Линклар

Сайлов қолдирилди, Карзай яна ғолиб


Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси 7 ноябрга белгиланган президент сайловининг иккинчи даврасини бекор қилиб, Ҳамид Карзайни мамлакатнинг қонуний сайланган президенти деб, эълон қилди.

- Юзага чиққан тортишувлар сабаб ва мамлакат Конституциясининг 156 ҳамда сайлов тўғрисидаги қонуннинг 49-моддасига мувофиқ Сайлов комиссияси сайловнинг биринчи боқичида ғолиб чиққан ва иккинчи босқичдаги ягона номзод жаноб Ҳамид Карзайни мамлакатнинг сайланган президенти деб, эълон қилади, деди Мустақил сайлов комиссияси раиси Азизуллоҳ Лодин.

Сайловнинг иккинчи даврасида амалдаги президент Ҳамид Карзай ва собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг ўзаро куч синашиши кутилаётган эди.

Бироқ якшанба куни Абдуллоҳ Абдуллоҳ одил сайлов ўтказилишини таъминлаш борасида қилган чақириқлари ҳукумат томонидан бажарилмаганини айтиб, сайловнинг иккинчи даврасида қатнашишдан бош тортди.

Бугун Кобулга сафар қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ўз ташкилоти Афғонистон Мустақил сайлов комиссиясининг сайлов юзасидан қабул қиладиган ҳар қандай қарорини қўллаб-қувватлаши ва ҳурмат қилажагини билдирди.
XS
SM
MD
LG