Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:25

Тожикистонда диндорлар ҳуқуқи бўғилмоқда


Тожикистон расмийларига кўра, мамлакатда диний эркинликлар паймол қилинмаяпти.
Тожикистон расмийларига кўра, мамлакатда диний эркинликлар паймол қилинмаяпти.

АҚШ Давлат Департаментининг диний эркинликлар бўйича эълон қилинган янги ҳисоботида Тожикистонда диний эркинликлар бўғилаётган мамлакатлар қаторида қайд этилган. Тожикистон расмийлари бу ҳисоботни ҳақиқатдан йироқ дея баҳолашмоқда.

Тожикистон Маданият вазирининг диний масалалар бўйича ўринбосари Мавлон Мухторов Америка Давлат Департаменти ҳисоботи муаллифлари мамлакатдаги диний эркинликка оид вазиятни бўрттириб кўрсатганини билдирди.

Расмийга кўра, америкаликларнинг мамлакатда фуқаролар диний эркинликлари чекланганига доир иддаоси, тожик жамиятида ўнлаб ғайриисломий диний гуруҳлар ҳамда уларнинг ибодатхоналари ҳеч бир тўсиқсиз фаолият кўрсатиб турган бир пайтга тўғри келди.

- Мамлакатда ҳар қандай дин, мазҳаб ёки ғайриисломий оқим вакилларнинг эркин фаолияти учун бирор бир тўсиқ йўқ.

Вазирлигимизга мурожат этган турли дин ва мазҳаб вакилларининг диний ташкилотлари давлат қайдига олинган.

Америка ташқи ишлар вазирлиги ҳисоботини тайёрлаган шахсларнинг Тожикистонга нисбатан бу иддаосини асоссиз деб биламан, - дейди Маданият вазирлиги расмийси.

АҚШ Давлат Департаментининг 27 октябр куни ёйинланган диний эркинликлар бўйича янги ҳисоботида гарчи Тожикистон Конституциясида фуқаролар диний эркинликлари кафолатланган эса- да, ҳукуматнинг бошқа қонун ва қарорлари диний эркинликларни кескин чеклаб қўяётгани таъкидланади.

Мавлон Мухторов бу ерда гап Тожикистонда янги қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун устида бораётган бўлиши мумкинлигини билдирар экан, янги қонуннинг вазифаси ва мақсади мамлакатдаги диний ташкилотлар фаолиятини қаттиқ назоратга олиш эмаслигини таъкидлайди:

-Дин тўғрисидаги янги қонун имзоланиши бизга мамлакатдаги барча диний ташкилотларни давлат қайдидан ўтказиш имконини берди. Ўз навбатида бу ташкилотлар ҳам янги мақомга эга бўлиб, ер учун сертификат олиш ва қонун доирасида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлишди.

Мамалакатимизда мусулмонлар қаторида насронийлар, сунний мазҳаби вакиллари қаторида шиа мазҳабига эргашувчилар баравар тоат-ибодат ва бошқа шу каби диний тадбирлар билан шуғулланиб келишмоқда. Бу ерда чекланиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас, - дейди Тожикистон ҳукумати расмийси.

Аснода Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий Америка Давлат Департаментининг янги ҳисоботида мамлакатдаги диний эркинликка берилган баҳони ижобий қабул қилганини айтди:

-Тожикистонлик ҳижобли муслима қизларнинг олий маълумот олишдан маҳрум бўлиб қолаётгани, айрим диний ташкилотлар давлат қайдидан ўтказилмаётгани, аёлларимизга масжидда намоз ўқиш ҳуқуқи берилмаётгани ва шу каби кўплаб камчиликларимиз бор. Бу ҳақиқат ва Америка ҳисоботидан ташқари бизнинг партиямиз ҳам жуда кўп марта бу борада бонг уриб келган, бироқ ҳозирча “юқоридагилар” бу хатоларга панжа ортидан қарашни давом эттирмоқдалар, - дейди Муҳиддин Кабирий.

АҚШ Давлат департаментининг янги ҳисоботи муаллифларига кўра, тожик расмийлари нафақат мусулмонлар, балки мамлакатдаги хорижий ташкилотларни ҳам нишонга олган.

Душанбе шаҳридаги ҳуқуқ фаолларидан бири Пайёми Фуруғининг маълум қилишича, Тожикистон ҳукуматининг айрим мулозимлари бу мамлакатдаги кўплаб хорижий ташкилотлар вакилларини миссионерликда айблаб, турли босимлар ўтказган ва ҳозирда ҳам уларнинг аксарияти давлат томонидан назорат қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG