Линклар

Санкт-Петербургдан Ғаллаоролга саёҳат

  • Фаррух Юсуфий

Иван Ивановичнинг айтишича, Ўзбекистон ичкарисида у машинасини текширувдан ўтказган милиция ходимларига 150 минг сўм пора беришга мажбур бўлган.

Иван Ивановичнинг айтишича, Ўзбекистон ичкарисида у машинасини текширувдан ўтказган милиция ходимларига 150 минг сўм пора беришга мажбур бўлган.

Тақдир тақозоси билан Россиядан Ўзбекистонга саёҳат қилиш "бахтига" муяссар бўлган петербурглик Иван Иванович Озодлик радиосига сим қоқиб, Ўзбекистондаги ижтимоий-маиший аҳволдан даҳшатга тушганини гапириб берди.

Бундан икки ҳафта аввал, Озодлик радиосининг “Эркин микрофон”ига бир рус йигит телефон қилиб: “бу Ўзбекистон дегани қанақа мамлакат ўзи, бу ерда одам қадри, тартиб, қонун, деган нарсалар йўқми?” дея рус тилида гапира кетди.

Суҳбатдошимизнинг фиғони фалакка чиқаётгани ва “бизни руслар ҳам эшитаркан-да”, деган хурсандчиликдан ўзини йўқотиб қўйган Озодлик мухбири бироз ўзига келгач: “Ака, тўхтанг, сиз кимсиз, нима бўлганини ётиғи билан тушунтиринг”, деб у киши тинчлантирган бўлди.

Маълум бўлишича, суҳбатдошимиз Озодлик радиоси мухлиси эмас, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Жаззахнинг Ғаллаоролига бўлажак қайнонаси ва қайнотасиникига меҳмонга келган экан. Ўз машинасида беш минг километрлик йўлни босиб ўтган бу одамнинг ҳамма саргузаштлари Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгач бошланган.


“Яхшиси мени Иван Иванович, деб атанг!”


Суҳбатдошимиз исмини ўзгартириб беришимизни илтимос қиларкан, ўзи эмас, Ўзбекистондаги қариндошларига “гап тегиб қолишидан” хавотирланаётганини айтади.

Иван Ивановичнинг айтишича, унинг қаллиғи ўзбек ва бўлажак қайнота ва қанонасидан қизларининг қўлини сўрашни ният қилиб, қариндош бўлмишлар учун совға-саломни машинасига ортиб, Санкт-Петербург-Ғаллаорол маршрути бўйича йўлга чиқади.

- Россия-Қозоғистон чегарасидан ҳеч бир муаммосиз ўтиб келдим. Ҳамма машмаша Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидан ўтиб, биринчи постга дуч келганимизда бошланди.

Аввал машинамда тинтув ўтказиб, юкхонасидаги ҳамма нарсаларни ерга туширишди. Бу Қорақалпоғистонда бўлаётган гап. Кейин постдагилар мендан 4000 сўм талаб қилишди, хўп, деб ташлаб ўтиб кетдик. 50 километр ўтар-ўтмас, яна бир постга дуч келдик, у ерда мендан қандайдир экология солиғини талаб қилишди. Мен "Бу қанақа солиқ", десам¸ "Сиз Ўзбекистон ҳудудидан ўтаётиб, атроф-муҳитни заҳарлаяпсиз. Қани 70 мингни тўлаб қўйингчи", деб айтишди.

Мен уларга машинам техник кўрикдан ўтганини тушунтириб, тўполон қилган бўлдим. Улар: "Йўқ, пулни тўлаб қўйинг, бўлмаса ҳозир олиб бориб тиқиб қўямиз", дейишди. Мен ўзбек тилини билмаганим учун, қаллиғим улар билан гаплашиб, охири уларни 20 мингга кўндирди. Кейин ҳалиги пулни олган мелиса қаллиғимга "Қани тезроқ жўнаб қолинглар, бу ердан. Эрингиз тўполон қилгани учун махсус отрядни чақирувдик, келиб қолишса яхши бўлмайди", деб очиқ айтди¸ - дейди Иван Иванович.

Иван Иванович Ўзбекистонга кираётганида чегарада қўлидаги Россия рублларининг оз-мозини 150 минг ўзбек сўмига айлантириб олганини айтаркан, бу пулларнинг ҳаммаси Ғаллаоролгача ҳар бир вилоят ўртасидаги постда музд тўлаш учун кетганини айтади.

- Ҳар бир постда машинани тинтув қилиб, "бу нима, у нима", деб сўроққа тутишади. "Қаерга кетяпсиз?" Меҳмонга кетяпман, десам, "Нимага кетяпсиз?" деб қон қилишади. Меҳмонга кетяпман, тушуняпсизми, деб хунобим чиқади. Кейин Ғаллаоролга етиб боргач, рўйхатдан ўтиш учун борганимда, мендан банк тўловини сўмда эмас, негадир долларда олишди. Рўйхатдан ўтишим учун уч кун миямни ачитишди¸ - дейди Иван Иванович.

Гапнинг орасида Иван Ивановичдан "Озодлик радиосига қандай чиқдингиз?" деб сўрадик.

- Менга телефонларингизни ғаллаоролликлар беришди. Айтишларича, одамлар Озодлик радиосига телфон қилиб, ўз муаммолари ва ташвишлари ҳақида гапириб берар экан. Менинг хуноб бўлиб ўтирганимни кўрган мезбонлар Озодлик радиосига қўнғироқ қилиш керак, деб қолишди ва телефонингизни беришди¸ - дейди Иван Иванович.

Шу ерда суҳбатимиз узилиб қолди...

"Ўзбеклар ҳаётини кўриб даҳшатга тушдим"

Иван Ивановичнинг қайта телефон қилишини икки ҳафта кутдик. Суҳбатдошимиз Санкт-Петербургга қайтгач¸ яна бизга чиқди ва ҳикоясининг қолганини гапириб берди.

- Мен Самарқанд, Ғаллаорол, Бухоро ва яна бир неча шаҳарда бўлдим. У ерда кўп одамлар билан гаплашдим. Улар мендан исмларини айтмаслигимни сўраб, бу ҳикояни албатта Озодлик радиосига гапириб беришимни илтимос қилишди. Қизиғи мен борган жойларнинг кўпида газ, электр йўқ, лекин одамлардан газ ва свет пуллари олдиндан олиб қўйилар экан. Ҳозир сизларда пластик карточкалар чиқибди, ойлик ўша карточкага тушаркан-да, газ ва свет пуллари ўша ерда сизнинг рухсатингизсиз олиб қўйилар экан, бу қандай бедодлик? Бундан ташқари, карточка билан дўконда ҳарид қилсангиз¸ сотувчи товар нархидан ташқари яна 10 фоиз кўпроқ пул олиб қолар экан¸ - дейди Иван Иванович.

Иван Иванович, ўзбек милиционери билан бўлиб ўтган бир суҳбатни ҳам эслайди.

- Мени энг даҳшатга солгани, бир ўзбек мелисаси мендан пора талаб қилиб оларкан, очиқчасига “ҳозир ҳалол ўзбекни топа олмайсан”, деди. Мен бу гапга ҳеч ҳам қўшила олмайман. Мен кўрган оддий ўзбеклар ҳалол, маданиятли ва зиёли инсонлар эди. Менинг сизга қўнғироқ қилганимнинг сабаби ҳам шунда. Қорақалпоғистондан Ғаллаоролгача машинада борарканман, пахта далаларида ёш болаларнинг ишлаётганини кўриб сиқилдим. Қўлига озгина ҳокимият тегиб қолганлар орасида нопоклар бордиру, оддий ўзбекларнинг жуда меҳмондўст эканини кўрдим.

Яна бир нарса¸ ўзбеклар газсиз, электрсиз, сувсиз ҳаёт кечираётганини, кўриб даҳшатга тушдим. Уларнинг уйига борсангиз газ йўқлигидан менга чой қилиб бера олмаганидан жуда ҳижолат чекканини кўриб, ўзимни қўярга жой топа олмаганим учун, сизга бу ҳикояни айтмасам, бўлмайди, дея аҳд қилдим, - дейди ўзбек қаллиғининг қўлини сўраб Санкт-Петербургдан Ғаллаоролгача борган Иван Иванович.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG