Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:12

Депутатлар утопияси


Ўзбекистонда ҳар йили бир миллион ишчи ўрни яратилаётганига қарамай, ўзбекистонликлар мардикорлик қилиш учун Россияга кетмоқдалар.
Ўзбекистонда ҳар йили бир миллион ишчи ўрни яратилаётганига қарамай, ўзбекистонликлар мардикорлик қилиш учун Россияга кетмоқдалар.

Ўзбек депутатлари 2010 йилда Ўзбекистонда бир миллион иш ўрни яратишга ваъда беришди. Иқтисодчилар эса оддий арифметик ҳисоб-китоблар ҳам бир йилда шунча иш ўрни яратиш мумкин эмаслигидан дарак бераётганини айтадилар.

29 октябр куни Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатаси “2010 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури”ни тасдиқлади.

Айни дастурга кўра, келгуси йили мамлакатда 950 мингта янги иш ўрни яратиш назарда тутилган.

Рақамга эътибор қилинг – бир йилда сал кам бир миллион янги иш ўрни!

Бу ҳақда хабар ёйинлаган ЎзА сайтида айтилишича, “ушбу дастур меҳнат бозорининг жорий ҳолатини ҳамда унинг 2009 йил охирига қадар прогнозини баҳолаш ва таҳлил қилиш натижаларига, шунингдек, Инвестиция дастурига, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация қилиш” каби бир қатор дастурларга асосланиб қабул қилинган.

Демак, бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда бир йилда бир миллион янги иш ўрни очиш учун имкон ҳам, шароит ҳам етарли.

Лекин Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи ўзбек депутатларининг янги иш ўринлари бўйича амалга оширишни режалаштираётган айни дастури "ҳаётийликдан анча йироқ", деган фикрда:

- Агарда шунча ишчи жойи қилинадиган бўлса¸ дейлик, ҳар битта ишчи ўрнига 10 минг доллардан сарфланадиган бўлса¸ демак 10 миллиард пул ажратилиши керак. Долларда! Лекин қаердан? 10 миллиард доллар йўқ-ку. Ўзбекистоннинг бир йиллик бюджети ўзи олти миллиард. Бу олти миллиардга милицияларнинг¸ қамоқхона ходимларининг¸ прокурор¸ судларнинг¸ ўқитувчиларнинг мояналари киради. Шунинг учун қайси пул ҳисобига қилишмоқчи, билмадим, дейди иқтисодий таҳлилчи.

Uzmetronom.com сайти эса ўзбек депутатларининг бир йилда бир миллион иш ўрни яратиш бўйича дастурини эртакка қиёслайди. Сайтда эълон қилинган мақолада қайд қилинишича, “Оддий арифметик ҳисоб-китоблар расмийларнинг нияти пучлигини кўрсатмоқда. Бордию, ҳар бир яратилган иш ўринларида ҳар ой расман эълон қилинган ўртача ойлик иш ҳақининг тенг ярми – 160 доллар тўланган тақдирда ҳам, бу режани амалга ошириш учун $1.824.000.000. маблағ керак бўлади. Бу давлат ва бизнес учун утопик ва кўтара олмайдиган рақамлардир”.

Gazeta.uz сайти эса бу каби қарашларни бутунлай йўққа чиқарадиган маълумотларни ёйинлади.

Сайт маълумотига кўра, Ўзбекистонда жорий йил охиригача ҳам 932,5 минг янги иш ўрни ташкил қилиниши режалаштирилаяпти.

Рақамга эътиборга қилинг сал кам бир миллион янги иш ўрни! Бу Ўзбекистонда ҳар йили бир миллион иш ўрни янгидан ташкил қилинаяпти дегани.

Жорий йилда барпо қилинган янги иш ўринлари борасида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига телефон орқали мурожаат қилдик.

Вазирлик ходими ҳақиқатдан ҳам ҳар йили мамлакатда сал кам бир миллион янги иш ўринлари барпо қилинаётганини тасдиқлади:

- Меҳнат вазирлигининг сайтида “Информационное сообщение о заседании кабинета министров Республики Узбекистан” деган ахборот берилган. Ўша ердан олсангиз бўлади маълумотларни. У ерда янги иш ўринлари қанча ва қайси йўналишда яратилганлиги аниқ кўрсатилган, деди вазирлик ходими.

Айтилган сайтдан топган маълумотимиз бўйича, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Ўзбекистонда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36, 4 фоизга кўп, яъни 743,5 минг янги иш ўринлари яратилган.

Демак, мутасаддилар таъкидлаганидек, сўнгги уч ой мобайнида янги иш ўринлари сони жами бир миллионга етиб ҳам қолади.

Лекин суҳбатдошимиз - иқтисодий таҳлилчи бу фақат қоғоздаги рақамлар эканини айтади.

- Ҳаммаси кўзбўямачилик. Сартарошхона ишга туширмоқчи бўлса, аввал сартарошхоналарни қуриш керак. Цехлар бўладиган бўлса¸ уларга бино қуриш керак¸ электр ўтказиш керак. Яъни ҳеч бир ишчи жойи йўқки¸ унга пул сарф қилинмасин. Бунинг учун катта корхоналар қилиниши керак¸ минглаб кичик корхоналар юзага келиши керак. Бепул ишчи жойи бўлиши мумкин¸ лекин у қайси вақтда? Сокрашение бўлиб кетган жой қайтадан тикланса, дейди иқтисодий таҳлилчи.

Айни пайтда дипломи бўла туриб хориж ўлкаларида юрган миллионлаб ўзбек мардикорлари мамлакатда иш ўрни яратилгани билан иш ҳақи пастлиги уларни қониқтирмаслигидан нолишади.

Россияда меҳнат қилаётган Алижон ҳам Ўзбекистондаги ойлик маошларидан қониқмайди.

- Ўзбекистонда етарли иш жойи бўлса¸ мен нима қиламан қорли жойларда сарсон бўлиб? Бу ерда фақат мен эмасман. Мана, яқинда бир врачни кўрдим. Олий маълумотли врач. Ишни ташлаб келган. Агар ишчи ўрни очиладиган бўлса ҳам¸ 120 минг ойлик олсам, бу Тошкент шароитида етмайди. Мен энг ривожланган шаҳримиз Тошкентда 80-100 минг, боринг ана 150 минг сўм топсам¸ ўша ерда квартирамга ва еган ичганимга кетади бу пул, дейди Алижон.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги сайтида қайд қилинишича, жорий йилда яратилган янги иш ўринлардан 311 мингтаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси бўйича ташкил қилинган. Жумладан, хизмат кўрсатиш соҳасида 203 минг, касаначилик бўйича эса 77,9 минг янги иш ўринлари яратилган.

Янги иш ўринлари бўйича ҳар йилги дастурларда асосий эътибор асосан касаначиликка қаратилади.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитасига кўра, 2008 йил мобайнида мамлакатда ишсизлар сони касаначилик билан шуғулланувчилар кўпайиши ҳисобига 16,5% га камайган.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани ҳокими ўринбосари Хадича Ибодуллаева Озодликка берган суҳбатларидан бирида касаначилик туфайли асосан аёллар орасидаги ишсизликка барҳам берилаётганини айтган эди.

- Ҳозирги шароитда аëлларни иш билан таъминлаш бўйича энг асосийси уй меҳнатини ривожлантириш. Бизнинг Тўрткўлда имконияти бор ерларда касаначилик билан шуғулланишаяпти. Биринчидан, кўп аëллар уй шароитида болалари билан бўлганлиги туфайли бориб ишлай олмайди. Агар касаначилик бўлса¸ уйида ўтириб ҳам боласига қарайди, ҳам бўш вақтларида тузган шартномаси асосидаги маҳсулотларни етиштириб беради.

Биринчидан, стаж юриб туради. Иккинчидан, иш билан таъминланган бўлади, деган эдии Тўрткўл тумани ҳокимининг ўринбосари.

Кейинги йил яратилиши мўлжалланаётган янги иш ўринларининг 210 мингтасини ҳам айнан касаначилик бўйича ташкил қилиниши режалаштирилган.

Шунингдек, 2010 йилда хизмат кўрсатиш соҳасида 280 минг иш ўрни, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш соҳасида ва ободонлаштириш бўйича ишларда 60 мингдан зиёд иш ўринларини яратиш кутилаяпти.

Шундай қилиб, мамлакатда ишга яроқли аҳолининг бор-йўқ 0¸8 фоизигина ишсиз эканини даъво қиладиган расмий Тошкент, ҳар йили бир миллионга яқин янги иш ўрни ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Бу эса¸ меҳнатга лаëқатли аҳолиси¸ расмий статистикага кўра¸ 15 миллион деб айтиладиган Ўзбекистонда бу аҳолининг 6 фоизи учун янги иш ўринлари таклиф қилиш деганидир. Иккала рақам нисбати эса¸ Ўзбекистонда ишчи кутиб қараб қолган иш ўринларининг ишга яроқли аҳолидан 6 баравар кўплигини англатади.
XS
SM
MD
LG