Линклар

Мобил телефонсиз ўзбек қолмади ҳисоб

  • Фаррух Юсуфий

Бугун Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий аҳволидан қатъий назар¸ ҳар икки одамнинг бири қўлида мобил телефони.

Бугун Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий аҳволидан қатъий назар¸ ҳар икки одамнинг бири қўлида мобил телефони.

Иқтисодий танглик¸ аксар ўзбекистонликларни кўп нарсадан воз кечишга мажбурлаëтган бўлса-да¸ улар камбағаллик боис ажрашни истамаëтган битта нарса қолган бўлса¸ у ҳам мобил телефонидир.

“Tўрт йилдан бери газ деган нарса умуман йўқолди”. (Шу ерда суҳбатдошимиз миниб кетаëтган эшак ҳангради)

Бугунги дастуримизнинг мавзуси ўзбекистонликларнинг газ йўқлигидан шикоят қилаётгани ҳақида эмас. Ёки овозини баралла қўйиб ҳанграётган эшаклар ҳақида ҳам эмас. Суҳбатимиз бугун эшак миниб олган ўзбек учун ҳам, Мерседес машинасининг охирги моделида Тошкент кўчаларини чангитаётган ўзбек учун ҳам ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётган мобил телефонлари ҳақида.

БМТ қошидаги Савдони ривожлантириш ташкилоти эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра, жаҳон молиявий бўҳрони оқибатида дунёнинг аксарият мамлакатларида турмуш оғирлашаётганига қарамасдан қўл телефонлари ва интернетдан фойдаланаётганлар сони ошиб бормоқда.

Ҳисоботда айтилишича, 2008 йилнинг охирига келиб, дунё бўйлаб мобил телефон абонентлари сони 4 миллиардга етган.

Айниқса, дейди ҳисобот муаллифларидан бири Торбёрн Фредрикссон, шарқий Европа ва МДҲ мамлакатларида мобил телефонлари кундан-кунга оммалашиб бормоқда.

- 2003 дан 2008 йилгача бўлган давр ичида мобил телефонларини энг кўп ишлата бошлаган 20та давлатларнинг аксарияти иқтисодлари ўтиш даврини бошдан кечираётган мамлакатлардир. Булар собиқ иттифоқ республикалари ва Европа иттифоқининг янги аъзоларидир.

Бу эса мобил телефони бугун ҳашамат унсури бўлмай қолди, у одамлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда ва мобил алоқа абонентлигини олган кишилар ундан воз кечишни истамаётганини англатади, дейди БМТ қошидаги Савдони ривожлантириш ташкилоти тадқиқотчиси.

Мобил телефонларини ишлатиш кўлами ошиб бораётган мамлакатлар ичида ўтган йили Монтенегро биринчи ўринни эгаллаган, у ерда абонентлар сони 160 фоизга ўсгани қайд қилинган.

Ўзбекистон ҳам собиқ иттифоқ республикалари ичида уяли алоқа абонентлари кундан кунга кўпайиб бораётган давлатлардан биридир, дейди мамлакатдаги уяли алоқа хизматларини кўрсатувчи етакчи ширкатлардан бири бўлган МТС ходими.

- Бу ҳаёт нормасига айланди, қандай тушунтирсам экан, биз ҳаммамиз ўқиб ёзишни билганимиздек, телефон орқали мулоқот қилишни истаймиз, дейди ўзини таништирмаган суҳбатдошимиз.

Бугун Ўзбекистонда бешта йирик уяли алоқа компанияси хизмат кўрсатмоқда. Булар МТС, Билайн, Юселл, Пефектум мобайл ва УзМобайл ширкатларидир. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига кўра, 2009 йилнинг бошида уяли алоқа абонентлари сони 12 миллиондан ошиб кетган.

Иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистондан илғорроқ бўлган шарқий Европада уяли алоқа оммалашиб бораётганини тушунса бўлар. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари қимматлашаётгани, маошларнинг ўта пастлиги, рўзғорни тебратиш кундан-кунга қийинлашиб бораётганидан шикоят қиладиган ўзбекларга мобил телефон учун ортиқча харжнинг нима кераги бор, деган савол туғилади.

Мобил телефон аппаратларини сотиш билан шуғулландиган фарғоналик тадбиркор Алишер шу кундаги нархларни оддий ўзбекистонликнинг чўнтаги кўтаради ва телефони борларнинг кўпаяётгани ҳам шундан бўлса керак, деб тахмин қилади.

- Энг арзони 60 минг. Ҳозир қўлдан арзонроқ олсангиз ҳам бўлади. Ҳар хилда телефонлар. Ишлатилган бўлса ҳам 20 мингга зўр телефон олсангиз бўлади. Ëки бўлмаса янгиси Хитойники 60-70 минг. Оригинали билан фақат Хитойники бўлгани билан фарқ қилади. Шундан олиб маза қилиб ишлатиб юришипти¸ дейди Алишер.

Алишернинг дўкони ҳам “қўли калтароқ” харидорга мўлжалланган.

Алишер: Бизнинг товарларимиз ўртаҳол харидорга мўлжалланган. Бизда жуда қиммат бўлса¸ олишмайди. Қимматлари ЦУМларда¸ бошқа жойларда бўлса¸ бойлар кўпроқ ўша жойларга киради. Кўпроқ ўша ердан олишади.

Озодлик: Фарғонада сотилаëтган энг қиммат телефонлар неча пул?

Алишер: Энг қиммат телефонларми¸ бир миллионга ҳам бор¸ 800 мингга ҳам бор¸ ҳар хили борда.

Озодлик: Бир миллион сўм-а?

- Ҳа¸ дейди Алишер.

Бир миллион сўмлик телефонларнинг ҳам ўз харидори бор, деб қўшиб қўяди Алишер.

Фарғоналик яна бир суҳбатдошимиз Баҳромжон ана шундай харидорлардан бири. Унинг бир эмас иккита қўл телефони бор.

Тадбиркорлиги яхши юришиб турган Баҳромжон қўлидаги 700 долларлик телефоннинг ўзи учун ҳашамат унсури ҳам эканини яширмайди.

Баҳромжон: Менда шу тобда иккита.

Озодлик: Сизга иккита телефон нимага керак? Бу бойлигингизни кўз-кўз қилиш учунми ëки тадбиркорлигингиз учун зарур нарсами?

Баҳромжон: Битта телефоним ўзи кўз-кўз қилинадигану¸ лекин меники у мақсадда эмас.

Озодлик: Телефонингиз қанақа?

Баҳромжон: Биттаси 6275 цифровой. Бу номерни подключат қилганимга икки-уч йил бўлди. Бизники клиентлар билан ишланадику. Клиентларни йўқотмаслик учун номерим ўшандан бери турибди. Биринчи номерим Тошкентники бўлгани учун¸ иккинчи номеримни Фарғонадан олганман. Шу мақсадда иккита телефон.

Озодлик: Қўлингиздаги телефонларнинг ҳар бири неча пул туради?

- Биттаси 700 доллар¸ наригиси 320 доллар¸ дейди Баҳромжон.

Бахромжон ҳар бир телефони учун ойига тўлайдиган 60 АҚШ доллари миқдоридаги абонентлик тўлови ўзини оқлайди, деб қўшиб қўяди.

- Битта номерим клиентларни йўқотмаслик учун¸ иккинчи номерим Фарғона номери. Одамларга қулай бўлиши учун Фарғона номери олганман. Мисол учун¸ телефонимиз бир кун ишламай қолса¸ битта клиент бизга телефон қилиб тушса олмаса ва бизнинг конкурентимизга телефон қилса¸ 60 доллар чиқиб кетадида¸ дейди Баҳромжон.

Баҳромжон учун қимматбаҳо мобил телефонини кўтариб юриш бир томондан тенгқур тадбиркорлар орасида обрў масаласи бўлса, ойда тўланадиган отнинг калласидай абонентлик тўловлари тадбиркорлигини юритиш учун муҳимдир.

Лекин лавҳамиз бошидаги эшак минган қашқадарёлик суҳбатдошимиз каби ўзбекистоликлар учун мобил телефон нимани англатади, унга нима учун керак ортиқча сарф-харажат?

- Бугун Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида мардикорлик қилмоқда. Уяли алоқа мардикорларнинг уйда қолган яқинлари билан алоқа қиладиган яхши воситага айланди. Масалан, МДҲ мамлакатлари билан бир дақиқа гаплашиш бизда 30 цент туради. Бу жуда ҳам қиммат эмас. Масалан, мен Россиядаги яқинларим билан хоҳ уйда бўлсин, хоҳ кўчада бўлсин истаган пайт гаплашишим мумкин. Бу қулайку, дейди МТС ходими

Қашқадарёлик суҳбатдошимиз Наимжон ака ишсиз¸ демакки доимий даромаддан мосуво. Лекин Россияда ишлаётган ўғлидан хабар олишнинг ягона воситаси бўлган мобил телефонидан воз кечиш ниятида эмас.

Наим ака: Ҳаëт қийин¸ жуда қийин.

Озодлик: Қўл телефони ҳозир жуда оммалашиб кетаяптида. Камбағалда ҳам бор¸ бойда ҳам бор. Мана сиз ҳам ҳаëт қийинлигидан шикоят қилаяпсиз¸ аммо қўлингизда телефон бор. Мобил телефони сизга нима учун керак? Бу қулайликми ëки бошқа сабаби борми?

- Ўғлим бир йил олдин Владивостокка ишга кетган. Ҳалигача бир тийин олганим йўқ. Шу билан гаплашиб тураман. Муаммо бўлиб қолса¸ шунга чиқишим мумкин. А так бу менинг чўнтагимнинг шўри. 8000-10000 пул ташлашнинг ўзи бўлмайди. Ўғлим билан гаплашиб турмасам¸ иложим йўқ. Қандай кун кечираяпти¸ нима иш қилаяпти. Яхши деб қўяди¸ бўлди, дейди Наим ака.

МТС ходими ўз ширкатининг мижозлари сони бугун қанчага етганини ошкор қилмади, лекин яқин келажакда эшак минган ўзбекнинг телефонда гаплашиб кетаётгани ғайриоддий манзара бўлмай қолиши борасида комил ишончда.

- Мен бухороликман, бозорларда, масалан Ғиждувон бозорида ароба тортиб кетаётган ҳаммолларнинг белбоғида мобил телефон осилиб турганини кўп кўраман. Бунинг ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ, улар ҳам ўзларини бугуннинг одами, деб ҳис этгиси келадида¸ дейди МТС ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG