Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:39

Ижтимоий сўровми ёки ҳукумат буюртмаси?


"Ижтимоий фикр" ёйинлаган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларда муаммолар йўқ.
"Ижтимоий фикр" ёйинлаган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларда муаммолар йўқ.
Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг аксар қисми мамлакат раҳбари юритаётган миллий сиёсатни қўллаб қувватлаб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларига тўлалигича амал қилинаётганини ва Ўзбекистондан ҳеч қаерга кўчиб кетмасликларини билдиришган.

Бу “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази ўтказган сўнгги сўров натижаларидир.

Асли Турмканистоннинг Илонли шаҳридан бўлган Камол Ботир бундан қирқ йил аввал Бухорога кўчиб келган.

Айни пайтда Бухоро вилоят туркман миллий маркази бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатаётган Камол ака бухоролик туркманлар бошқа миллат вакиллари билан аҳил-иноқликда яшаётганликларини билдиради:

-Мен Бухорода қирқ йилдан бери яшасам, шу давр мобайнида бирортаси менга “Сен туркмансан”, деган гапни қилмаган. Бухоро ўзи кўп миллатли жой. Бу ерда жуҳуд, ўрис, қозоқ, эрон каби жуда кўп миллат вакиллари яшайди. Бухорада ҳеч қачон миллатлар ўртасида бирор муаммо келиб чиқмаган.

Ҳозирги пайтда Бухоро вилоятида 13 минг туркман яшайди. Улар орасида ўн нафар профессор, ўттизга яқин фан номзоди бор. Бошқа нуфузли лавозимларда ишлайдиганлар ҳам кўп. Биз туркманларга давлат томонидан ёки маҳаллий ҳокимлик томонидан бирор камситиш ёки таҳқирлаш ҳолатлари умуман бўлмаган. Шахсан ўзим ҳокимиятми, милициями, хоҳлаган жойимга кириб, ишимни битказиб чиқаман, - дейди Камол Ботир.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази ўтказган янги сўров натижалари бухоролик туркман Камол Ботир фикрларига ҳамоҳанг. Сўровда қатнашганларнинг 78,5 фоизи мамлакатда миллатчилик асосида низо ва адоват қўзғовчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини билдирган.

Доимий равишда расмий Тошкент позициясига мос сўровларни ўтказганлиги боис мустақил кузатувчилар томонидан нохолисликда айбланиб келинаётган “Ижтимоий фикр”нинг миллатлараро муносабатлар масаласидаги янги сўрови танқидлардан йироқдай туюлади.

“Ижтимоий фикр” сайтида хабар қилинишича, сўровда қатнашган турли миллат вакиллари мамлакатда миллатлараро вазиятни “соғлом ва тинч”, дея баҳолаган.

Ўзбекистонлик сиёсий кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, ҳақиқатдан ҳам мамлакатда миллатлараро ҳамжиҳатлик мавжуд.

- Ўзбек ҳалқи ҳамма миллатлар билан дўст-биродар бўлиб яшашга ҳаракат қилиб келган. Ўзбекнинг бошқа дин вакилларига ҳам муносабати яхши бўлган. Фуқаролар орасида миллатлараро кескинлик умуман йўқ деса ҳам бўлади. Энди битта-яримта чиқиб қолади, у ҳам, ҳалиги, ўзини тута олмаган, асабийлашган одамлар орасида бўлиши мумкин. Лекин умумий олганда бизда миллатлараро зиддият ва низолар йўқ, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

“Ижтимоий фикр” сўровининг кейинги натижалари эса кишида кетма –кет саволлар ва шубҳалар туғилишига сабаб бўлади.

Сўровда қатнашган 93 фоиз одам Ўзбекистонни севимли ватани сифатида эъзозлашини, 95, 8 фоиз одам эса Ўзбекистон фуқароси экани билан фахрланишини билдирган. Сўралганларнинг 96,9 фоизи эса Ўзбекистондан кўчиб кетишни истамаслигини изҳор қилган.

Бу сўров натижаларига ишонилса, унда ўзбекистонлик минглаган қозоқларни Қозоғистонга бориб “Ўролман” мақоми олишга нима мажбур қилаяпти? Ёки Россияга кўчиб кетган юзлаб руслар Ўзбекистондан эмаслигини қандай инкор қилиш мумкин?

Ҳозирда оиласи билан Ўзбекистонни ташлаб чиққан қозоқ миллатига мансуб Иброҳим ал Ҳошимий Тошкентнинг Бектемир туманидаги қозоқ маҳалласида яшаган.

- Бундан йигирма йил аввал ўзимни ўзбек миллатидан айрича бир миллат вакили сифатида кўрмаганман. Тилимизда ҳам муаммо бўлмаган. Йигирма йил олдин биз ўзимиз яшайдиган қозоқ маҳалласининг йигитлари ўзбеклар билан бирга намойишга чиққанмиз. Ўшанда “Ўзбекистонда ўзбек тили расмий тил бўлсин”, деган шиор билан чиққандик.

Ўзбекларнинг мустаққилиги ўзимизнинг мустақиллигимиздай кўринган. Ҳозир эса мен Ўзбекистонни ўзимнинг ватанимдай деб ҳис қилмай қўйганман. Ўзбекистон мен учун бегона бўлиб қолди.

Шу Каримовнинг сиёсати орқасидан. Мен кетгим келди. У ерда мен Ўзбекистонга керак эмасман. Соқол қўйсам “Нега соқол қўйдинг” дейди, бирор нарса гапирсам “Сен кимсан ўзи” деб менсимайди. Бирор нарсага аралашсанг “Сен қозоқсан” дейди. Яна ўша сиёсатга бориб тақалаяпти-да, энди.

Каримовнинг сиёсатида манқуртлик бор-да. Ё ўзбекмас, ё бошқамас, ё динга таянмаган шунақа бир давлат қурилаяптики, шунинг учун одамлар иложи борича у ердан кетаяпти. Чунки у ерда қулдорлик давлати,- дейди Иброҳим ал Ҳошимий.

“Ижтимоий фикр” нинг сўнгги сўровида эса Иброҳим ал Ҳошимий қарашларига қарама-қарши фикрлар келтирилади.

Сўровда қатнашган фуқароларнинг аксар кўпчилиги “Сизга Ўзбекистон фуқароси сифатида энг кўп ёқадиган нарса нима?” деган саволга
“Мамлакат раҳбарининг миллий сиёсати” деган жавобни берган. Яъни сўров натижаларига кўра, 90, 7 фоиз одам мамлакат раҳбари тутган миллий сиёсатни қўллаб - қувватлашини билдирган.

Озодлик орқали Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари топталиши мавзуси жуда кўп бора ёритилган. Радио таҳририятига ўз ҳуқуқлари паймол қилинаётган фуқаролар мурожаати мунтазам давом этиб келаётир.

“Ижтимоий фикр” сўровида қатнашган фуқаролардан 93, 8 фоизи эса миллати ва динидан қаътий назар уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тўла амал қилинаётганини таъкидлашган.

“Ижтимоий фикр” нинг бу янги сўрови натижаларидан энсаси қотган Тошпўлат Йўлдошев айни ташкилот борасидаги кўпчиликка таниш бўлган ўша эски фикрларни такрорлайди:

-“Ижтимоий фикр” жамоат ташкилоти ўзи ҳақиқатда ҳукуматнинг барча буюртмаларини бажариб келади. Қайси рақамларни қўйгин деса ўша рақамларни қўяди ёки шу давлат тепасидаги раҳбарларга мос келадиган рақамларни чиқаришади.

Уларнинг бирор бир кўрсаткичига ишониб бўлмайди. Хусусан “Мамлакатни мен севаман” мавзусидаги сўровлари. Хўп, мамлакатни севадиган бўлса, бутун дунёни Ўзбекистон мардикорлари босиб кетди. Ўзбекистонда ҳозир ўзи асосан хотин-қизлар қолди. Эркакларнинг кўпчилиги “жонажон” ватанини ташлаб, тарк этиб бошқа ёққа чиқиб кетган. Кўпчилиги эса ўша “жонажон” ватанига қайтмайдиган бўлиб ўша ёқларда қолиб кетаяпти.

Энди ҳуқуқлар масаласига келганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари паймол қилинган энг ашаддий тузум ҳисобланади. “Ижтимоий фикр” ташкилоти “Ҳақ - ҳуқуқларим тўла таъминланган, мен хурсандман, хусусан, давлат раҳбаридан хурсандман”, деб берилган жавобларнинг барчаси ғирт ёлғоннинг ўзи. Бу ҳукумат томонидан уюштирилган тадқиқот олиб бориш услуби, - деди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG