Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:37

Оналар ўлими хавотир манбаи


Ҳомиладорлик ва туғиш чоғидаги ўлим кўрсаткичига кўра¸ афғон аëллари дунëда етакчилик қилмоқда.
Ҳомиладорлик ва туғиш чоғидаги ўлим кўрсаткичига кўра¸ афғон аëллари дунëда етакчилик қилмоқда.

БМТ қошидаги Аҳолишунослик жамғармаси дунё жамоатчилиги диққатини яна бир карра оналар ўлимига қаратмоқда. Бу борада Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон ва Ироқ¸ айниқса жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда.

Ҳар дақиқада дунёнинг қайсидир бурчида бир она ҳомиладорликдаги уқубат туфайли ёхуд туғиш чоғида оламдан кўз юмади.

Бу хавотирли муаммога жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортар экан, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси унинг ечими учун халқаро миқёсдаги нуфузга эга таниқли сиёсатчилар, ҳукуматлар вакиллари ва депутатларни Эфиопия пойтахти Адис Абеба шаҳридаги анжуманга тўплади.

БМТ нинг Гендер, инсон ҳуқуқлари ва маданият масалалари бўйича дастури раҳбари Аминапа Тур оналар ўлимини камайтириш йўлидаги уринишларнинг муваффақиятсизлиги ташкилотни мураккаб вазиятга солиб қўйганини айтади.

- Чунки, дунёнинг кўпгина жамиятларида оналик жуда қадрланади ва улуғланади. Бироқ, шунга қарамай бу муаммога етарли даражада эътибор ва жиддият билан қаралмагани боис, кўпгина ривожланаётган мамлакатларда БМТ нинг оналар саломатлиги бўйича жорий этган дастурлари мақсадига етишимизга шубҳалар бор, дейди БМТ расмийси.

БМТ оналар ўлимига қарши 1990 йилдан 2015 йилга қадар бўлган даврни ўз ичига олган уч босқичли дастур асосида кураш олиб бормоқда. БМТ нинг бу йўлда олиб бораётган дастурлари натижаларига кўра, ўтган йиллар давомидаги саъйи ҳаракатлар жуда оз самара берган.

Ҳар йили дунё бўйлаб ярим миллионга яқин аёл ҳомиладорлик ёхуд фарзанд туғилиши чоғидаги муаммолар боис оламдан ўтмоқда.

Колумбия университети қошидаги Тиббиёт факултети профессори Линн Фридман¸ бу муаммони ҳал қилишнинг ўйланганидан кўра осонроқ эканини айтади.

- Кўламига кўра, бу қўл етмас даражадаги оғир вазифа эмас. Лекин, факт шуки, бу катта миқдорда сармоя талаб қилади ва ҳали бунча сармоя тегишли ҳудудларда ажратилмаган. Бу айни мақсадни амалга ошириш учун маълум бир даражадаги эътиборни талаб қилади ва бундай эътибор ажратилмаган. Шунингдек, бу барча омилларни бирлаштириш йўлида зарур даражадаги сиёсий ирода ҳамда жамоатчилик саъй-ҳаракатини ҳам талаб қилади. Шундагина бу мақсадга эришиш мумкин, дейди Колумбия университети профессори Линн Фридман.

БМТ Тараққиёт дастури доирасида 2005 йилда ҳозирланган ҳисобот натижаларига кўра, оналарнинг туғиш чоғидаги ўлими даражаси кўпроқ ривожланаётган мамлакатларда пасаймай келаëтир.

Бу давлатлар орасида Афғонистон биринчи ўриндадир. Бу давлатда ҳар 100 минг онадан 1 минг 800 нафари туғиш чоғида вафот этмоқда. Афғонистон ҳукумати 2020 йилга қадар оналар ўлимини 20 фоизга туширишни мақсад қилган. Бироқ, сиёсий ва диний табулар, шунингдек, малакали тиббиёт ходимларининг етишмаслиги боис ҳукумат бу мақсади йўлида жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ироқда эса оналар ўлими ҳар 100 минг аёлга 300 тани ташкил қилади. Эронда эса ҳар 100 минг онадан 140 нафари туғиш чоғида оламдан ўтмоқда.

Собиқ иттифоқ республикалари бўлган Марказий Осиёда бу кўрсаткич ҳар 100 минг нафар онага ўртача 100 нафарни ташкил қилади. Қозоғистонда 100 минг аёлдан 140 нафари, Туркманистонда ҳар 100 минг онадан 130 нафари, Тожикистонда ҳар 100 минг онадан 170 нафари, Қирғизистонда эса 150 нафари туғиш пайтида ҳаётдан кўз юммоқда.

Ўзбекистонда эса бу борадаги расмий рақамлар нисбатан яхши ва 100 минг онадан 24 нафари фарзанд туғилиши чоғида нобуд бўлади. Аммо, Марказий Осиёдек минтақа учун жуда ҳам оз бўлгани боис бу рақам мутахассислар томонидан шубҳага олинади.

Чунки, айни ҳол дунёнинг ривожланган давлатларида кузатилади. Мисол учун, АҚШ да ҳар 100 минг ҳомиладор аёлдан 11 таси, Швецияда эса 3 таси оламдан ўтади. Умуман, ривожланган давлатлар учун бу кўрсаткич ўртача 25 нафарни ташкил этади.

Колумбия университети профессори ривожланаётган мамлакатларда оналар ўлимига олиб келаётган беш муҳим сабабни санайди. Унга кўра булар: қон кетиши, турли инфекциялар, эҳтиётсизлик билан қилинган аборт, узоқ муддатли ва машаққатли меҳнат ҳамда ҳомиладорлик вақтида юзага чиқадиган гипертоник касалликлардир.

- Швецияда қайд этилган 3 ўлим ва умуман, фаровон давлатлардаги оналар ўлими сабаблари, албатта, оналар ўлими юқори бўлган мамлакатлардаги сабаблардан фарқ қилади. Яъни, бу давлатларда мавжуд қандайдир муаммолар туғиш чоғидаги оналар ўлими олдини олишга тўсиқ бўлмоқда. Бироқ, кўрсаткичлар юқори бўлган мамлакатларнинг аксариятида жуда аниқ бўлган бир неча сабаб оналар ўлимига олиб келмоқда, дейди Колумбия университети профессори Линн Фридман.

Фридман фикрича, бу сабабларнинг аксарияти замонавий тиббиётга жуда яхши маълум. У яхшироқ маблағ билан бу сабабларнинг деярли ҳаммасига бутунлай барҳам бериш мумкинлигига ишонади.

Шу боис ҳам у каби мутахассислар Эфиопиядаги анжуман чоғида ҳукуматларнинг бу масалага эътиборини янада кўпроқ қаратиш йўли билан кейинги 10 йил ичида муаммога барҳам бериш томон жиддий қадам ташлаш имконига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG