Линклар

"Умумий қозон" атрофидаги жанжал

  • Гулнора Равшан

Қозоғистон Тожикистон электр қувватини ноқонуний ўзлаштиришни тўхтатмаса ягона энерготизимдан чиқиши мумкин.

Қозоғистон Тожикистон электр қувватини ноқонуний ўзлаштиришни тўхтатмаса ягона энерготизимдан чиқиши мумкин.

Қозоғистон энергетика тизими масъуллари Тожикистонни Марказий Осиё “умумий электр қозонидан” 50-60 миллион киловат/соат электр қувватини ноқонуний ўзлаштирганликда айбламоқдалар.

“Тожикистон жорий йилнинг шу кунигача Марказий Осиё ягона энерготизими ёки “электр умумий қозон”идан 50 - 60 миллион киловат\соат электр қувватини ўз фойдасига ноқонуний ўзлаштирган”.

Қозоғистон энерготизими расмийларининг бу даъвоси октябр ўрталарида Қирғизистон миллий энерготизими ширкати раиси биринчи ўринбосари Мурат Дусалиев тилидан ҳам янграган эди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг Бешкекдаги мухбири билан суҳбатлашган Қирғизистон миллий энерготизими ширкати раиси биринчи ўринбосари Мурат Дусалиев айни пайтда ҳам “Барқи тожик” ширкати умумий тармоқдан электр қувватини меъёридан ортиқча олаётганини маълум қилган.

Мурат Дусалиевнинг таъкидича, минтақа давлатлари ишлаб чиқарган электр қуввати ягона энерготизим деб аталувчи умумий қозонга “қуйилади” ва ҳар бир давлат ўзига тегишли электр энергиясини ягона энерготизимдан олади.

Қирғиз расмийсининг билдиришича, бу тизимга аъзо давлатлардан ҳеч бири меъёридан ортиқ электр қувватини ўзлаштириш ҳуқуқига эга эмас.

Қозоғистоннинг Бишкекдаги элчихонаси эса “Тожикистоннинг бу ҳатти-ҳаракатига нисбатан зарур чоралар кўрилмаса, Қозоғистон ҳам Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишини билдирди”, дея хабар беради “Озодлик” радиоси тожик хизмати мухбири.

Тожикистондаги “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкат расмийлари “Қозоқлар даъвоси қанчалик асосли?” деган саволимизни очиқ қолдирди.

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазири Олим Бобоев эса Қозоғистон даъвоси ҳукуматга тегишли бўлмай, балки бу ширкатлараро можаро эканини ва у томонлар ўртасида имзоланган шартномалар асосида ҳал этилиши зарурлигини айтди.

- Агар қозоқларнинг “Барқи тожик” ширкати шу миқдор электрдан ноқоннуний фойдаланганига доир даъвоси тасдиқланса, у ҳолда мазкур ширкат ортиқча электр учун ҳақ тўлайди. Шу билан муаммо ҳал бўлади. Бунинг ҳеч бир шов-шувга сабаб бўладиган жойи йўқ,- дейди Олим Бобоев.

Аснода тожикистонлик мустақил таҳлилчилар Тожикистоннинг куз ва қиш мавсимида электрга эҳтиёжи ортишини назарга олган ҳолда “Барқи тожик”ширкатига нисбатан даъволарда асос бор бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайдилар.

Мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов Тожикистон энерготизими фаолиятида шаффофликнинг йўқлиги йилдан йилга “Барқи тожик” ширкати масъуллари ишидаги ғирромликлар”ни ошкор этаётир дея мулоҳаза юритади.

- Тожикистон Марказий Осиё ягона энерготизимидаги электрдан фойдаланишда жуда эҳтиёткор бўлиши лозим. Бусиз ҳам Тожикистон Россиядан олган электр энергияси учун қарзини тўлай олмаётир. Агар Қозоғистон ва Қирғизистон энергетиклари даъвоси ҳақиқат бўлса, буни ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиб олиш лозим.

Масалан, баҳор ва ёзда Тожикистонда электрга эҳтиёж камайганда меъёридан ортиқча фойдаланилган электр ўрнига электрини қайтариш билан бу бахсларга нуқта қўйиш мумкин.

Акс ҳолда “Барқи тожик”нинг бу ҳатти - ҳаракати Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетиш даъвосини қилган Ўзбекистон учун дастак вазифасини ўташи ва бошқа қўшниларимизнинг ҳам бизга нисбатан ишончи йўқолиши мумкин, - дейди Абдуғани Мамадазимов.
XS
SM
MD
LG