Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:33

Социализмни қўмсаш кучаймоқда


Бугун россияликларнинг қарийб 60 фоизи СССРни қўмсаб яшамоқда.
Бугун россияликларнинг қарийб 60 фоизи СССРни қўмсаб яшамоқда.

Берлин девори қулаганидан 20 йил ўтиб¸ Темир парда ортидан ҳурликка чиққан ўлкалар аҳолиси демократия ва капитализм ўз ҳаëтларига олиб кирган ўзгаришлардан кўп ҳам мамнун эмас.

Берлин девори қулаганига 20 йил тўлиши муносабати билан Pew тадқиқот маркази ўтказган янги сўров хулосаси шундан дарак беради.

Марказ Украина¸ Россия¸ Болгария¸ Венгрия¸ Словакия¸ Чехия¸ Полша¸ Литва ва собиқ шарқий Германия каби марказий ва шарқий Европанинг тўққиз давлатида махсус сўров ўтказди.

Сўнгги сўров натижалари ҳозирлангач¸ жамиятшунослар уларни айни шу мамлакатларда коммунизм қулаши ортидан 1991 йили ўтказилган бошқа бир сўров хулосаларига солиштирдилар.

Гарчи¸ сўралганларнинг аксарияти ўзларининг бундан 20 йил аввалгига қараганда анча бахтлироқ яшаëтганини айтсада¸ демократия ва капитализмдан анча ҳафсаласи пир бўлгани¸ бугун бу ғояларни кўп ҳам қўлламасликларини қўшимча қилган.

Тадқиқот хулосаларидан бирига кўра¸ мазкур ўлкаларда юз берган ўзгаришлардан ëши 50 ка етмаганлар 50 дан ошганлардан кўра хурсандроқдир.

Айни ўзгаришга нисбатан авлодлар муносабатидаги бундай тавофут¸ айниқса¸ Болгария ва Россияда катта бўлиб чиқди. Масалан¸ Россияда 65 дан ошганларнинг фақат 27 фоизигина кўп партиявий тузумдан мамнунлигини айтган бўлса¸ 18 ва 29 ëш оралиғидаги россияликларнинг 65 фоизи кўп партиявийликни қўллашини билдирган.

Pew тадқиқот маркази ўтказган янги сўров хулосасида¸ демократик ўзгаришлардан энг кўп хурсанд бўлганларнинг Чехия¸ Полша ва собиқ шарқий Германияда яшаëтгани айтилса¸ бу жараëнлардан ҳафсаласизликнинг россияликлар¸ украинлар ва болгарияликлар орасида энг кучли экани қайд этилади.

Демократия ва капитализм олиб келган ўзгаришлардан энг норозилар¸ сўров натижасига кўра¸ украиналиклар бўлиб чиқди. Агар 1991 йилги айни сўровда қатнашганларнинг 72 фоизи демократиядан мамнунлигини билдирган бўлса¸ орадан 20 йил ўтиб¸ бор-йўқ 30 фоиз сўралганларгина айни фикрда қолган. 1991 йили украиналикларнинг 52 фоизи капиталистик иқтисод тўғри¸ деган қарашда бўлса¸ бугунга келиб бундайлар сафи озайиб¸ 36 фоизга тушган.

Россияда ҳам демократия ва капитализмга муносабат кейинги 20 йил ичида анча совуқлашган ва сўралганларнинг 53 фоизи бугун ҳам ўзини демократия тарафдори¸ 50 фоизи эса¸ капитализм тарафдори эканини айтган.

Агар 1991 йили ўтказилган сўровда россияликларнинг 26 фоизи "Россия фақат руслар учун!"¸ деган миллатчилик шиорини қўллашини айтгтан бўлса¸ бугунга келиб миллатчилар даражаси 54 фоизга кўтарилган.

Бугун сўралган россияликларнинг 58 фоизи СССРнинг қулаши энг катта бахтсизлик¸ 47 фоизи Россиянинг империя бўлиши табиийдир¸ деган фикрда бўлса¸ бундай қарашдагилар совет иттифоқи қулашидан саноқли ойлар ўтиб қилинган сўровда атиги 37 фоизни ташкил қилган эди.

Коммунистик¸ бир партиявий тузум қулашидан ҳали-ҳамон афсусда юрганлар фақат руслар ëхуд украинлар эмас. Кейинги 20 йил орасида Ғарб давлатлари билан бир сафга – ҳам НАТО¸ ҳам Европа иттифоқига қўшилган венгрияликларнинг 72 фоизи ўзининг бугун социализм давридагидан ëмонроқ яшаëтганини айтган.

Венгрия билан бу борада орқама-кетин келган украиналикларнинг 62 фоизи 1991 йил – Темир парда қулаганидан аввал ўзларининг яхшироқ яшаганларини айтганлар.
XS
SM
MD
LG