Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

Эркин микрофон - "Болам қаëққа кетаяпсан?!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Бугун Ўзбекистоннинг эртанги ҳуқуқ посбонию эртанги врачлари ҳам ҳеч вақо қолмаган пахта даласида изғишга маҳкум. Булар эртага ким бўлади - ўғрию қассобми? деб хитоб қилади Озодликка сим қоққанлар.

Ўзбек генераллари ҳам пахта фронтида

Ўзбекистондаги пахта терими мавсумида Тошкент Милиция Академиясининг ўқитувчи ва курсантлари ҳам фаол иштирок этмоқда, дея хабар қилади Жиззах вилоятининг Арнасой туманида яшайдиган суҳбатдошимиз. Ҳар ҳолда катта мартабали офицерларнинг пахта теримига юборилгани қашшоқ яшаётган маҳаллий аҳолини хурсанд қилмоқда. Нега дейсизми? Чунки уларга пахтани маҳаллий аҳоли териб бераяпти ва эвазига икки баравар кўп пул олмоқда.

- Фермерларимизнинг уйида ҳатто егани нони йўқ. Лекин хотин бола-чақаси билан пахта териб¸ 5 кило¸ 10 кило қилиб ун олаяпти. Насияга носки билан калиш олаяпти. Кеча бизнинг бозорнинг олдида ҳайрон бўлиб қолдим. Ë тавба¸ фермерларимиз ҳарбийларга совуқда хотин бола-чақаси билан пахта териб¸ “Калиш олишимиз керак. Қишга мой олишимиз керак. Биз банкдан пул олмаймиз” деб ўтирибди. Эшитиб ўтириб¸ ҳайрон бўлдим.

Озодлик: Тошкентдаги Милиция академияси сизларда пахта тераяптими?

- Ҳа. Академиянинг ўқитувчилари бизга келиб пахта тераяпти. Ўқувчилари Арнасой районининг ўзида. Майор¸ лейтенант¸ полковник¸ подполковник пахта тераяпти. Маъносини тушунган бўлсангиз керак. Одамлар 150 сўмдан пахта териб бераяпти. Битта-иккита қашшоқ ота-оналар “Юр болам. 150 сўмдан” деб¸ резинка¸ йиртилиб кетган тапочкаларда уларга пахта териб бераяпти. Бечоралар 100-150 килодан пахта териб бераяпти. Ҳатто эр-хотин бўлиб тераяпти. Фермерларимиз ҳокимга билдирмасдан пахта териб¸ баъзи бир фермерларимиз хотин бола-чақаси билан пахта териб¸ ҳайдаган ерининг пулини бераяпти.

Озодлик: Улар қандай теради? Этак осиб далага кирадими ëки биронтага тердирадими пул бериб?

- Ҳа¸ теради¸ теради. Пахта далага ëтиб олиб теради. Қолган-қутганини бизнинг аҳолимиз терадида.

Озодлик: Уларга ҳам норма бордир.

- Норма бор. Кунига 100 килодан норма. Отамиз шунақа деб жўнатган. Президент отамиз.

Озодлик: У теримчиларга пулни чўнтагидан берадида.

- Ҳа¸ чўнтагидан берадида. Банкдан берармиди? Банкдан ўзи 80 сўмдан бераëтган бўлса. Уни ҳам беш кунлик қилиб¸ зўрға топиб бераëтган бўлса. Аҳоли 80 сўмликка чиқмасдан 150 сўмликка чиқадида.

Озодлик: Офицер таркибида нечта киши келган?

- 400 та келган. 400та ўқитувчи бор экан шу лейтенант¸ майор¸ полковник¸ подполковник¸ генерал деган¸ дейди жиззахлик тингловчимиз.

Маориф ходими деҳқонга ақл ўргатадими?

Бухоро вилоятининг Жондор туманидан қўнғироқ қилган фермер Мурод аканинг сўзларига кўра, деҳқоннинг ишига аралашмаган одам қолмади. Ҳатто маориф ходимлари ҳам ҳукуматнинг топшириғи билан келиб деҳқонга ақл ўргатмоқчи бўлади.

- Маориф ходими келиб менга “Буғдой экилган ерларнинг атрофини бегона ўтлардан тозаланг” деяпти. Мен “Ака¸ сиз ўзингизни таништиринг. Кимсиз?” десам¸ у “Мен маориф ходимиман” дейди. Мен “Сизни ўзи ким юборди? Мактаб¸ маорифнинг қишлоқ хўжалиги билан қанақа боғлиқлик жойи бор. Масалан¸ мен ҳозир сизга деҳқончилик йўналиши бўйича савол берсам¸ саволимга сиз жавоб бера олмайсиз” дедим. У ҳам уялиб “Ака¸ тушунадиган одам экансиз. Юқоридан менга буюрилган. Ўша вазифани бажариш ниятида олдингизга келганман. Менга фалон¸ фалон ерларга бориб¸ ана шу вазифаларни айтасан дейилган” деди.

Бу йил ҳаттоки биринчи синфда ўқийдиган болаларни мактабдан чиқарди. Мен “Болам¸ қаëққа кетаяпсан” десам¸ “Дада¸ булар пахтага жавоб берди” дейди. Ҳукуматимиз раҳбари китоб ëзади¸ чиройли сўзларни айтади. “Келажак ëшларнинг қўлида” дейди. Биринчи синфда ўқийдиган ëш бола пахта даласида юрса. У таълим олиши керак. Ота-онаси уни мактабга юборган. Бу қандай бўлади бу? Келажак қандай қилиб буларнинг қўлида бўлади¸ дейди куюниб фермер Мурод ака.

Унинг айтишича, далада пахтанинг ўзи қолмаган. Лекин шундай бўлса ҳам ўқувчи ва талабалар пахта теримида олиб қолинмоқда.

- Пахтанинг ўзи йўқ. пахта даласига бораман. Биласизми¸ умуман ғўзапоядан бўлак ҳеч вақо йўқ. Лекин 80-100 нафар коллеж талабалари юрипти. У ҳам қайси коллеж дейсизми? Медколлеж. Ўқиш даврида пахта терса. Билмайман¸ булар битиргандан кейин қассоб бўладими дейманда¸ дейди Мурод ака.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG