Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:26

"Қизил хоч вазиятни ўзгартира олмайди"


Кузатувчиларга кўра, Халқаро Қизил хочнинг ўзбек қамоқхоналарига ташрифи қийноқларга солинаётган маҳбуслар аҳволини яхшилай олмайди.
Кузатувчиларга кўра, Халқаро Қизил хочнинг ўзбек қамоқхоналарига ташрифи қийноқларга солинаётган маҳбуслар аҳволини яхшилай олмайди.

Сентябр ойидан Халқаро Қизил хоч ташкилоти вакиллари яна Ўзбекистон қамоқхоналарига кириш имконига эга бўлди.Бироқ бу ташриф хулосалари жамоатчиликдан мутлақо сир тутилади.

Халқаро қизил хоч ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Раул Форустернинг Озодликка билдиришича, жорий йилнинг сентябр ойидан бошлаб улар мамлакат қамоқхоналарига киришга расман рухсат олишган.

- Ҳа, бу ҳақиқат! Халқаро Қизил Хоч қўмитаси 2009 йилнинг сентябр ойидан бошлаб Ўзбекистон қамоқхоналарига кириш имконини қайта йўлга қўйди, -деди Раул жаноблари.

Бироқ унинг айтишича, бу сафар натижалари матбуотга мутлақо ошкор қилинмайди.

- Биз хулосаларимиз ва тавсияларимизни ҳукуматга махфий равишда етказамиз. Биз оммавий ахборот воситаларига нима ишлар қилаётганимиз ҳақида хабар берамиз. Аммо ҳеч қачон қамоқхоналарда гувоҳи бўлганимиз ҳолатлар ва маълумотларни матбуот орқали эълон қилмаймиз.

Биз Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қарашли республика жазони ижро этиш бошқармаси назоратидаги барча аҳлоқ тузатиш колониялари ва тергов бўлимларига ташриф буюрамиз, деди Раул Форустер.

Раул жанобларининг айтишича, бу ташрифлар фақат Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

- Қамоқхоналарга сафарлар Халқаро Қизил хоч қўмитаси билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ўзаро шартнома асосида амалга оширилади. Ушбу шартнома асосида ҳукуматга қарашли ва Республика жазони ижро этиш бошқармасига бўйсунадиган объектларга борамиз холос. Чунки Халқаро Қизил хоч қўмитасининг қамоқхоналарга ташриф талаблари бутун дунё бўйича бир хилда. Ташкилотимиз аввалдан тегишли ҳукумат билан келишиб олади, деди Раул Форустер.

Халқаро Қизил хоч ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарига кириш имконидан 2004 йилда маҳрум бўлган эди.

Узоқ йиллик музокаралар натижасида Қизил хоч ташкилоти ўтган йилда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳвол билан бевосита танишиш имконини қайта йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Аввалига рухсат олти ойлик синов муддати билан берилди. Жорий йилнинг сентябр ойидан бошлаб эса ташкилот вакиллари яна Ўзбекистон қамоқхоналарига сафарларини қайта йўлга қўйдилар.

Тошкентдаги қийноқларга қарши кураш тезкор гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоилов Қизил хоч ташкилотининг мамлакат қамоқхоналарига кириш имконини қайта қўлга киритиши натижасида Ўзбекистон қамоқхоналари ва маҳбуслари учун улкан ўзгаришлар кутиш қийин деган фикрда.

-Қизил хочга яна Ўзбекистон қамоқхоналарига кириб текшириш ва аҳволни кузатиш бўйича рухсат берилиши ҳақиқий ҳолатда бирор бир радикал ўзгаришларга олиб келмайди, ҳали бери. Чунки Қизил хоч давлатлар билан икки томонлама келишув асосида ишлайди.

Қизил хоч ўзининг кузатуви натижасида маълум бўлган барча ҳолат бўйича маълумотларни фақатгина ҳукумат томони билан ўртоқлашади. Аҳволни ўзгартириш бўйича ўзининг тавсияларини ҳам ҳукумат томонига беради.

Мана шу ваколатдан келиб чиқиб биз айта оламизки¸ Қизил хочнинг Ўзбекистон қамоқхоналарига киришига яна рухсат берилишидан вазиятнинг яхшиланишини кутмаслик керак. Бу ноўрин бўларди.

Лекин баъзи бир маҳбуслар гуруҳи бор. Масалан¸ сил касалига мубтало бўлган маҳбуслар гуруҳи¸ ҳозирги пайтда қамоқхонадаги маҳбуслар орасида ОИТС касаллиги ҳам кўпайиб бораëтган экан. Мана шунақа алоҳида ҳимояга ëки сақлаш режимига муҳтож бўлган маҳбуслар гуруҳига нисбатан аҳвол яхшиланиши мумкин. Чунки Қизил хоч ўзининг гуманитар дастурлари орқали ëрдамини кучайтириши мумкин.

Лекин фуқаролик эркинликлари ва ҳуқуқлари жуда жиддий равишда бузилаëтган маҳбуслар гуруҳлари бор. Қийноққа солинаëтган маҳбуслар гуруҳлари ëки қариндош-уруғлари билан учрашувлар узоқ муддатдан бери белгиланмаган маҳбуслар гуруҳлари¸ сиëсий маҳбуслар гуруҳига нисбатан ўзгаришни биз Қизил хочнинг давом этадиган кузатувларидан кутмаслигимиз керак, деди Суҳроб Исмоилов.

Юқорида Қизил хочнинг Тошкентдаги вакили қамоқхоналарга ташрифлар махсус келишув асосида аввалдан белигиланишини қайд қилиб ўтганди.

Бу эса қамоқхона маъмурлари Қизил хоч вакилларини кутиб олишга “тайёргарлик” кўриш имконига эга эканлигини билдиради.

Собиқ маҳбус Мўътабар Тожибоева 2008 йили Қизил хоч вакиллари ташрифи учун қамоқхонада бўлган ана шундай “тайёргарлик”ка шахсан гувоҳ бўлган.

-2008 йил март-апрел ойларида халқаро Қизил хоч вакиллари аëллар колониясига келишган пайтда, улар маҳкумалар билан учрашишларидан олдин муассаса вакиллари маҳбуслар билан тушунтириш ишлари олиб боришган.

Улар “Булар келади ва кетади. Сизларга ҳеч қандай фойда бўлмайди”, деб айтишган. Қизил хоч келганда¸ икки кун маҳкумаларга уколлар қилишган¸ муолажаларни жуда яхши қилишган. Овқатлар жуда ҳам яхши бўлган. Ҳатто бир кун тушлик пайтида маҳкумаларга компот ҳам беришган. Ўзи асли берилмайди.

Қизил хоч вакиллари келиши арафасида улар ҳамма жойни ремонт қилишган. Ҳожатхоналарга совунлар¸ қоғозлар қўйиб қўйишган. Қизил хоч вакиллари келиб кетган куннинг эртасига Қизил хоч вакилларига муаммоларни айтган маҳкумаларни жазолаш учун бутун зонани ҳукуматни улуғловчи бир шеърни қўшиқ қилиб айтишни талаб қила бошлашди. Кетаëтганда ва овқатланишдан қайтиб келаëтган пайтида ҳукуматни мақтаб ëзилган шеърни қўшиқ қилиб айтиш керак эди, деди Мўътабар Тожибоева.

Озодликка маълум бўлишича, Қизил Хоч вакиллари яқинда Ўзбекистонда энг мудҳиш қамоқхона номини олган Жаслиқни ҳам бориб кўришган.

Мўътабар Тожибоева тилга олган махсус тайёргарлик Жаслиқда ҳам амалга оширилган бўлса ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG