Линклар

Ўзбек ўзбекка: "Оллоҳга шукур¸ бахтлиман"...

  • Фаррух Юсуфий

Профессор Стритер, инсон бахтини ўлчовчи мезонларда маданий тавофутлар борлигини эътироф этган ҳолда¸ бу тушунчанинг умумиятла умуминсоний эканини таъкидлайди.

Профессор Стритер, инсон бахтини ўлчовчи мезонларда маданий тавофутлар борлигини эътироф этган ҳолда¸ бу тушунчанинг умумиятла умуминсоний эканини таъкидлайди.

Дунëнинг 104 давлатидаги одамлар ҳаëтини фундаментал мезонлар асосида тадқиқ қилган британиялик жамиятшунослар¸ фаровонлик ва бахтиëрлик жиҳатдан ўзбекларнинг мақтангудек ҳоли йўқ¸ деган хулосага келдилар.

Дунëнинг 104 мамлакатидаги иқтисодий фаровонликдан тортиб инсоннинг яшаш¸ ҳур фикрлаш¸ таълим олиш¸ меҳнат қилиш каби фундаментал ҳақлари вазиятини ўрганган жамиятшунослар Финляндияни ер юзининг жаннати деб топдилар ва айнан шу мамлакатда инсоннинг бахтли яшаши учун ҳамма шароит муҳайë деган хулосага келдилар.

Британиядаги Легатум институти ўтказган Фаровонлик индекси деб номланган тадқиқот хулосасига кўра Ўзбекистон энг фаровон ва бахтиëр Финляндиядан 91 поғона пастроққа, 92-ўринга қўйилди.

Легатум институти тадқиқотининг муаллифлари профессор Уильям Инбоден ва профессор Райан Стритерлар жума куни Озодлик меҳмони бўлиб бахт формуласига оид саволларга жавоб бердилар.

Профессор Инбодендан дастлаб "Бу тадқиқотда Марказий Осиёнинг икки мамлакати – Ўзбекистон билан Қозоғистонга баҳо берилган. Нега иккисидан Ўзбекистон аҳолисини бахтсизроқ, деб топдингиз", деб сўрадик.

Уильям Инбоден: Ўзбекистон фуқароларининг бахтсизлигига кўплаб омиллар ҳисса қўшаётган кўринади. Қайд этганингиздек, биз Марказий Осиёнинг икки мамлакати – Ўзбекистон ва Қозоғистонни тадқиқотга қўшдик. Уларнинг иккаласида ҳам аҳвол яхши эмас, лекин Ўзбекистондаги турмуш даражаси жуда ҳам ёмон. Бунинг асосий сабабларидан бири сиёсий эркинлик ва инсон ҳуқуқларининг йўқлигидир. Ўзбекистон демократик институтлар бўйича ҳам жуда паст баҳоланди. Бу ўз навбатида иқтисодга путур етказмоқда.

Бундан ташқари, ҳокимият бошқаруви ва шахсий эркинлик бўйича кўрсаткичлар ҳам ҳаминқадар. Шахсий эркинликнинг чеклангани одамларнинг ўз фикрини изҳор этиш ва ўз тақдирини ҳал қилиш имконига эга эмасликларини ангатади. Шунингдек Ўзбекистонда ижтимоий капитал, яъни фуқароларнинг ўз ҳукуматига бўлган ишончининг ниҳоятда пастлиги ҳам аниқланди.

Озодлик: Ҳисоботга кўра, Ўзбекистондан 1000 киши сўровга тортилган. Сўралганларнинг ўзлари фикр эркинлиги, ҳукуматга ишонч ёки демократик институтларнинг йўқлигидан гапиришдими ёки бу хулосалар бошқа мезонларга кўра чиқарилдими?

Уильям Инбоден: Йўқ¸ бундай бўлмади. Биз 1000 кишини сўровдан ўтказиб, уларнинг ўз ҳукуматларидан шикоят қилишларига кўра, хулоса қилганимиз йўқ. Биз турли манбалардан одамларни бахтли қилиши мумкин бўлган умуминсоний қадриятларни аниқлаб олдик. Кейин Ўзбекистонда бу факторларга оид ўтказилган сўровлар, хусусан халқаро миқёсда энг ишончли бўлган “Gullup” сўров марказининг тадқиқотларини ўргандик. Бу сўровларда иштирок этган ўзбекларнинг барчаси бўлмаса-да, уларнинг аксарияти ўз ҳукумати ва эркинликларидан қониқмаслигини айтган.

Озодлик: Тадқиқотда ижтимоий капитал, яъни жамиятдаги ўзаро ишонч, ҳукуматга бўлган ишончни белгилаб берувчи факторлардан бири сифатида дин кўрсатилган. Одамларнинг диндор ёки динсиз бўлишининг бахт факторига қанчалик алоқаси бор?

Профессор Стритер: Ҳақиқатан, дин ижтимоий капиталга ҳисса қўшадиган факторлардан биридир. Диний жиҳатдан фаолроқ бўлган одамлар одатда, диндан узоқ бўлганлардан кўра бахтлироқ бўлади. Буни бошқа тадқиқотлардан ҳам кўриш мумкин. Шунинг учун динни ижтимоий капитал индексини белгиловчи омиллардан бири қилиб олдик. Лекин бу индекс бошқа кўплаб омиллар билан ҳам белгиланди. Булар одамлар бир-бирига қанчалик ишониши, ҳаётда суянадиган кишилари борми йўқми, шу каби омиллардир. Дин ижтимоий капитал индексини белгиловчи кўплаб омилларнинг биридир холос.

Озодлик: Охирги савол. Финляндияни энг бахтли давлат, деб баҳолабсиз. Лекин Ўзбекистон ва Финляндия маданият, зеҳният, дин кўплаб бошқа жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Масалан, ҳозир ўрта ҳол ўзбекни тўхтатиб, бахтлимисиз, деб сўрасангиз, Оллоҳга шукр, бахтлиман, деб жавоб беради. Фаровонлик индексини ўрганишда ана шу фарқлар, яъни айтайлик финлар билан ўзбекларнинг битта саволга турлича муносабатда бўлиши инобатга олиндими?

Профессор Стритер: Турли мамлакат одамларининг битта масалага турлича муносабат билдириши қайсидир маънода тўғри. Масалан сиз айтгандек, бахтимисиз, деган саволга финлар билан ўзбеклар берган жавоб бир хил бўлмайди, албатта. Лекин баъзи масалаларга турли халқлар бир хилда ёндашишини кўриш мумкин.

Албатта, сиз айтган маданият ва зеҳниятдаги фарқларнинг ҳар бирини инобатга олиб бундай тадқиқотни ўтказишнинг имкони йўқ. Биз одамларнинг бахтига ҳисса қўшувчи бешта асосий омилни ўрганишга ҳаракат қилдик. Бу саломатлик, шахсий эркинлик, ижтимоий капитал, ҳокимият бошқаруви ва хавфсизлик каби мезонлардир. Биз бу беш мезонга оид кўплаб маълумотларни ўрганиб чиқиб, уларнинг одамлар бахтига қанчалик таъсир қилишини тадқиқ қилишга ҳаракат қилдик¸ дейди Легатум институти ҳозирлаган Фаровонлик индекси муаллифларидан бири профессор Стритер.

Мустақил олимларнинг Ўзбекистоннинг ер юзидаги жаннатдан¸ фаровонлик ва бахтиëрлик анча узоқ экани ҳақдаги хулосаларидан сўнг¸ Сиз азиз ўқувчига ҳам мурожаат қилмасликнинг иложи йўқ - Сиз ўзингизни Инсон сифатида бахтли деб биласизми???

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG