Линклар

logo-print

Маҳбуслар очлик эълон қилдилар


Балиқчидаги норозилик намойишида иштирок этгани учун қамоққа олинган Канат Сўпиев суд залида ўзига қўйилган айбловлар қалбаки эканини билдирмоқда.

Балиқчидаги норозилик намойишида иштирок этгани учун қамоққа олинган Канат Сўпиев суд залида ўзига қўйилган айбловлар қалбаки эканини билдирмоқда.

Норозилик намойишига чиққани учун қўлга олиниб¸ Қирғизистоннинг Қоракўл шаҳри тергов изоляторида сақланаётган мухолифат тарафдорларидан 10 нафари очлик эълон қилди.

Қамоқхонада очлик эълон қилган маҳбуслар 23 июлда ўтган президентлик сайлови куни Балиқчи шаҳрида парламентнинг икки депутати уюштирган норозилик намойиши иштирокчиларидир.

Улар сайлов адолатсиз ва нохолис ўтаётганлиги сабабли овоз бериш натижалари бекор қилинишини талаб этганлар. Милиция бу намойишни куч ишлатиб тарқатган ва 20 га яқин намойишчини қамоққа олган эди.

Қамоққа олинган норозиларга тартибсизликлар уюштириш айби қўйилмоқда.

Аммо қамоққа олинган мухолифат тарафдорлари ўзларига қўйилаётган айбловлар сохта экани ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уларнинг намойиш ўтказиш ҳуқуқини бузганлигини айтиб, очлик эълон қилишларини билдирганлар.

Қирғизистон Жазони ўташ бош бошқармаси матбуот котиби Сергей Сидоровнинг айтишича, очлик эълон қилганларга қамоқхонада тўсқинликлар қилинмаяпти.

- Бу уларнинг ҳаққи. Улар қамоқдаги шароитдан норози бўлиб эмас, судлар, прокурорлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига норозилик билдириб очлик эълон қилишди. Ҳозир уларнинг саломатлигини шифокорлар назорат қилиб турибди, деди Сергей Сидоров.

Маҳбуслардан бирининг адвокати Асанқул Мўлдўғазиев ҳам қамоқхона маъмурияти очлик эълон қилганларга шароитлар яратиб бергани ва уларнинг саломатлиги шифокорлар назоратида эканини тасдиқлади.

Норозилик намойишига чиққани учун қўлга олинган мухолифатчиларга нисбатан суд жараёни август ойидан бери давом этмоқда. Қирғиз матбуотининг ёзишича, суд жараёнида гувоҳлар қўлга олинган шахслар тартиббузарликлар ва қонунга зид амалларни қилмаганлигини билдирганлар. Шунга қарамай, суд жараёни ойдан-ойга чўзилиб келмоқда.

Қирғизистон Социал-демократик партияси лидери Алмазбек Атамбаев бир қатор сиёсатчилар билан бирга қамоқда сақланаётган мухолифат тарафдорларининг аҳволидан бир неча марта хабар олган. У маҳбусларнинг очлик эълон қилишларидан ҳам бирон самара бўлмаслигини айтади:

- Мен ўзим ҳам уларни бу фикрдан қайтарганман. Бироқ бугунга келиб уларнинг сабр косаси синганга ўхшайди. Негаки, бирорта суд жараёни холис, адолатли ўтмади, дейди Алмаз Атамбаев.

Ўтган ойда Социал-демократлар партияси мухолифат тарафдорларини қамоқдан озод қилиш масаласида президент Қурмонбек Бакиев билан музокаралар ўтказишга ҳаракат қилган, лекин бу уриниш натижасиз якунланган эди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эса мухолифат тарафдорлари намойишга чиққани учун эмас, конституциявий тузумга тажовуз ва ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилгани сабабли қамоққа олинганини билдирмоқда.

Мухолифатчиларга нисбатан суд жараёнининг навбатдагиси 3 ноябрда бўлиб ўтади. Уларга нисбатан ўтказилаётган маҳкама жараёнларини БМТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси ходимлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари кузатиб бормоқдалар.
XS
SM
MD
LG