Линклар

logo-print

Забт этилмаган сўнгги орол - Оқсарой

  • Алишер Сиддиқ

Тезкор кучларнинг Қозоғистонда бўлиб ўтган илк йиғинида Ўзбекистон раҳбари иштирок этмади.

Тезкор кучларнинг Қозоғистонда бўлиб ўтган илк йиғинида Ўзбекистон раҳбари иштирок этмади.

КХШТ аъзолари орасида Тезкор коллектив кучларига қўшилмаган ягона давлат Ўзбекистон бўлиб қолмоқда. 20 октбяр куни Беларус ҳам бу кучларга қўшилганидан кейин, Кремлнинг Тошкентга босимни кучайтириши кутилмоқда.

Сешанба куни Европа иттифоқи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига оид жиддий хавотирлар сақланиб қолаётганига қарамасдан бу давлатга Андижон воқеалари ортидан киритилган санкцияларни буткул бекор қилди. Халқаро Амнистия ташкилоти фикрича, ушбу қарор Европа иттифоқига аъзо давлатларнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилинган. Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти эса, Европа Иттифоқини ўз геосиёсий манфаатларинигина устун қўйиб¸ инсон ҳуқуқлари масаласига кўз юмаётганликда айблади.

Санкциялардан қутулиш учун расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ва демократик ислоҳотлар ўтказиш йўлидан эмас, балки НАТО ва Афғонистондаги аксил-террор коалицияси билан алоқаларни кучайтириш ҳамда Россиянинг минтақадаги ҳарбий амбицияларига қаршилик кўрсатиш йўлидан борди.

Ушбу қаршилик эса¸ айниқса Тошкентнинг Тезкор коллектив кучларни ташкил этиш борасида эгаллаётган қатъий позициясида ўз аксини топмоқда. Расмий Тошкент бу кучлар Россиянинг минтақа давлатларининг ички ишларига аралашишга имкон бериши мумкинлигидан хавотирда.

Беларус президенти Александр Лукашенко Тезкор коллектив кучларга қўшилишга мажбур қилинганидан кейин Беларус мухолифати ҳам Тошкент билдирган айни хавотирларни изҳор эта бошлади. Озодлик билан суҳбатда Беларус мухолифати етакчиси Александр Милинкевич Тезкор коллектив кучларига қўшилиш Беларус миллий манфаатларига зид эканини айтди.

- Бу шартномага кўра, бизда бирор бир можаро келиб чиқса¸ бу кучлар Беларус ҳудудига ҳам киритилиши мумкин. Тўғрисини айтсак, постсовет ҳудудида авторитар раҳбарлар ҳукм сурмоқда. Бу давлатларда қарорларни парламент эмас, давлат раҳбарлари қабул қилади. Инсонлар тақдирини бу раҳбарлар ихтиёрига беришни истамаган бўлардим. Шунинг учун бу тезкор кучларнинг холис мақсадларда ишлатилишига ҳеч қандай кафолат йўқ¸ деди Александр Милинкевич.

Унга кўра, Беларус Москванинг иқтисодий босими туфайли Тезкор коллектив кучларга киришга мажбур бўлиб, бу кучлар таркибига ўзининг 5000 нафар ҳарбийсини берадиган бўлди. Россия Давлат Думасининг МДҲ давлатлари бўйича масъули Константин Затулин Москванинг бу масалада Тошкентга ҳам босим ўтказишга тайёрлигини айтди.

- Буни ҳам босим деб¸ ҳам музокаралар деб аташ мумкин. Ўзбекистоннинг КХШТ дастурларида тўлақонли иштирок этмаётгани бизни қониқтириши мумкин эмас, табиий. Менимча¸ Ўзбекистон “истаган нарсани оламан¸ истамаганимни олмайман” тамойилини бизга ҳам ўтказиш мумкин деб ўйлаяпти. Ўзбекистонга уруш очиш ниятида эмасмиз¸ албатта. Биз унинг ҳатти-ҳаракатларида хулоса чиқарамиз. Менимча¸ Россияда Ўзбекистонга таъсир қилиш воситалари бор. Бу эса авваламбор Ўзбекистондаги ички вазият билан боғлиқ воситалардир¸ деди Константин Затулин.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаев фикрича, Кремлнинг Каримовга таъсир қилиш воситалари анча чекланган. Россия ҳукумати ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига ишлаш шароитини оғирлаштириши мумкиндир. Аммо бу билан ҳам Ўзбекистон ҳукуматига жиддий таъсир ўтказиб бўлмаслигини таъкидлаган таҳлилчи, Москванинг Каримов инжиқликларига кўнишини тахмин қилади.

- Тажриба шуни кўрсатаяптики, бу вазиятда қандайдир статус-кво ўрнатилиши мумкин. Ўзбекистон яна ўз чиғаноғига кириб кетади ва КХШТ га аъзо давлатлар билан муносабатларини чеклайди. Россия эса ўзи билан ҳамкорлик қилишга тайёр давлатлар билан ҳамкорлик қилишда давом этаверади. Бу масалада Россияда Ўзбекистонга босим ўтказиш учун имконият пайдо бўлади¸ деб ўйламайман¸ дейди Дўсум Сатпаев.

Ўзбекистонни Тезкор коллектив кучларга жалб этиш учун Россия жиддий чора кўрмасдан кутиш позициясини эгаллайди, дейди хавфсизлик масалалари бўйича москвалик таҳлилчи Владимир Мухин.

- Россия бировга муҳтож эмас ва ўз мақсадларига Каримовсиз ҳам эришади. Каримов хоҳламаса¸ Россияга барибир. Шу ўринда бир рус мақолини келтирмоқчиман: Уруш бошланса ҳали у сув сўрайди¸ дейди Владимир Мухин.

Айни пайтда Коллектив хавфсизлик ташкилоти Ўзбекистоннинг Тезкор коллектив кучларга қўшилишига умид билдирганча қолмоқда.

- Биз ҳеч кимга босим ўтказиш ниятида эмасмиз ва истаган тақдирда ҳам босим ўтказа олмаган бўлардик. Ҳар бир мустақил давлат ўзи учун ўзи қарор қилиши керак¸ деди ташкилотнинг расмий вакили Виталий Стругавец.

Расмий Тошкент ихтиёрига қолдирилган ушбу масалани президент Каримов ҳар эҳтимолга қарши Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан узоқроқ бўлиш билан ҳал қилди.

Андижон воқеалари ортидан президент Каримовнинг Ғарбда қораланиши ва Европа иттифоқи санкцияларининг киритилиши¸ Ўзбекистонни ушбу ташкилотдаги аъзолигини тиклашга мажбур қилган эди.

Энди эса Ғарб билан муносабатлар яхшиланиб, санкциялар бекор қилинганидан кейин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Каримов учун ўз долзарблигини янада йўқотадиганга ўхшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG