Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:59

Марказий Осиë экологик фожеа ëқасида


Оролнинг қуриши¸ минтақа тоғларидаги қорларнинг эриши қишлоқ хўжалигидаги ноқисликлар билан бирлашиб¸ Марказий Осиëни экологик фожеага элтиши мумкин.
Оролнинг қуриши¸ минтақа тоғларидаги қорларнинг эриши қишлоқ хўжалигидаги ноқисликлар билан бирлашиб¸ Марказий Осиëни экологик фожеага элтиши мумкин.

Жаҳон банкининг “Дунё тараққиёти - 2010” номли янги ҳисоботига кўра¸ глобал иқлим исишининг Европа ва Марказий Осиё давлатларига таҳдиди реал ва у кун сайин кучайиб бормоқда.

Жаҳон банкининг Москвадаги ваколатхонаси вакили Марина Василева Жаҳон банкининг “Дунё тараққиёти” ҳақидаги бу йилги ҳисоботи иқлим ўзгариши муаммоларига бағишланганини айтади.

Василева ҳисобот кенг жамоатчиликка тақдим этилганидан сўнг унинг муаллифлари асосий хулосаларни муҳокама қилиш учун турли давлатларга боришларини айтди.

- Мақсад глобал масалалардан ташқари мамлакат аҳамиятидаги муаммолар юзасидан фикр алмашишдан иборат. Менимча, бу томонлар учун фойдали бўлади, деди Жаҳон банкининг Москвадаги ваколатхонаси вакили.

Жаҳон банки ҳисоботида дунё иқлими ўзгаришининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларига кўпроқ таъсир этиши билдирилган. Банк мутахассислари буни мазкур давлатларда табиатни асраш борасида узоқ йиллар давомида етарли чоралар кўрилмагани ва инфратузилмаларнинг эскириб кетгани билан изоҳлайди.

Ҳисобот муаллифларидан бири Марианна Фей фикрича, Марказий Осиёда иқлим исиши ва ёғингарчилик миқдорининг камайиб бориши Орол қуришидан туғилган экологик фожeани янада оғирлаштириши мумкин. Хусусан, мутахассис фикрича¸ Орол тубидаги туз ва қумнинг шамол орқали Тянь-Шань тоғларига етиб бориши минтақа музликлари эриши жараёнини тезлаштириши мумкин.

"Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларида ўртача ҳароратнинг кўтарилгани қайд этилган. Хусусан¸ минтақа жанубида Целзий ўлчови бўйича ярим даража, шимолий регионларда 1,6 даражага кўтарилган. Аср ўртасига бориб ҳаво ҳароратининг 1,6 – 2,5 даражага исиши кутилади. Минтақа музликларининг тез эриши эса гидрологик режимга таъсир этади ва минтақада қор қатлами юпқалашишига олиб келади”, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бек Тошмуҳамедов глобал иқлим исиши оқибатида Марказий Осиё минтақасида танқис бўлган сув ресурсларининг янада камайиши, ўз навбатида бу Ўзбекистон иқтисодий ривожига ҳам таҳдид солиши мумкин¸ деган фикрда.

- Марказий Осиё минтақасида сув етишмайди. Иқлим исиши оқибатида минтақанинг асосий “сув артерияси” ҳисобланган Сирдарё ва Амударёда сув сезиларли камайиши мумкин. Тянь-Шань ва Помир тоғларида музликларнинг анча камайгани ҳаммага маълум, дейди Бек Тошмуҳамедов.

Қозоғистондаги атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Табиат” номли ноҳукумат ташкилоти раҳбари Мэлс Элеусизов глобал иқлим исиши Марказий Осиёда пайдо қилаётган биринчи таҳдид минтақа музликларнинг эриши¸ деган фикрга қўшилади.

- Марказий Осиёдаги ҳамма ҳаёт мана шу музликларга боғлиқ. Ҳозирда бу музликлар жадаллик билан эримоқда. Тянь-Шань ва Помирдаги музликларнинг учдан бир қисми эриб тугади. Шу боис биз сувсиз қолишимиз мумкин. Агар тоғларда музлар қолмаса, улкан фожеа бошланади, дейди қозоғистонлик мутахассис.

Ўзбекистонлик профессор Асқар Ниғматов фикрича, глобал иқлим ўзгариши оқибатида пайдо бўлаётган муаммолар¸ жумладан сув муаммосини ҳал этиш учун қўшни давлатлар халқаро нормалар асосида сув ресурсларидан фойдаланиш механизмини йўлга қўйишлари керак.

Айни пайтда ўзбекистонлик олим фикрича¸глобал иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш учун аграр давлат ҳисобланган Ўзбекистонда мослашувчан қишлоқ хўжалик тизимини яратиш керак.

- Қишлоқ хўжалиги соҳасида қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экишни йўлга қўйишни мана шу иқлим ўзгаришига¸ масалан қурғоқчилик йиллари ëки сув кўп бўлган йилларда шароитга қараб тез мослашувчан қишлоқ хўжалиги тизимини яратиш керак. Олдиндан пахта экиш белгиланган бўлса ëки маккажўхори экиш керак бўлса¸ иқлим шароити шунга мос келмайдиган пайтда¸ оператив ҳолатда иқлимга мос экин турларини танлаш ва экиш бу ишлар учун давлат томонидан дотациялар берилиши керак, дейди ўзбекистонлик мутахассис.

Қозоғистонлик мутахассис Мелс Элеусизов эса¸ Марказий Осиёнинг атроф-муҳит, экология ва сув ресурслари билан боғлиқ барча масалалари мантақа давлатлари ўртасида бамаслаҳат ҳал этилиши кераклигини айтади.

- Биринчидан, минтақа раҳбарлари йиғилиб¸ бу масалаларни жиддий муҳокама қилишлари керак. Пухта режалар ишлаб чиқилиши ва етарли миқдорда маблағ ажратилиши керак. Музликларни сақлаб қолиш учун бор имкониятни ишга солиш керак.

Иккинчидан, қуруқ иқлимда ўсадиган кўплаб дарахт кўчатлари экилиши керак. Иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва энергиядан самарали фойдаланиш учун шамол кучи ва қуёш нуридан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш керак, дейди Қозоғистондаги “Табиат” ноҳукумат ташкилоти раҳбари Мэлс Элеусизов.
XS
SM
MD
LG