Линклар

Эрондан аниқроқ жавоб кутилаяпти


Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей Эрон уранни бойитиш лойиҳаси юзасидан агентликка хомаки жавоб йўллаганини билдирди.

Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбари Муҳаммад ал-Барадей Эрон уранни бойитиш лойиҳаси юзасидан агентликка хомаки жавоб йўллаганини билдирди.

29 октябр куни Атом энергияси халқаро агентлиги жаҳоннинг етакчи давлатлари билан келишув лойиҳаси юзасидан Эроннинг жавобини олди.

Атом энергияси халқаро агентлигига кўра, Эрон агентлик раҳбари Муҳаммад ал-Барадейга ўзининг "хомаки жавоби"ни юборган.

Жавобни олиши биланоқ Муҳаммад ал-Барадей Эрон ва Ғарбнинг уч мамлкати вакиллари билан келишув лойиҳаси юзасидан консултацияларини бошлаб юборди.

Атом энергияси халқаро агентлиги таклиф қилаётган қонун лойиҳаси шундайлигича қабул қилинадиган бўлса Эрон чала бойитилган уранининг 75 фоизини тўла бойитиш учун Россияга юборади, кейин бу материал тайёр ёнилғи ҳолатига келтирилиши учун Россиядан Францияга жўнатилади.

АҚШ эса, айни пайтда Вашингтон томонидан 1950-йилларда қурилган саратон касаллигини даволашда ишлатиладиган изотоплар ишлаб чиқарувчи заводни модернизациялаш устида иш олиб боради.

Теҳрон агентликка жўнатган жавобини матбуотда эълон қилмади. Бироқ "Жаҳон" газетаси ҳукумат ураннинг ҳаммасини Россияга бир вақтнинг ўзида эмас, балки бир неча партияга бўлиб жўнатмоқчи эканлиги тўғрисида ёзди.

Шундан келиб чиққан таҳлилчилар “Эрон ҳар эҳтимолга қарши қўли остида ядровий қурол ишлаб чиқариш учун етарли уранни ушлаб турмоқчи”, деган фикрни билдирдилар.

Ғарб давлатлари Эроннинг ўз ядровий дастуридан мақсади ядровий қурол яратишдир, деб қўрқмоқда.

Теҳрон эса, дастуридан мақсад электр энергияси ишлаб чиқариш эканини таъкидлаб келади.

Эроннинг ISNA ахборот агентлиги бу мамлакатнинг Атом энергияси халқаро агентлигидаги вакили Али Асқар Султонияга таяниб кеча хабар қилишича, Теҳрон келишув лойиҳасига техник ва иқтисодий ўзгартишлар киритишни сўраган.

- Эрон ислом республикасининг бу музокаралардаги вакили сифатида мен бизнинг иқтисодий ва техник характердаги талабларимиз инобатга олиниши ва қондирилиши учун барча имкониятларни ишга солишга ваколатлиман, - деди Султония.

Айни пайтда, президент Маҳмуд Аҳмадийнажод кеча Машҳад шаҳрида қилган чиқиши чоғида Эрон ядровий дастурни ҳам тилга олиб ўтди ва " Теҳрон халқаро ҳамжамият билан бу масалада ҳамкорлик қилишга тайёр”, деди.

Унинг айтишича Эрон АҚШ, Россия ва Франциянинг таклифини қабул қилиши мумкин, лекин келишувни имзолайдиган бошқа томонлар ҳам ўз мажбуриятларига содиқ қолишлари керак.

- Биз технологиялар, ядровий ёнилғи, электр станциялари, реакторлар билан боғлиқ соҳалардаги ҳамкорликни олқишлаймиз ва бундай ҳамкорликка таёрмиз, - деди Маҳмуд Аҳмадийнажод.

У, шунингдек, Эроннинг тинч мақсадларда ядровий тадқиқотлар ўтказишга ҳақли эканини ҳам таъкидлаб ўтди.

Лекин Аҳмадийнажод Эроннинг жавоби тўғрисида ҳеч нарса демади.

Айни пайтда Париж ҳам, Вашингтон ҳам Теҳроннинг жавоби мавҳум эканлигини таъкидлади.

АҚШ давлат департаментининг масъул вакили Ян Келли: “Эрон ўз позициясини аниқроқ ифодалаши керак”, деди.
XS
SM
MD
LG