Линклар

Обама Карзайни табриклади


АҚШ президенти Барак Обама Ҳамид Карзайни иккинчи президентлик муддатига сайлангани билан қутлаб, уни коррупцияга қарши кураш уринишларини кучайтиришга чақирди.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси президент сайловининг иккинчи даврасини бекор қилганидан кейин Карзай иккинчи беш йиллик муддатни қўлга киритди.

Карзайнинг ягона рақиби¸ собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ сайловнинг иккинчи босқичи адолатли бўлишига ишонмаслигини айтиб, унда қатнашмаслигини эълон қилди.

Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббсга кўра, президент Обама мунозараларга сабаб бўлган Афғонистондаги сайлов жараёни якун топганидан мамнун бўлган.

- Менимча, бу ҳар жиҳатдан жуда мушкул жараён бўлди. Бу афғонлар ўзлари ўтказган биринчи сайловдир. Лекин, ўйлашимча, президент Обама, АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ва ҳар биримиз Афғонистон қонунлари ва тизимлари устун келганидан мамнун бўлишимиз мумкин, деди Оқ уй расмийси.

БМТ ҳомийлигидаги Сайлов бўйича шикоятларни ўрганиш комиссияси сайловнинг 20 августда ўтказилган биринчи даврасида асосан Карзай фойдасига қалбакилаштирувлар рўй берганини эълон қилгани боис¸ сайловнинг иккинчи босқичи 7 ноябрга белгиланган эди.
XS
SM
MD
LG