Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:20

Имомларнинг ваъзлари текширилди


Душанбедаги Исломшунослик маркази экспертлари тожик имомларининг аксарияти шахсни ҳақоратловчи маърузалар қилмоқда, деб ҳисоблайдилар.
Душанбедаги Исломшунослик маркази экспертлари тожик имомларининг аксарияти шахсни ҳақоратловчи маърузалар қилмоқда, деб ҳисоблайдилар.

Тожикистондаги Исломшунослик маркази имомлар маърузаларидаги шариатга зид бўлган чақириқлар жамиятдаги барқарорликни издан чиқариши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Тожикистон Исломшунослик маркази экспертларининг айтишларича, олиб борилган бир неча тадқиқотлар натижасида имомлар маърузаларида шахсни ҳақоратловчи ва шу йўл билан мусулмонлар ўртасида фитна уйғотувчи даъватлар мавжудлиги аниқланган.

- Сўнгги бир неча тадқиқотларимиз натижаларидан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш мумкинки, республикамиздаги айрим дин уламолари Ислом динида ёзилмаган қонунларни мусулмонларимиз ўртасида тарғиб қилиш билан шуғулланишмоқда.

Жамиятда обрўли деб қаралган мулло Сирожиддин маърузаларида намозхонларнинг соқолсиз киши ортида туриб ўқиган намози қабул қилинмаслиги, бу фосиқлик экани каби даъватлари учрайдики, бу айтганларимизга мисол бўла олади, дейди Тожикистон Исломшунослик марказ катта эксперти Маҳрами Анварзод.

Исломшунослик маркази расмийсининг фикрича, бундай ноўрин даъватлар тожикистонлик намозхонлар ўртасида англашмовчиликлар пайдо қилади ва аста-секин жамиятдаги барқарорликни издан чиқариши мумкин.

Анварзод ўз идораси дин уламолари маърузаларига доир хулосаларини ҳукуматга тақдим этиши, мусулмонлар ўртасида нифоқ уйғотаётган айрим дин улаомоларининг жамоат олдида маъруза қилишини таъқиқлаш таклифини киритишини билдирди.

Аммо тожикистонлик айрим мусулмонлар бу тадбирнинг республика мусулмонларига нисбатан қўлланилаётган навбатдаги босим эканини таъкидлашмоқда. Тожикистонлик намозхонлардан бири Алишер исмли суҳбатдоишмиз Исломшунослик маркази экспертларининг даъволари асоссиз¸ дея мулоҳаза билдиради:

- Бир имом сақоли бор бўлса ҳам Қуръонни тажвид билан ўқий олмайди, аммо яна бошқа бир имом борки, унинг сақоли йўғу аммо Қуръонни тажвид билан ўқийди. Айнан ўша одам имомлик қилиш ҳуқуқига эга. Бу борада мазҳабимиз уламолари айтган, дейди Алишер.

Суҳбатдошимиз фикрича, бу суннатлар олдиндан бўлган, уни бугунги дин уламолари тўқиб чиқармаган ва улар маърузаларида учраган бу гапларни фитна дея даъво қилаётган Исломшунослик маркази масъуллари ё Ислом динидан яхши огоҳ эмаслар ёки улар шу йўл билан тожикистонлик намозхонлар ҳамда уламоларга босим ўтказишмоқчи.

Алишер ўзи қатнашган барча диний тадбирлар, хусусан жума намозларида республика уламолари тожикистонликлар, хусусан ёшларга миллий ва диний қадриятлар борасида маъруза қилишгани гувоҳи бўлганини айтади:

- Ароқ ичмаслик, зино қилмаслик, ота-она ва аёли қадрига етишлик, хуллас гумроҳлик йўлига кетмасликка чақиришади, ўз маърузаларида. Исломда ҳеч ким ўзидан қонун чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Лекин нега расмийлар бундай даъво қилишмоқда, мен билмайман, дейди Алишер.

Бошқа бир суҳбатдошимиз, Душанбе шаҳар масжидларининг бирида имом хатиблик қилаётган Нурулло сўнгги икки, уч йил ичида тожик жамиятида ҳам қўшни Ўзбекистондагидек намозхонларга нисбатан босим сезиларли кузатилаётганидан кўпчилик мусулмонлар ташвишда эканини айтади.

- Тожикистонда мусулмонлар Ўзбекистондаги каби намозхонлиги учун қўрқиб яшамаяптилар. Аммо аҳвол шу тарзда давом этаверса, келгуси тўрт-беш йилда ўзбекистонлик мусулмонларнинг куни бошимизга тушиб қолиши табиий, дейди имом хатиб.

Сўнгги икки йил бадалида ҳукуматнинг тегишли идоралари масъуллари “ноқонуний ўзлаштирилган ерга қурилганлик” даъвоси билан Тожикистондаги тахминан 300 дан ортиқ масжидлар фаолиятини тўхтатиб, Душанбе шаҳридаги ўнлаб масжидларни буздириб ташладилар.
XS
SM
MD
LG