Линклар

Клинтон Эронни ҳамкорликка ундади


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Эронни ўз ядровий дастури борасида Атом энергияси халқаро агентлиги томонидан тақдим қилинган таклифларга розилик беришга чақирди.

БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлиги тақдим қилган келишувга мувофиқ Эрон ўзининг кам тўйинтирилган уранини қайта ёнилғига айлантириш учун Россия ва Францияга юборади.

Россия, Франция ва АҚШ мазкур келишув шартларига ўз розилигини билдирган.

-Кам тўйинтирилган уранни Эрон ташқарасида қайта ишлаш каби ижобий натижа берадиган ҳаракатларни биз қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ Эрон қарорини биз чексиз кута олмаймиз,-деди Исроил сафари чоғида гапирган АҚШ Давлат котиби.

Жорий ҳафта Эрон ўз ядровий дастури атрофидаги вазиятни ҳал этишга оид Атом энергияси халқаро агентлигининг таклифларига расман жавоб қайтарди. Бироқ Ғарб агентликларига кўра, Эрон томони келишувнинг асосий шартларини инкор қилган.

АҚШ ва Ғарб давлатлари агар Эрон ўз ядровий дастури борасида ҳамкорлик қилишдан бош тортса, бу давлатга нисбатан янги санкциялар жорий этилиши мумкинлиги ҳусусида огоҳлантирган.

Шанба куни эса Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод музокаралар олиб боришда ўз давлати Ғарб давлатларига ҳануз ишонмаслигини таъкидлаб, Теҳрон ядровий дастури юзасидан икки томон ўртасида олиб борилаётган сўзлашувларнинг давом эттирилишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG