Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:10

Карзай яна президент деб эълон қилинди


Асосий рақибининг иккинчи босқич сайловда қатнашмаслиги ҳақдаги баëноти ортида Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси сайловларнинг бекор қилиниб¸ Карзайнинг яна беш йилга президентликка қолганини эълон қилди.

Сайлов комиссиясининг бу қарорига эса¸ Карзайнинг асосий рақиби¸ собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг мамлакатда адолатли сайлов ўтказиш имкони йўқлиги юзасидан норозилик тариқасида 7 ноябрга белгиланган иккинчи давра сайловда қатнашмаслик ҳақдаги баëноти асос бўлди.

- Юзага чиққан тортишувлар сабаб ва мамлакат Конституциясининг 156 ҳамда сайлов тўғрисидаги қонуннинг 49-моддасига мувофиқ Сайлов комиссияси сайловнинг биринчи боқичида ғолиб чиққан ва иккинчи босқичдаги ягона номзод жаноб Ҳамид Карзайни мамлакатнинг сайланган президенти деб, эълон қилади, деди Мустақил сайлов комиссияси раиси Азизуллоҳ Лодин.

Сайлов комиссияси қарори эълон этилиши арафасида ҳам Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Абдуллоҳнинг сайловда қатнашишдан бош тортганига қарамай¸ мамлакатда яна бир сайлов ўтказилишига умид қилаётганини билдирган эди.

Лекин Афғонистон Мустақил сайлов комиссиясининг сайловга оид ҳар қандай қарорига бўйсунаман, дея қўшимча қилди Карзай Озодлик радиосига берган эксклюзив интервью чоғида.

Озодлик: Президент Карзай, Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг 7 ноябрга белгинган сайловнинг иккинчи босқичида қатнашмаслик қарорига муносабатингиз қандай?

Карзай: Биродаримиз Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг баёнотини эшитдим. Агар у сайловда қатнашгани¸ мен бундан бахтиёр бўлардим. Унинг сайловда қатнашиши барчамиз учун фойдали бўларди. Нима бўлганда ҳам у ўзи истаган қарорни қабул қилишга ҳақли.

Менинг фикримча, Афғонистон конституциясига амал қилиш ва конституцияда кўрсатилганидек, Афғонистонда демократик жараёнларни амалга ошириш ҳамда сайловни ўтказиш Афғонистон халқининг манфаатига хизмат қилади. Ўз конституциясига амал қиладиган миллатлар, аксини қиладиганлардан кўра муваффақиятлироқ бўлади. Мен конституцияга амал қилиш лозим, деб ҳисоблайман ва бу борада Афғонистоннинг мутассадди идоралари қабул қилган ҳар қандай қарорга бўйсунаман. Бу қарорни Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси қабул қилиши лозим. Лекин мен конституцияга тўла амал қилинган ҳолда, сайлов ўтказилишига умид қиламан. Афғонистон Сайлов комиссиясининг Афғонистон конституциясига мос бўлган ҳар қандай қарори мен учун мақбул бўлади. Шахсан мен сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши ва доктор Абдуллоҳнинг унда иштирок этишини истар эдим.

Озодлик: Сиз доктор Абдуллоҳ ўз қарорини эълон қилишидан аввал у билан учрашдингиз. Учрашувда нималар муҳокама қилинганини айтиб бера оласизми?

Карзай: Ҳа, у лутфан келди ва биз биргаликда ўтириб турли масалаларни муҳокама қилдик. Бу ўзаро шахсий суҳбат эди. Шу сабабдан бу суҳбат тафсилотларни ошкор қилишни истамаган бўлардим. Бу юзма-юз учрашув бўлди ва биз турли масалаларни муҳокама қилдик.

Шуни айтишим мумкинки, суҳбатнинг бир қисми Абдуллоҳ матбуотда эълон қилган баъзи масалалар ҳақида бўлди. Мен унга Афғонистон расмийлари ва вазирларини ишдан бўшатиш ёки вақтинча ваколатини тўхтатиш ёки Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси раҳбарига оид қарорни қабул қилишга оид масалалар қонунга кўра ҳал этилиши лозимлигини айтдим.

Менимча, Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси раҳбари ҳақиқий ватанпарвардир. Мен у билан учрашувларда ҳам, кундалик ҳаётда ҳам кўп гаплашганман. Мен уни тўла ҳурмат қиламан ва ҳаётимизнинг бу онларида, яъни иккита сайлов ўртасида турганимизда президент сайлов комиссияси раҳбарини ишдан олиш ёки уни тайинлаш ваколатига эга бўлмаслиги лозим, деб ҳисоблайман. Чунки бу номзодлардан бирининг талабига амалга оширилган бўларди. Эртага агар президентнинг ўзи нимадандир норози бўлиб бундай талабни илгари сурадиган бўлса, бундан конституциявий органларимизнинг ваколатлари ва демократия мустаҳкамланмайди. Расмий органлар ўз ишларини қила олмайди ва конституцияга амал қилинмайди ва бу менимча Афғонистонга путур етказади¸ деди якшанба куни Озодликка берган интервюсида Ҳамид Карзай.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси иккинчи босқич сайловларнинг бекор қилиниб¸ Ҳамид Карзайнинг президентлик ваколати яна 5 йилга узайтирилганини эълон қилиши арафасида БМТ Бош котиби¸ қолаверса аксар Ғарб ҳукуматлари комиссия қандай қарорга келмасин¸ уни тан олишларини маълум қилдилар.
XS
SM
MD
LG