Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:32

Раҳмон 10 минг маҳбусни авф қилмоқчи


Тожикистон Конституциясининг 15 йиллиги ва 2009 йилнинг мамлакатда Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибни Содиқ йили деб эълон қилингани муносабати билан Душанбеда кенг кўламли амнистия тараддуди бормоқда.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлари 2 ноябр куни амнистияҳа оид янги қонун лойиҳасини бир овоздан тасдиқлади.

“Авф тўғрисидаги қонун” лойиҳаси билан депутатларни таништирган президент маслаҳатчиси Шерхон Салимзоданинг билдиришича, Тожикистон мустақиллигининг ўтган 18 йили бадалида бу авф тўғрисидаги 12- қонун экан.

Шерхон Салимзодага кўра, мазкур қонун асосида 10 минг киши авф этилади. “Шундан 3000 нафари бутунлай озодликка чиқарилади. Улар орасида ёш болалик аёллар, балоғат ёшига етмаган йигит қизлар, 55 ёшдан ошган дардманд аёл ва эркаклар" бор дея билдирди президент маслаҳатчиси.

Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов ўз идорасининг жорий йилги 9 ойлик иш фаолиятга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида йил бошидан бери давлат чегараларини бузганликда айбланган тахминан ўнга яқин ўзбекистонлик фуқаронинг турли муддатларга қамоққа ташланганини билдирган эди.

Тожикистон президенти маслаҳатчисининг билдиришича, мазкур қонуннинг 2-моддасига биноан барча хорижий фуқаролар авф этилади.

“Шунинг билан бирга¸- деди ҳукумат мулозими, - турли жиноятлар содир этганликда айбланиб¸ қамоқ жазосини ўтаётган маҳбуслар жазо муҳлатининг тўртдан бир қисми қисқартирилиб, ҳозирда терговда бўлиб турган кишилар ҳам бутунлай авф этилади”.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг Мудофа ва миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Абдуманнон Холиқовга кўра авф этиладиган 10 000 киши орасида ҳарбий хизматдан бўйин товлаган яна 4000 собиқ аскар ҳам бор.

- Бу галги авф тўғрисидаги қонуннинг аввалгиларидан фарқи шундаки, мазкур қонун асосида СССР, Тожикистон ССР ва Тожикистон республикаси қаҳрамони унвонига эга бўлган шахслар, эҳтиётсизлик юзасидан жиноят содир этганлар бутунлай озодликка чиқарилади. Яна бир асосий нуқта шуки бу гал кўпроқ аёллар озод этилади. Бу гал ўтган авфлардан фарқли собиқ тожик мухолифати аъзолари ҳам авфга тушади, деди парламент қуйи палатаси депутати Абдуманнон Холиқов.

Абдуманнон Холиқовнинг таъкидича, Тожикистонда давлат тўнтариши уюштиришга уринган, қасддан одам ўлдирган эркак ва аёллар бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганлар ва диний экстримистик ташкилотларга аъзоликда айбланган кишилар умуман авф этилмайди.

Шунинг билан бирга¸ - деди тожик депутати¸ - турли жиноятлар содир этган ва жазо муҳлатининг тўртдан уч қисмини ўтаган кишилар ҳам амнистияга тушади.

“Авф тўғрисидаги қонун” лойиҳаси муҳокамасида қатнашган Тожикистон Коммунистик партия раиси Шоди Шабдолов авфга тушиши айтилаётган 10 000 киши иши билан белгиланган уч ой давомида танишиб чиқиш ва қонун талабини виждонан бажариш мумкинлигига шубҳа билан қарашини айтади.

Коммунистик партия расмийсига кўра Тожикистонда шунча прокурорнинг ўзи йўқ.

- Қамоқхона бу курорт эмас, биз бюджетдан қамоқхоналарга ажратаётган маблағ маҳбусларни тўла таъминлаш учун етарли эмас. Ҳозирда қамоқхоналарда тахминан 11 минг маҳбус тиқилиб ётибди. Улардан кўпи турли юқумли касалликлар билан оғриганини кўплаб марта айтганмиз. Лекин уларни оғир шароитдан қутқарамиз деб жамиятда ижтимоий,иқтисодий муаммолар яратиб қўймас эканмизми¸ деб қўрқаман. Ўзи шусиз ҳам жамиятда мингларча ишсизлар бор. Қамоқхоналардаги аксарият маҳбуслар ҳам айнан мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий муаммолар сабабли жиноятга қўл уришганку, дейди Шоди Шабдолов.

Коммунисттик партия расмийси бирданига 10 000 кишини авф этиш хайрли қадам экани баробарида, тожик жамиятида жиноятчиликнинг кенг қулоч ёзиши учун катта имконият ҳамдир¸ дея мулоҳаза билдиради.

- Менимча давлат бирданига бунча кишини авф этишни зиммасига олмаслиги керак эди. Бу авфнинг ортидан бизни яна қанча ташвишлар кутиб турибди¸ буни билмаймиз, дейди тожик депутати.

Тожикистон парламенти қуйи палатаси матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра¸ “Авф тўғрисидаги қонун” лойиҳаси яқин кунларда президент Имомали Раҳмон томонидан имзоланиб¸ республика матбуотида нашр этилган кундан бошлаб қонун кучига киради.
XS
SM
MD
LG