Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:58

Парламент диний вазиятдан ташвишда


2000 дан ортиқ диний ташкилот фаолият юритаётган Қирғизистонда экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалаётганлар сони ҳам ўсиб бормоқда.
2000 дан ортиқ диний ташкилот фаолият юритаётган Қирғизистонда экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалаётганлар сони ҳам ўсиб бормоқда.

Қирғизистонда 2126 та диний ташкилотнинг фаолият юритаётгани мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрилмоқда ва депутатлар бу жараëнни жиловлаш таклифини илгари сурмоқдалар.

Қирғиз депутатлари экстремистик руҳда ташвиқот олиб бораётган Ҳизбут-Таҳрир каби оқимларга қарши курашни кескин кучайтириш таклифи билан чиқмоқдалар.

- Бугун экстремистик мазмундаги варақаларни тарқатаётганлар эртага қурол тарқатишади. Бу эса ҳукуматнинг босиб олинишига сабаб бўлади, деди шундай қарашдаги депутатлардан бири Эрнест Акрамов.

Парламент депутатлари фикрича, Қирғизистонда таъқиқланган айрим диний оқимлар аъзолари ўзларининг экстремистик ҳаракатларга алоқадорлигини яширмай, очиқ-ойдин тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётганлари мамлакатдаги диний вазиятнинг назоратдан чиқаётгани даракчисидир.

Айрим қирғизистонликлар ўзларининг Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадор эканини яширмайдилар. Қирғизистон қонунчилигида Ҳизбут-Таҳрир партияси тақиқланган эса-да, унинг аъзолари ўзларини “ноқонуний ҳаракат қилмаяпмиз”, деб ҳисоблайдилар. Уларга кўра, Ҳизбут-Таҳрир партияси парламент депутатлари ташвишланганидек, қуролдан фойдаланмайди:

- Биз Ҳизбут-Таҳрир одамларимиз. Мен ўқийман, Ҳизбут-Таҳрирни, Маъмура Жонтўраеваман. Ўқиганим билан, биз Ислом давлати бўлмагунича қурол ишлатиб, қурол билан ишлашимизга ҳаққимиз йўқ. Ислом давлати бўлса, шунда кофирлар бизга қаршилик қилса, ўшанда қурол ишлатамиз. Ҳозирча эса фақат фикр етказамиз, деди Ҳизбут-Таҳрир аъзоси бўлган аёл.

Айни пайтда айрим кузатувчилар Қирғизистонда таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзоларининг очиқ-ойдин ҳаракат қилишларини бу мамлакатдаги диний қонунчиликнинг либераллиги билан изоҳлайдилар.

- Масжидларнинг керагидан ортиқ даражада кўплиги, уларнинг бемалол фаолият олиб бораётгани, қолаверса, даъватчиларнинг бемалол шаҳарма -шаҳар юриб, динни тарғиб қилинишига ўз ҳиссаларини қўшаётгани, уларга ҳеч қандай таъқиб бўлмаётгани Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига нисбатан Қирғизистонда бу борада давлат сиёсати яхши эканини кўрсатади, деди ўшлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов.

Суҳбатдошимизга кўра, айни пайтда экстремистик руҳдаги диний оқимлар фаолиятига барҳам бериш учун дин борасидаги қонунчиликни мукаммаллаштириш керак.

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари эса турли экстремистик диний оқимлар аъзолари сонининг кўпайиб бораётганига Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг улар каби ташвиқот олиб боролмаётгани сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайдилар.

Бироқ Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов бу фикрларга қўшилмайди. У “Мамлакат хавфсизлигини сақлаш учун барча тенг ҳаракат қилиши керак”, деган фикрда:

- Давлат хавфсизлиги учун барчамиз тенг ҳаракат қилишимиз керак. “Муфтиятнинг ёмон ишлаётганидан экстремистлар кўпайди ёки яхши ишлаётганидан озайди”, деган фикр тўғри эмас, деди бундай танқидларга жавобан Қирғизистон муфтийси.

Айни пайтда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳам турли диний оқим вакилларига қарши курашни кучайтирмоқда. Бироқ айрим диндорлар турли диний оқим вакилларига қарши олиб борилаёган кураш натижасида оддий мусулмонлар жабрланаётганини айтмоқдалар.

Жалолободлик Фароҳиддин Отабоев шу йилнинг 14 октябрида Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорликда гумон қилиниб, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан уйидан олиб кетилган ва айби исботланмай бир неча соатдан кейин қўйиб юборилган.

- Уйимдан китобларни олишди, мусиқалар ёзилган дискларни олишди. “Буларда қурол бор”, деб ертўладаги консерваларни ҳам титиб кўришди. Мен “Очиб беравер, бизда қурол нима қилсин, очиб бер, кўришсин”, дедим. “Бизда қурол йўқ”, дедим. Биз колхозчи одам бўлсак, бизда қурол нима қилади? Боламнинг Ҳизбут-Таҳрирга алоқаси йўқ. Уйимиздан ҳам Ҳизбут-Таҳрирга тегишли нарсалар топилмади, деди Фароҳиддиннинг онаси Ҳафиза опа.

Расмий маълумотларга кўра, бир йил ичида Қирғизистонда таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир партиясининг 1833 фаоли рўйхатга олинган. Улардан 126 нафари ҳибс қилинган ва 39 та жиной иш қўзғатилган, 5000 дан ортиқ таъқиқланган адабиёт, шунингдек, ўқ-дори ва қуроллар мусодара қилинган. Ҳизбут-Таҳрирнинг 49 аъзоси суд ҳукми билан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган..
XS
SM
MD
LG