Линклар

logo-print

Сўнгги беш йил давомида Россияга сафар қилган юқори лавозимли илк Британия расмийси Дэвид Милибанд россиялик ҳамкасби Лавров билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Ўта кескин ўтган бир неча йилдан сўнг Буюк Британия ва Россиянинг юқори мартабали расмийлари ўзaro алоқаларни қайта тиклаш мақсадида Москвада бир неча сўзлашув ўтказдилар.

Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд ўз ҳамкасби Сергей Лавров билан ўтган музокалардан сўнг матбуотга берган баёнотида томонлар ўртада йиғилиб қолган кўплаб масалаларни ҳал қилиш учун яқин ҳамкорлик қилиши лозимлигини таъкидлади.

- Сўзлашувлар натижаси ўлароқ , биз нафақат бир-биримизни яхши тушуна бошладик, балки ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги уринишларни жадаллаштиришга келишиб олдик, дейишимиз мумкин¸ деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазири.

Икки дипломат ўртасидаги музокараларда, асосан, Эрон, Яқин Шарқ ва Афғонистон масалаларига эътибор қаратилди. Зеро, Британия раҳбарияти айни кезда Афғонистондаги уруш ҳамда Эрон ядровий дастури бобида Россия ҳукуматининг ҳамкорлиги даражасини аниқлашга уринмоқда.

Афғонистондаги НАТО амалиётларига етказиладиган ноҳарбий юклар транзити бобида кўмак беришни ваъда қилган Москва Теҳронга қарши санкциялар бобида жуда илимилиқ муносабат билдириб келмоқда.

Айни пайтда, Милибанд билан икки кун музокара олиб борган Сергей Лавров ҳам мулоқотлар самарали бўлганини қайд этди.

- Умид қиламанки, бу сўзлашувлар биз ўзаро яқин позицияда бўлган қатор масалалар, айни пайтда, позицияларимизни яқинлаштириш устида иш олиб бораётган масалалар бўйича ҳам илгарилашда кўмак беради, деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Бироқ бир-бирига рози бўлмаслик ҳаққига рози бўлишнинг ўзиёқ томонлар ўртасида сўнгги уч йил ичида кузатилган илгари ташланган қадам сифатида баҳоланмоқда.

Уч йил муқаддам Россия хавфсизлик хизматининг собиқ зобити¸ Кремлнинг ашаддий танқидчиси Александр Литвиненко Лондонда заҳарлаб кетилганидан сўнг томонлар ўртасида муносабатлар ўта совуқлашиб кетган эди.

Британиялик терговчилар бу жиноятда Литвиненконинг собиқ ҳамкасби, ҳозирда Давлат думаси депутатлигига сайланган Андрей Луговойни гумон қилган, Россия эса уни Британияга топширишдан бош тортган ва ҳануз бош тортиб келмоқда.

Москва учрашувлари чоғида Дэвид Милибанд Британия томони Литвиненко ўлими бўйича “адолатни тиклаш йўлини излашда давом этажагини” таъкидлади.

Ўз навбатида Сергей Лавров ҳам Луговойнинг экстрадиция қилиниши конституциявий асосда рад этилганини яна бир карра урғулади.

- Биз бу масалада ҳамиша хавотиримизни изҳор қилиб келганмиз ва бу позициямиз ўзгаргани йўқ. Ишонаманки, бизнинг британиялик ҳамкасбларимиз бизнинг конституциямизни ўзгартириш талаби нореалистик эканини тушунадилар, деди Сергей Лавров.

Айни пайтда Буюк Британия ҳам Россияда иқтисодий жиноятларда айбланган тадбиркор Борис Березовский ва чечен қочқини Аҳмед Закаевни экстрадиция қилиш сўровини рад этиб келмоқда.

Москвада жойлашган Европа тадқиқотлари институти эксперти Владислав Белов АҚШ ҳукумати Россия билан муносабатларини яхшилаётган бир паллада Британиянинг Россия билан яқинлашиш истаги мутлақо табиий ҳол, деб ҳисоблайди.

- Ҳозир Америкада янги президент бор¸ бу Обама сайланиши билан қўлга киритилган янги, имкониятлар дарчасидир. Америка билан Россия ўртасидаги алоқаларнинг илгарилаши эса, менинг назаримда, унинг Европадаги яқин иттифоқчиси бўлган Буюк Британиянинг ҳам Россия билан алоқалари яқинлаштиришини тақозо қилади, дейди россиялик эксперт.

Москва ва Лондон ўртасидаги алоқаларнинг кескинлашишига, шунингдек, иқтисодий бўҳрон ҳам жиддий таъсир кўрсатган эди. Зеро, Британия Россиядаги энг йирик хорижий сармоядорлардан бири саналади.

Москвадаги “Панорама” эксперт-таҳлил маркази таҳлилчиси Владимир Приблёвскийга кўра, Россиянинг Ғарб билан муносабатлари ривожи ҳозир икки жиҳатга боғлиқ.

- Биринчидан¸ бу Ғарбнинг Россия ички муаммоларини қанчалик унутиши ва уларга эътибор бермаслигига боғлиқ. Иккинчидан эса¸ Россиянинг иқтисодий аҳволига боғлиқ. Яъни, мисол учун, нефт нархлари баланд бўлса, Кремлда ўзини Ғарб фикрига қарам эмас дея ҳис қилиш имкони пайдо бўлади, дейди россиялик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG