Линклар

Кичик бизнес катта бўлолмаяпти

  • Сарвар Усмон

Аксар дунëда иқтисод ривожланишининг асосий унсури бўлган кичик бизнес Ўзбекистонда имкондан кўра¸ кўпроқ муаммога учрамоқда.

Аксар дунëда иқтисод ривожланишининг асосий унсури бўлган кичик бизнес Ўзбекистонда имкондан кўра¸ кўпроқ муаммога учрамоқда.

Ўзбекистон ҳукумати кичик бизнесни ривожлантириш ҳақда кўп гапириб¸ кўп қарорлар қабул қилаëтганига қарамай¸ кузатувчиларга кўра¸ кичик тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодидаги салмоғи ошай демаëтир.

Ўзбекистон 2010 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини 52,5 фоизга етказмоқчи.

Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматидан олинган маълумотга таяниб, Регнум ахборот агентлиги хабар қилди.

Хабарда келтирилган бошқа маълумотга қараганда, 2009 йилнинг 9 ойида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳажми 40,9 фоизни ташкил қилган.

Энг аввало кичик бизнеснинг ҳажмини эслайлик.

Бу ишда Фарғонадаги “Мавлоно” консалтинг фирмасининг раҳбари Маъруфжон ака ёрдам беради.

- Кичик бизнес деганда тадбиркорлик билан шуғулланувчи субъектлар тушунилади. Кичик деб аталишининг сабаби бундай хўжалик юритувчи субъектларда Ўзбекистон республикаси қонунларига кўра¸ агар адашмасам¸ 10 нафаргача одам ишласа¸ кичик бизнес субъекти бўлади¸ дейди Маъруфжон ака.

Маъруфжон ака адашмаяпти: фаолият турига қараб 5 нафардан 20 нафаргача ишчи-хизматчиси бор корхоналар микрофирмалар, 20 дан зиёд ва 100 кишигача ишчи-хизматчи ишлайдиган корхоналар кичик корхоналардир.

Бундай корхоналарнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти жуда катта¸ дейди “Мавлоно” консалтинг фирмаси раҳбари.

- Кичик бизнес илдам бўлади. Шароитга тез мослаша оладиган¸ янги техника ва технологияларни жорий эта оладиган бўлади. Айтайлик “Daewoo” корпорацияси бор. Машинанинг чироғига керак бўладиган шишасини кичик бизнес чиқариб бериши мумкин. Масалан¸ иккита-учта электрик монтëрлар кичкина фирма қилиб¸ йирик осмонўпар бинонинг электр билан боғлиқ бўлган ишларини қилиб бериши мумкин¸ дейди Маъруфжон ака.

Маъруфжон ака Ўзбекистон ҳукуматининг ялпи ички маҳсулотдаги кичик бизнес улушини 52,5 фоизга етказиш тўғрисидаги режасини олқишлайди.

Бироқ, унинг фикрича, бу ҳали оз, чунки “капиталистик мамлакатларда кичик бизнес улуши 70 фоиздан ортиқ бўлади”.

Шавкатбек Тошкентда иш юритади. Унинг хусусий микрофирмаси бор.

Шавкатбек ҳам кичик бизнес ривожи суръатини етарли эмас, деган фикрни билдирди.

- Ҳозир ўзи 40 фоиздан ортиқ деб кўрсатилаяпти. Келаси йил 52 фоизга чиқарилиши жуда кам¸ дейди Шавкатбек.

Шавкатбек, бошқача статистикага ҳам эътиборимизни қаратди: агар хўжалик юритувчи субъектлар умумий рўйхатига қаралса, ундаги субъектларнинг 80-90 фоизи микрофирмалар ва кичик корхоналар бўлиб чиқиши мумкин.

Бироқ маҳсулотнинг катта қисмини гигант корхоналар ишлаб чиқаради. Яъни кичик бизнеснинг сони кўп, салмоғи оз.

Лекин барибир, дейди Шавкатбек, кичик бизнес ривожига кўпроқ эътибор қаратиш керак, чунки аҳолини меҳнат билан таъминлаш¸ моддий рағбатлантириш томонидан олиб қарасангиз¸ кичик бизнеснинг эффектлилик тарафи гигантлардан устун.

Демак, шу нуқтада, яъни кичик бизнесни ривожлантириш керак, деган фикрда ҳукумат ҳам, бизнес вакиллари ҳам якдил.

Хўш, нима монелик қиляпти кичик бизнеснинг ривожига?

Шавкатбекнинг фикри.

- Тўсиқлар масаласида бир томондан¸ технологияга ҳам¸ тўғри ҳозир технологияга анча йўл очиб қўйилди¸ олдин олиб кириш қийин бўлган. Лекин битта нарса бор¸ шуни олиб киришда валюта муаммоси ҳали ҳам бор. Яна битта нарса жой масаласи жуда кўпчиликни ўйлантиради. Ўзбекистон қонунчилигида ер давлатники. Ер сотилмайди. Ижарага берилади ëки қурилиш учун вақтинчалик фойдаланиш учун ажратилади. Мана шу масалани ҳал қилиш керак. Тошкент шаҳрида ҳозир арзимаган ер олиш учун катта харажатлар қилиш керак. Бу давлат нимасида кўрсатилган харажатлардан анча қимматга тушиб кетаяпти. Мана шунақа кўзга кўринган ва кўринмаган сабаблар туфайли ҳамма ҳам кичик бизнесга¸ тадбиркорликка қўл уравермайди¸ дейди Шавкатбек.

Фарғоналик Маъруфжон аканинг фикрича, кичик бизнесни ривожлатириш учун давлат тўсиқларни олиб ташлаяпти, масалан, солиқ сиёсатини ҳам кейинги йилларда анча енгиллатди.

-Солиқ 10 йил олдингиларга нисбатан анча яхшиланган. Биргина нарсани айтай. Корхона ва ташкилотларнинг иш ҳақидан ходимларга агар 100 миллион иш ҳақи тўлайдиган бўлса¸ фақатгина 37¸ 3 миллион сўми ходимлар чўнтагидан эмас¸ фақат корхонанинг ўзи тўларди. Ҳозир атиги 24 га тушган. Фирма¸ корхона ва ташкилотларга жуда катта имкон берган. Озайтираяпти¸ дейди Маъруфжон ака.

Маъруфжон аканинг бу оптимизмига шерик бўлишимизга тошкентлик Мирғиёс аканинг айтганлари имкон бермайди. У кишининг куёв боласи хусусий тадбиркор. Ўзнинг микроавтобусида йўловчи ташийди.

Озодлик: Ҳукуматга неча пул тўлайди?

Мирғиëс ака: Бир йил олдин 5000 дан бошлаган. Ҳозир ҳар куни давлатга 39 минг тўлайсиз. Сизга путëвка беради.

Озодлик: Давлат путëвкадан бошқа яна нима беради?

- Ҳеч нарса бермайди. Шу линияда сиз ишлашингиз мумкин¸ деб рухсат беради. Бензин ҳам бермайди. Шундан ойлик бериши мумкин. Ойда йиғиб-йиғиб қанчадир минг беради. Ана энди ҳисобланг. Бир йил олдин 5000 бўлган бўлса¸ ҳозир 40 минг. Ҳисобласангиз¸ қанча бўлаяпти¸ саккиз баробар ошиб кетаяптими¸ дейди Мирғиëс ака.

Кичик бизнеснинг ривожига тўсиқ бўлаётган бошқа, бюрократик тўсиқлар ҳам кўп.

Оптимист суҳбатдошимиз, фарғоналик Маъруфжон аканинг "Мавлоно" консалтинг микрофирмаси шу кунда рақобатга дош беролмай ёпилиш арафасида.

Лекин фирма инқирози бундан 5-6 йил аввалги зарбадан бошланган, дейиш ҳам мумкин.

Ўша пайтда “Мавлоно” фирмаси газеталарда “Ўз бизнесингизни бошламоқчи бўлсангиз, бизга мурожаат қилинг, маслаҳат берамиз” деган мазмунда эълонлар берар эди.

Бир куни, деб эслайди Маъруфжон ака, Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Ҳамдам Тўхтасинов чақириб,

- “Сизнинг нима ҳақингиз бор одамларга фирма очишга консултация беришга?” деди. Мен “Менинг фирмамнинг уставига кўра мен маслаҳат берадиган консалтинг фирмаман. Уставимда борлиги учун қилаяпман” дедим. “Сизнинг қобилиятингиз” дейди. “Қобилиятим етганлиги учун шунча фирмалар ишлаб юрибдику” дедим¸ дейди Маъруфжон ака.

Шундан сўнг “Мавлоно” фирмаси ўзининг асосий фаолияти - бўлажак тадбиркорларга маслаҳат беришни йиғиштириб қўйишга мажбур бўлган эди.

Гап кичик бизнеснинг ривожи йўлидаги бюрократик тўсиқларга келиб тақалган экан, хоҳлайсизми-йўқми андижонлик 23 тадбиркор устидан ўтказилган суд ёдга тушаверади.

Кичик бизнеснинг 23 вакили устидан очилган жиноят иши 2005нинг 13 май воқеаси билан тугаган эдики, бу ҳақда, энди, кўп ва хўб гапирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG