдигандака. Сизларга айтайлик¸ бир эълон қилинглар дедик. Буларнинг президентни мақташи тугамайди. Анави куни телевизорни қўйсак¸ Раҳмонов “намоз ўқинглар” деяпти. Қорнимиз тўқ бўлса экан¸ намоз ўқисак¸ дейди ўзини таништиришни истамаган бу суҳбатдош.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG